Инсоннинг кимлиги, тарбияси ва асл қадр-қиммати кўпинча унинг тилида намоён бўлади.
Тил – бу қалбнинг таржимони, инсоннинг ички дунёсидан хабар берувчи ойнадир. Қалбида адоват, кибр ва ғийбат сақлаган кишининг тили ҳам шундай сўзлар билан тўлади. Аммо қалби пок, нияти тоза инсоннинг тили доимо эзгулик ва самимиятни таратади.
Бугунги кунда инсонларни ажратиш ва ёмон томонини излаш одат тусига айланиб бораётгани ачинарли ҳол. Аслида эса ҳар биримиз ўз тилимизни поклаб, сўзимизни яхшиликка бағишласак, бу жамиятда ҳам бирлик, ҳам меҳр ортади.
Қуръон оятларида ҳам, ҳадислар шарҳида ҳам тилни тўғри ишлатиш, бўҳтон ва ғийбатдан сақланиш кўп бора таъкидланган. Чунки оғиздан чиққан ҳар бир сўз инсоннинг иймонига ҳам, одобига ҳам далилдир.
Шу боис тилни тўғрилаш – нафақат одоб, балки динни тўғри тушунишнинг ҳам асоси. Тили тоза бўлмаган киши қалбини ҳам тоза тутиши қийин. Қалбини пок тутган эса ҳеч қачон биродарини ёмон сўз билан айбламайди, уни рад қилмайди, балки яхшиликка даъват этади.
Ўзимизни ва бошқаларни тўғри йўлга бошлашнинг энг оддий, энг таъсирли усули ҳам – бу тилимизни тўғри ишлатишдир. Биргина яхши сўз одамни қувонтиради, биргина самимий дуолар эса бутун умрга эсдалик бўлиб қолади.
Шундай экан, келинг, аввало тилимизни поклайлик, сўзимизни яхшиликка сарфлайлик. Чунки тил – қалбнинг ойнаси, қалб эса инсоннинг иймонидир.
АЛИМАРДОН КАРОМАТОВ
Китоб туманидаги “Шайхон” жоме масжиди имом-ноиби