Ҳар бир мўъмин-мусулмон муборак зотларнинг, шунингдек, ўз ўтган яқинларининг қабрларини зиёрат қилиб, савоб топишни умид қилади. Зеро, қабр зиёрати мустаҳаб, савобли амалдир.
Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Қабрларни зиёрат қилишни истаган киши зиёрат қилсин. Чунки қабр зиёрати бизга охиратни эслатади”.
Ҳақиқатда қабрларни зиёрат қилиш қалбларни юмшатади, инсонга ўлимни ва охиратни эслатади, ғурур ва мақтанчоқликни тарк этишга сабаб бўлади, ўликлар тирикларнинг дуо ва тиловатларидан фойда олади.
Аммо зиёрат қоидаси, одоблари қандай? Киши қандай зиёрат қилса, савобга эга бўлади? Ушбу мақолада қабрларни зиёрат қилиш тартиб ва одоблари мўьтабар манбалар асосида баён этилди. Шунингдек, халқ ўртасида одат бўлган баьзи бидьат ва хурофотлар оқибати билдириб ўтилади.
Зиёратчилар амал қилишлари лозим бўлган зиёрат одоб ва тартиблари қуйидагилардир: Аввало, ниятни тўғирлаб, ихлос билан Аллоҳ учун зиёрат қилмоқ лозим, зиёрат пайтида таҳоратли бўлмоқ суннатдир, қисқа муддат бўлса ҳам дунё машғулотини тарк этиб, охиратни ўйламоқ, икки ракаат намоз ўқимоқ, зиёратгоҳда вазмин ва сокин юрмоқ, беҳуда ва баланд овозда сўзламайди, зарурий сўзларни секин ва одоб билан гапиради, қабр аҳлига салом бермоқ, оёқ томонидан бориб, маййитга яқин ва юзма – юз ўтирмоқ, қабрни сийпаш, ушлаш, тавоф қилиш ва ўпишдан қаттиқ сақланмоқ, бундай қилиш адашганларнинг одатидир, қабр бошида ўзи билган бирорта сура ёхуд оятни ўқимоқ, зиёратгоҳ ичига пойафзални ечиб кириш яхшидир, қабрларни босмаслик лозим, қабр усти маййитнинг ҳаққидир, қабрни босиш маййитнинг қорнини босиш кабидир, қабрларга суянмаслик ва қабрлар устига ўтирмаслик, чунки бундай ишлар қабр соҳибига азият беради, шовқин – сурон солмаслик, қабристонлар ҳудудида ҳожат қилмаслик, зеро, бу иш ўликларга ҳам, у ерга келган тирикларга ҳам бирдай озор беради, қабристонларда кулмаслик, қабристонларда шам ёқиш ва ўша ҳудуддуги дарахтларга ип ёки латта боғлаш каби бидьат ишлардан қаттиқ сақланмоқ, қабристонларда йиғи – сиғи қилмаслик шарт, сўрайдиган бирор нарсасини қабрдаги кишидан сўраш мутлақо мумкин эмас, бундай қилган киши қаттиқ гуноҳкор бўлади, қабристонларда емоқ-ичмоқ мумкин эмас, Ҳасан Басрий р.а. қабристонда овқат еб турган кишини кўриб: “Бу киши мунофиқдир! Зеро шу қадар ўликлар ҳузурида туриб, кўнглига қўрқув тушмас, томоғидан овқат ўтар, охиратни ўйламас”, дедилар, қабристондагиларнинг яхши сифатларини эслаш керак, зиёратдан беҳад сокин, оҳиста ва ибратланган ҳолда қайтиш лозим.
Аллоҳ таоло қилаётган зиёратларимизни қабул айласин!
: Муҳаммади Қораев
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Қашқадарё вилоятдаги вакил ўринбосари