Илм ўрганиш бир лаҳзалик машаққат бўлиб,
тезда ўтиб кетади. Аммо илмни менсимаслик,
жоҳилликнинг оғриғи, машаққати умр бўйи
давом этади.
Инсон ҳаётида йўл кўрсатувчи нурлар бўлади. У нурлардан энг ёрқинларидан бири — устоздир. Илм йўли узун ва масъулиятли сафар. Ана шу сафарда устоз шогирд учун йўлбошчи, маърифат қўлланмаси ва ишончли раҳнамодир.
Ота-она фарзандини дунёга келтириб, тарбия берса, устоз уни маънавият ва илм майдонига етаклайди. Илм йўлининг бошида турган ҳар бир инсон қўлида устознинг меҳри, ақли ва сабри билан қадам ташлайди.
Кўпинча шогирд катта мақсадга етишса, сабабини сўраганда: “Мени устозим ишонди, куч-қувват берди”, дейди. Бу ҳақиқатда устознинг йўлбошчилик қудратини кўрсатади.
Бир инсон докторлик даражасига етишгач, минглаб китоблар ўқигани ҳақида гапирмасдан, биринчи навбатда устозини эслайди: “У менга йўл кўрсатмаса, манзилга етмас эдим”...
Илм йўлида устознинг маслаҳати серқиррадир. Устоз — фақат дарс ўтмайди, балки инсонни тўғри йўлга йўналтиради. Илм излашда сабр, меҳнат ва изланиш зарурлигини ўргатади. Унинг ҳар бир маслаҳати шогирд учун ҳаёт йўл харитаси кабидир.
Устоз – нур сочувчи қудратдир. Устознинг таъсири бир кунда эмас, балки умрбод ҳис қилинади. Билимли ва маърифатли авлод етишиши, жамият равнақи, миллат тараққиёти — барчаси устознинг ҳалол меҳнатига боғлиқ. Шу боис устозни илм йўлида йўлбошчи сифатида эъзозлаш ҳар биримиз учун бурчдир.
Илм йўли йўлбошчисиз бўлмайди. Устозсиз етишган инсоний камолот йўқ. Шунинг учун устозни улуғлаш — илмни улуғлаш, устозга эҳтиром — келажакка эҳтиром демакдир. Устоз — ҳақиқий маънода илм йўлининг йўлбошчисидир.
Нилуфар БердиеваХожа Бухорий ислом таълим муассасаси