Ислом дини динда ғулувга кетишни қоралайди. Ғулувга кетиш ошкоро ва ботиний фитналарга олиб боради. Ислом дини ошкора ва ботиний фитналардан қайтариб, ундан паноҳ тилашга буюрган диндир. Аллоҳ таоло мусулмонларни адолат ва тўғрилик йўлида бирлашишга чақиради. “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг”... (Оли Имрон, 103).
Демак, ғулувга кетиш ва ғулувга кетиш натижасида ўзаро низода ва ихтилофда бўлиш халқнинг сусташиши ва қувватининг кетиб қолишига сабаб бўлади. Биз аксинча бўлишимиз, яъни бирлашишимиз, бир ёқадан бош чиқаришимиз ва бу мустақил юртимизни турли ёт ғоя ва кучлардан кўз қорачиғимиздек асрашимиз лозим бўлади.
Ҳаким зотлардан бири айтган экан: “Бандалар Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилишларида шайтоннинг икки ҳамласига учрашлари бордир: Бири — банданинг шу амалда нуқсонга йўл қўйиши бўлса, иккинчиси — банданинг шу амалда ҳаддан ошириб юборишидир. Шайтон буларнинг қайси бирида ғолиб бўлишига парво қилмайди. Яъни, қайси бирида бўлса-да, ғолиб бўлиши унинг учун кифоядир”.
Ғулув кетиш васвасага тушиш билан баробар. Баъзи васвасага тушиб қолган кишилар ўзларича шубҳалардан тақво қиламиз деб васвасага дучор бўладилар. Аллоҳ таоло “Аниқ нарса шак билан йўққа чиқмайди” деган бир қоидани айтиб қўйган. Масалан таҳорати бор одам “таҳоратим йўқмикин” деб иккиланиши билан таҳорат кетмайди. Бундай кишиларга шайтон бошлиқ бўлиб олиб, уларни хоҳлаган куйига солади.
Ҳар бир нарсани тагига етаман дейиш ҳам ғулувдир. Баъзи бир кишлар маҳалланинг бирор кишиси издиҳомга чақирса гўшти покмикин деб тагига етишга ҳаракат қилади. Бир кун Умар ибн Хаттоб ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумолар чўлда кетаётиб бир ховузга йўлиқдилар. Амр ибн Ос ҳовуз бўйида ўтирган кишига қараб “Эй ҳовуз эгаси ҳовузинга йиртқичлар ҳам келадими” деб сўрадилар. Гўёки вахший ҳайвонларни сўлаги нажосат, улар тумшуғини тиқиб сув ичишган бўлса сув нажосат бўлади дегандиек. У киши жавоб бермасидан туриб Умар розияллоҳу анҳу “Эй ҳовуз эгаси бизга буни айтмай қўявер” дедилар. Буни шариат ҳовуздан сув ичиш ва таҳорат қилишга рухсат берганидан кейин йиртқич келган, сўлаги сувга тушганини суриштиришга ҳожат йўқ – деганидек.
Ғулувга кетиш динда ҳаддан ошган кишиларни олимликни даъво қиладиган, уламоларга қарши борадиган, ҳеч бир тажриба ёки малакасиз бўлгани ҳолда улкан ишларга аралашадиган, фақиҳлар ва раъй эгалари бўлган шахсларга мурожаат қилмайдиган қилиб қўяди. Бу нарса уларни ҳақ йўлдан оғишишга ва йироқлашишга олиб боради.
Аллоҳ таоло барчамизни динда ғулувга кетишдан асрасин!
Муҳаммади ҚОРАЕВ ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили ўринбосари