1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ҚАЛБДАН ЎТГАН МЕҲР – ШОГИРД ҚАЛБИДА УМРБОД ЯШАЙДИ

1-10-2025, 07:10 290 Ўқиш режими + -
Инсон ҳаётида илм, маърифат ва тарбиянинг ўрни беқиёс. Илм эгаллаган шахс эса уни фақат ўзи учун эмас, балки шогирдлари учун ҳам манфаатли қилиб етказиши керак. Зеро, қалбдан берилган меҳр ва сидқидилдан ўргатилган илм шогирд қалбида абадий из қолдиради.
Қуръонда устоз ва илм аҳли мақтови тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръон каримда шундай марҳамат қилади:
“Аллоҳ сизлардан иймон келтирганлар ва илм берилганларни мартаба жиҳатдан юксалтирур”. (Мужодала сураси, 11-оят).
Бу оятдан англашиладики, илм аҳли – инсонларнинг қалбида нур уйғотувчи устозлар Аллоҳ ҳузурида ҳам юксак даражага эга. Уларнинг меҳр билан ўргатган ҳар бир сўзи, қилаётган ҳар бир саъй-ҳаракатлари шогирд қалбида умрбод сақланади. 
Расулуллоҳ ﷺ суннатларида устоз меҳри ўта беқиёсдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо ﷺ шундай деганлар:  “Сизларнинг яхшиларингиз – Қуръонни ўрганган ва уни бошқаларга ўргатгандир”. (Бухорий ривояти).
Демак, илмни ўргатиш фақат билим бериш эмас, балки қалбга меҳр, руҳга қувват ва ҳаётга маъно бағишлаш демакдир. Расулуллоҳ ﷺнинг ўзлари ҳам шогирдларига меҳр билан муносабатда бўлар, уларнинг қалбини тарбия қилишга катта эътибор берганлар. 
Устознинг қалбидан чиққан меҳр сўзи, ибратли амаллари шогирд қалбида умрбод из қолдиради. Шогирд йиллар ўтса-да устознинг меҳрини унутмайди, унинг дуосини эслаб юради. Бу ҳол ҳақиқий устоз ва шогирд муносабатининг буюк рамзидир.
Ҳазрати Али (р.а.)нинг шундай сўзлари бор:
“Ким менга бир ҳарф ўргатса, мен унга умрбод ғулом бўлишга тайёрман”.
Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммоднинг вафотларидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, у зотга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у зот, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.
Бу ҳикматли сўзлар устоз меҳрининг қимматини, илм ўргатишнинг абадий қадрини ёрқин намоён қилади. Устозга бўлган улкан ҳурмат ва буюк муҳаббатни кўрсатади.
Меҳр – устоз меросидир. Инсон ҳаётида моддий мерос қолиши мумкин, лекин энг буюк мерос – қалбга қўйилган меҳр ва илмдир. Устознинг қалбидан чиққан меҳр шогирд қалбида нур бўлиб ёнади, наслдан-наслга ўтиб, инсониятнинг маънавий бойлигини оширади.
Қалбдан ўтган меҳр – китоб саҳифаларида қолмайди, балки шогирд қалбида мангу яшайди. Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз ﷺ суннатлари шуни таъкидлайдики, илм аҳлининг меҳри ва қалбдан чиққан таълимоти дунё ва охират саодатига йўл очади. Устоз меҳри билан нур топган шогирд эса умр бўйи дуо ва эъзоз билан устозини эслаб яшайди. 
 
Қалбимиз изҳорин сўзлолсак агар,
Сўз етмас, поёни йўқдир меҳримиз.
Бунинг сабабини сўрасангиз гар,
Аллоҳни танишда сабабчимиз сиз.
 
Биз эдик илмсиз, нурсиз, толиққан,
Эканмиз Роббимнинг назари боққан.
Жаҳолатдан нурга етказди бизни,
Бизга устоз этиб танлади сизни.
 
Аллоҳим буюкдир, раҳмат эгаси,
Биз ожизларига раҳмат айлади.
Расулуллоҳ ﷺ Аллоҳнинг маҳбуб бандасин,
Устозлар боши деб Аллоҳ сайлади.
 
Расулуллоҳ айтдилар: “Муаллимман мен,
Дин-у, илм ўргатаман, саҳобийларим.
Сиз уларни ёйиб бутун дунёга,
Тарқатасиз, етказасиз омонатларим”.
 
Яна айтдиларки, бот-бот таъкидлаб:
“Мендан бойлик, мансаб қолмагай мерос.
Илло динни омонат этдим сизларга,
Бир оят бўлса ҳам етказинг мерос”.
 
Саҳобийлар токи тирик эканлар,
Дунё кезиб, илм-у ирфон улашиб ўтди.
Курраи заминнинг барча ерига,
Меросхўрлар сабаб дин, илм етди.
 
Расулуллоҳга ﷺ чин меросхўрликни
Аллоҳим сизларга насиб айласин.
У Зотнинг ваъдаси: илм аҳлини
Адн жаннатида бирга жамласин.
 
Сизлар бизга гўзал ибрат, ўрнаксиз,
Хулқ-атворингиздан оламиз андоз.
Илм йўли қанча мушкул бўлса ҳам,
Этагингиздан биз тутамиз, Устоз.
 
 
Аллоҳим неъмати – Устозларимиз,
Тақвода, амалда гўзал мақомда.
Муболаға эмас, чиндан гувоҳмиз,
Ҳавас қиламиз сизга ҳар онда.
 
Дарсингизда файзу сакинат топиб,
Нуқсонларимизни билиб оламиз.
Қалбимиз дардига даво йўлларин
Ўргатасиз ечимни, ўнгу сўлларин.
 
Дунёда сизларни учратди Роббим,
Умримиз сўнгигача қалбимиздасиз.
Аллоҳ Фирдавсул аъло жаннатида ҳам
Бизни жам айлаши умидидамиз.
 
Ҳеч ҳам Ҳақ йўлида хизмат қилишда
Чарчамангиз, Роббим куч-қувват берсин.
Бизга сарф қилган вақтларингизнинг
Ўрнини Аллоҳим тўлдириб берсин.
 
Аллоҳим азизу мукаррам этсин,
Барча яхшиликлар сизларга етсин.
Сизга меҳр қўйдик, Аллоҳ йўлида,
Собит қилсин Роббим ризоси йўлида.
 
Азиз мураббий, муаллимлар айёми,
Муборак айласин Қодир Раҳмонимиз.
Сизлар бор дунёда нурлар сўнмагай,
Руҳлар ҳам ўлмагай, тирикдир жонимиз.
 
Қутлуғ, гўзал байрам, шарафли кун бу,
Роббим рози бўлсин абадий мангу![1]
 
 
 
Нилуфар Бердиева
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси
 
[1] Ушбу шеър интернет сайтидан олинган бўлиб, муаллифи номи келтирилмаган.