Маълумки, пайғамбаримиз (с.а.в.) огоҳлантириб: “ Яҳудийлар 71 фирқага, наронийлар 72 фирқага бўлиниб кетган эдилар. Менинг умматим 73 фирқага бўлингайлар. Улардан биттасигина нажот топиб, омон қолурлар. қолганлари эса дўзах аҳлидандирлар” (Имом Бухорий, Термизий, муслим, Абу Довуд ривояти) деганлар.
Ҳозирги пайтда умматнинг ичида адашган фирқалар кўп. Шундай мутаассиб фирқалардан бири Салафийлик оқимидир.
“Салаф” сўзи араб тилида “олдин ўтган”, “аввал яшаган” деган маънони беради. Истилоҳий маъноси эса Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишидан кейин тахминан уч юз йил яшаб Ислом динига хизмат кўрсатган олимлар - “салафи солиҳинлар” тушунилади. Кейинги пайтларда “салафи солиҳларга эргашиш”ни ниқоб қилиб Исломий жамиятларга Исломнинг илк даврига қайтишни тарғиб қилувчи мутаассиб сохта салафий оқимлар кўп кузатилмоқда. Бу оқим вакиллари ўзлари учун 1263 – 1328 йилда яшаган Ибн Таймиянинг фикр ва қарашларини мослаштириб оладилар. Ибн Таймия ҳам ўз навбатида кескин ҳаракатлари туфайли тўрт марта зиндонга ташланган. Ўзи яшаган давр олимлари томонидан кўп танқид остига олинган. Ибн Таймиянинг фикрига кўра асрлар ўтиши билан Ислом динига турли бидъат ва хурофотлар кирган, уларни тозалаш зарур, бунинг учун жиҳод эълон қилиш керак, деган ғояни илгари сурган. Бу эса кейинги асрларда радикал сиёсий оқимларнинг пайдо бўлишига катта замин яратган.
Ибн Таймиянинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар ва валий кишиларнинг қабрини зиёрат қилиш, шунингдек, тавҳид, Аллоҳнинг макони, такфир (куфр келтириш) ва бошқа ақидавий масалаларда ашъарийлик ва мотуридийликка зид фикрлари ўша давр мусулмон уламоларининг кескин норозилигига учраб, кўплаб раддиялар битилиб, кескин кураш олиб борилган. Шундай бўлсада, бундай ғоялар кейинчалик турли мутаассиб гуруҳ ва ҳаракатлар етакчиларининг мафкурасига асос бўлиб хизмат қилган.Ислом динидаги тўрт фиқҳий мазҳабларга эргашган дин арбоблари салафийлик йўналишига қарши турадилар.
Ибн Таймиянинг жумҳур уламоларининг қарашлари ва фатволарига мухолиф қарашлари ва фатволари аллома Тожуддин Субукий (ваф: 771 ҳиж), Ибн Ҳажар Асқалоний (ваф: 852 ҳиж), Ибн Шокир Кутубий (ваф: 764 ҳиж), Ибн Ҳажар Ҳайтамий (ваф: 973 ҳиж), Мулло Али Қорий (ваф: 1016 ҳиж), Шайх Маҳмуд Кавсарий Мисрий (ваф: 1371 ҳиж), Набҳоний (ваф: 1265 ҳиж), Абу Бакр Ҳисний Димашқий (ваф: 829 ҳиж), Муҳаммад Ҳумайд Ҳанафий сингари унга қарши раддия китоблар ёзган ислом уламолари тарафидан кескин танқидларга учради.
Аллоҳ таоло барчамизни адашган фирқалардан Ўзи паноҳида асраб, дунё ва охиратда наҳот топадиган умматлардан қилсин!
Муҳаммади Қораев,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари