1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Қалбда Ватан туйғуси

30-09-2025, 14:44 159 Ўқиш режими + -
Инсон қадр –қиммати, қалбан поклиги, ҳусни хулқи, солиҳ амаллари, имон-ихлос ва жиҳатларни меъёрига солиб турувчи тарбиячилар қаторига қўйилган отинойилар нималарга эътибор қилади?
Аллоҳ таоло инсонни ташқи суратига қараб эмас, қалбининг поклигига қараб баҳолайди ҳамда инсоннинг молу дунёсига қараб эмас, солиҳ амалига қараб тақдирлайди. Банданинг салохияти, яхши ёки ёмонлиги унинг қалбига боғлиқ.
Ибн Сийрин: “Салим қалб Аллоҳнинг ҳақлигига, қиёмат кунига шубҳа йўқлиги, Аллоҳ ўша куни кабрдагиларни тирилтиришига иймон келтирувчи қалбдир”, деган. Зеро, қалб тананинг амридир.
Соғлом турмуш тарзини яратиш, ҳар бир инсонга берилган ғанимат умрдан унумли фойдаланиш, олдин яшаб ўтган салафу солиҳлар, буюк олиму фузалолар изидан юра олиш иқтидорини шакллантиришда бурчдорлигимиз улкан. Зеро, Куръонни каримнинг “Мулк” сурасида бундай марҳамат қилинади: “У (Аллоҳ), сизларнинг қай бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир”. Мазкур  ояти каримадан инсон умри бекорга берилмагани, уни ҳуда - беҳуда ишлар, бекорчилик, дангасалик ва тамбаллик билан ўтказиш учун эмас, балки ҳайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган ҳамда охират учун заҳира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсати экани аён бўлади. Инсон умри ўлчовли. Ўтган кунларни, ҳаётингизда ўчмас из қолдирган тақдири азизларни соғиниб, қўмсаб яшашимиз бежизга эмас. Аллоҳ берган азиз умрни ўз эътиқоди ва соғлом ғоялари учун бахш этган, Ватанни саждагоҳ каби муқаддас билган салафлар, мафкура  майдонида эртанги дориломон кунлар умидида чиркинлик ва худбинлик тарафдорларининг фитналари, кину ғаразларидан қўрқмай олға босган жадид боболаримиз ҳаёти, қон билан битилган шонли тарихидан воқиф бўлишимиз лозим.
Мўминга хос бўлган барча илоҳий фазилатлар уларда бор эди. Жисман мажруҳ қилиб синдирсалар ҳам, Сибир ўрмонларида қаҳратон аёз кунлари устунга юпун боғлаб таҳқирласалар ҳам ўз миллати ва Ватанига бўлган буюк муҳаббатидан тонмаган аждодларимиз билан фахрланиш ҳиссини бошқа қалбларга ҳам кўчира олсак айни муддаодир. Улар орзу қилган замонга етишганимизга шукр.
Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, динлараро бағрикенглик,  миллатлараро тотувлик ҳамда ҳамжиҳатлик юртимиз тараққиёти йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Лекин ғоялар кураши авж олган таҳликали даврда яшаётганимиз асрда дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида ҳал этилиши зарур бўлган кўплаб муаммолар юзага келаётгани сир эмас. Кишиларнинг осуда ҳаётини издан чиқаришга қаратилган турли таҳдидларнинг илдиз отаётгани, бунинг натижасида бузғунчи ғоялар мафкура майдонини қора булут сингари  қуршаб   олаётгани барча имон – эътиқоди соф кишиларни, бизни огоҳлик ва ҳушёрликка даъват этади, албатта.
Ҳозирги кунда диний- экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя тамойиллари мазмун- моҳиятини бир ёқлама, таассубга берилиб, нотўғри изоҳлашга ва одамларни ҳидоят йўлидан адаштиришга уринаётганини қалбан огоҳлик ва закийлик ила тушунмоғимиз, тушунтирмоғимиз зарур деб биламан. Ваҳоланки, исломнинг асосий манбаларидан Куръон оятлари ва ҳадисларнинг асл моҳиятини бузиб талқин қилиниши, жамият ҳаётига таҳдид соладиган ишларни дин билан боғлашга уринишлар эса уларнинг ҳар қандай қабиҳ ишлардан қайтмаслигидан далолат эмасми!
“...Албатта, Аллоҳ золимлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай” (Моида, 51 - оят). “Аллоҳга ва охират кунига имон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва унинг пайғамбарларига муҳолифлиқ қилувчилар билан гарчи улар ўзларининг оталари ёки ўғиллари  ёки оға инилари ёки  қариндошлари бўлсалар ҳам – дўстлашаётган ҳолда топмассиз” (Мужодала, 22-оят) каби   оятларнинг зоҳирий маъносига эътибор қаратиб, бошқа - бошқа дин вакиллари билан ўзаро дўстлашган, уларга ёрдам берган ёки уларга меҳр-мухаббат кўрсатган кишиларни кофирликда, имонсизликда айблаб, ғулувга  кетганларини кўриш мумкин.
Яқин ўтмишда отинойилар сабоқ жараёнида мумтоз тасаввуфга хос гўзал аҳлоқ, юксак маънавий фазилатларни шакллантиришда кўҳна шарқнинг нуктадон алломалари ҳаёт ва ижодларига бекорга мурожаат қилишмаган. Чунки Мирзо Бедил, Фирдавсий, Алишер Навоийдек  буюк боболаримиз  асарларида комил инсон, нафс тарбияси,  Ватанпарварлик каби ғоялар  ниҳоятда закийлик ила рангин бўёқларда акс эттирилган. Халқимизнинг  асрлар давомида такомилга етиб борётган маънавий бойлиги бус-бутун ифода этилган.
Бугуннинг отинойиси қайта туғилган, янгиланиш пиллапояларидан юқори кўтарилаётган мамлакатимизнинг бир тирик ҳужайрасига айланиб, эзгулик хусусиятларини кўрсатиб бериши, кишиларнинг онгу шуурига асоссиз кириб қолаётган ёт ғоялар ва маслакларга алданмаслик учун иммунитет ҳосил қиладиган табибга айланиши керак. Босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар мақсадини аёллар ва ёшлар ўртасида бажариладиган расм-русумлар, миллий, диний – маърифий ишларни бажарадиган отинойилар тўғри талқин этишлари бугуннинг талабига айланган. Маънавий муҳитга салбий таъсир этадиган, миллий кадрият ва ҳанафийлик таълимотига зид бўлган  ғояларга қарши  тушунтириш ишлари олиб боришда кенг дунёқарашли ва аҳоли орасида обрў-эътиборга эга бўлган зиёли аёлларга ҳамиша эҳтиёж катта. Шундай экан, отинойилар давр билан ҳамқадам юриши, доимий равишда билимларини янгилаб бориши зарур деб ўйлайман.
М.Мамаюсупова,
Косон туман бош имом-хатибининг ҳотин – қизлар иши бўйича ёрдамчиси.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси