Фиқҳ илмининг яъни ислом ҳуқуқшунослиги илмининг энг забардаст алломаларидан бири "Бурҳониддин вал-милла" (яъни, ислом олами халқлари ва ислом динининг ҳужжати, далили, исботи дегани) номи ила шарафланган буюк фақиҳ Имом Абу-л-Ҳасан Бурҳониддин Али ибн Абу Бакр ибн Абдулжамил ал-Фарғоний ар-Риштоний ал-Марғиноний ((1123-1197) дир.
Бурҳониддин Марғиноний фиқҳий тўртта асосий мазҳаб асосчилари ва уларнинг шогирдлари яратган барча асарларни ўрганиб чиқиб ўзи ҳам фиқҳга оид бир қатор фундаментал асарлар яратган. Унинг бизгача етиб келган асарларидан "Ал-Ҳидая фи шарҳ бидаят ал-мубтади"(Бошловчилар учун дастлабки таълим асарининг шарҳи - Тўғри йўлга бошловчи китоб), "Бидаят ал-мубтади" (Бошловчилар учун илк таълим), "Кифоят ал-мунтаҳий" (Якунловчилар учун тугал таълим), "Нашр ал-мазҳаб" ("Мазҳабнинг ёйилиши"), "Китаб ал-тажнис ва-л-мазид" (Ажратиш ва илмни зиёда қилиш китоби), "Манасик ал-ҳаж" (Ҳаж арконлари), "Китаб мажму ал-навазил" (Нозил бўлган нарсалар тўплами), "Китаб ал-фараид" (Мерос ҳақидаги китоб) сингари асарлар шулар жумласидандир.
У "Китоб ул-машойих" (Шайхлар ҳақидаги китоб) асарида ўзи таълим олган 40 дан ортиқ шайх ва алломаларни санаб ўтган. Бу рўйхатда Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий, Абу ал- Асир ал-Бадавий, Абу Ёқуб ас-Саярий, Абу Исҳоқ ан-Навқадий ва Жаъфар ал- Ҳиндувонийларнинг номлари бор. Афсуски, бу манба тўғрисида биз бошқа манбалар воситачилигида биламиз, холос. Унда келтирилган маълумотлар эса ўша манбалар учун дастур бўлиб хизмат қилган.
Бурҳониддин Марғиноний "Ҳидоя" асарини ҳижрий 573 (милодий 1178) йилда Самарқандда ёзиб тугатди. Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавийнинг келтиришича, Бурҳониддин Марғиноний ўзининг "Бидоят-ал-мунтаҳий" асарининг сўз бошида "Ҳидоя"нинг яратилиши тўғрисида шундай ёзган эди: “Ироққа сафар қилганимда, “Ал-Мухтасар ал-Қудурий" (“Қудурий
қисқартмаси") ни кўрдим. У фиқҳ бобида ажойиб асар эди. Бу пайтда каттаю- кичик, барча “Жомеъ ус-Сағир" (“Кичик тўплам") дан фойдаланган эди. Шунда фиқҳга оид барча асарларни жамлаб, улардан энг зарур масалаларни олдим ва бу асарга “Бидоят ал-мунтаҳий" деб ном бердим. Кейинчалик ушбу асарга шарҳ ёзиб, уни “Кифоят ул-мунтаҳий" деб номладим". Маълумки, Бурҳониддин Марғиноний томонидан бу асар асосида янада мўъжаз бўлган, бутун ислом оламида ҳанафия мазҳабининг фиқҳ масалаларида асосий қўлланмасига айланган Ҳидоя асари яратилади.
Бурҳониддин Марғиноний ҳақида Абдулҳай Лакнавий ўзининг "ал-Фавоид ул баҳиййа фи тарожим ил ҳанафиййа" асарида шундай ёзган эди:
“Бурҳониддин Марғиноний имом, фақиҳ, муҳаддис, Қуръон муфассири бўлиб, уни ёд билган олим, фанларни йиғиб туртибга солувчи, закий, тадқиқотчи, художўй ва покдомон инсон, улуғ фақиҳ, адабиётчи, шоир, фан ва адабиётда унинг тенги йўқ”.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, аждодимиз Бурҳониддин Марғиноний томонидан қолдирилган илмий меъросни ўрганиб, улардан истеъфода этишни Аллоҳ таоло барчамизга муваффақ этсин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллик ходими