“Эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш,эзгулик кўрсатиш маъноларини англатиб,бировга бирор неъматни бериш ва фазлу-карам кўрсатиш тушунилади. Эҳсоннинг бир неча турлари бор: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиш ҳам – эҳсон, бировни кечириш ҳам – эҳсон,бошига келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам – эҳсон,ҳатто бировга яхши муомала қилиш ҳам – эҳсон.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:(Эй Муҳаммад), сиздан нима эҳсон қилишни сўрашса,”Нима эҳсон қилсангиз ҳам ота – онага ,қариндошлар,етимлар,мискинлар ва мусофирларга қилинг,қандай яхшилик қилсангиз ҳам Аллоҳ уни албатта билади”, денг. (“Бақара” сураси, 215-оят).
Дарҳақиқат бирор кишига бир нарса эҳсон қилсангиз бундан дилингиз равшан тортади,руҳий хотиржамлик юзага келади, бошқаларга фойдангиз текканлигидан хурсанд бўласиз.
Эҳсон олган киши ҳам эътибордан четда эмаслигидан,кўрсатилган яхшиликдан севинади,дилида сизга муҳаббат пайдо бўлади, агар сизга душманлиги, адовати бўлса унутади.Шу тариқа жамиятда кишилар ўртасида тотувлик,ҳурмат – эҳтиром пайдо бўлади,душманчилик барҳам топади,осайишталик ва фароғат барқарор бўлади.Энг асосийси,кимга яхшилик қилсангиз,Аллоҳ таола ҳаммасини билиб туради,эҳсонни ўзингизга бир неча баробар қилиб қайтаради.
Ҳасан Қораев.
Кўкдала тумани “Зайниддинхон” масжиди имом хатиби