Ислом дини барча мусулмонларга Қуръон ва суннатга амал қилишни фарз қилган. Аммо вақт ўтиши билан шариат масалаларида турли ижтиҳодий фарқлар вужудга келди. Бу ижтиҳодлар ичида Аҳли сунна вал жамоанинг эътироф этилган тўрт мазҳаби — Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари юзага келди.
Бир мазҳабда бўлиш — мусулмон инсоннинг фиқҳий масалаларда барқарор ва ишончли йўл тутиши учун зарур бўлган иш ҳисобланади.
Мазҳаб — бу шариатнинг амалий (фиқҳий) масалаларидаги тушунча ва ҳукмларнинг ижтиҳодий йўли, усули ҳисобланади. Ҳар бир мазҳабнинг асосчиси ўз даврида Қуръон ва суннат асосида ижтиҳод қилиб, масалаларга ечим берган.
Одатий мусулмон (муқаллид) ўзининг фиқҳий ишларини ўз билганича Қуръон ва ҳадисдан чиқариши мумкин эмас. Чунки бу билим, тажриба ва илмий маҳоратни талаб қилади. Шу сабабли, мусулмонлардан ҳар бири эътироф этилган мазҳаблардан бирида бўлиши, унга эргашиши лозим.
Ҳар ким ўзича ҳукм чиқарадиган бўлса, ислом умматида ихтилоф, тарқоқлик ва фитналар келиб чиқади. Бир мазҳабда бўлиш — бирлик ва муштаракликни сақлашга хизмат қилади.
Мазҳаб инсоннинг фиқҳдаги йўналишини аниқлаб беради, у нимага қандай йўл билан амал қилиши кераклигини тушуниб олади. Бу эса мустаҳкам эътиқод ва тўғри амал қилишга ёрдам беради.
Уламоларнинг ижмосига кўра, ҳар бир мусулмон шариатда мустаҳкам билимга эга бўлмаса, у ҳолда у ижтиҳод даражасига етган уламолардан бирига эргашиши вожиб бўлади. Демак, бир мазҳабда бўлиш вожибдир.
Имом Нававий айтадилар: “Кимки ижтиҳод даражасига етмаган бўлса, бир мазҳабга эргашиши лозим. Бу эса уни адашишдан сақлайди.”
Хулоса қиладиган бўлсак, бир мазҳабда бўлиш — шариатга тўғри амал қилиш, ўз йўлини аниқлаб олиш, адашмаслик ва ихтилофдан сақланиш учун вожиб.
Бу — ихтиёрий эмас, балки шаръий заруратдир. Ҳар бир мусулмон ўзининг амалий ҳаётида мазҳабга суянган ҳолда яшаши керак.
Бир мазҳабда бўлиш билан бирга, бошқа мазҳабларни ҳам ҳурмат қилиш лозим.
Азамат Усмонов