Она — ҳар бир инсон ҳаётидаги энг қадрли зот. Унинг меҳри, ғамхўрлиги ва дуоси орқали инсон улғайиб, жамиятга манфаатли шахсга айланади. Аммо онанинг меҳрининг энг кўриниб турадиган ва Аллоҳнинг мўъжизаларидан бири бўлган жиҳати — она сутидир.
Бу шунчаки болани туйинтирувчи озуқа эмас, балки Аллоҳ таоло инсонга берган беқиёс неъмат ва ҳикматли ихтиродир. Қуръон ва ҳадисларда эмизиш, она сутининг аҳамияти алоҳида таъкидланган, илм-фан эса буни далиллар билан исботлаб бермоқда.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизсинлар. Бу — ким эмизишни тўлиқ бажармоқчи бўлса..." (Бақара сураси, 233-оят)
Бу оятда икки йил эмизиш нафақат бола учун фойдали, балки она учун ҳам масъулиятли ибодат экани кўрсатилган. Яъни болани она сути билан боқиш — Аллоҳнинг буйруғига итоат қилишдир.
Она сутининг мўъжизавий хусусиятлари бор бўлиб, иммунитетни кучайтиради. Она сути янги туғилган чақалоқ учун табиий "эмлаш" вазифасини ўтайди. Унда болани инфекция ва касалликлардан ҳимоя қилувчи антиген ва антитаначалар бор.
Ақлий ривожланишга таъсир қилади. Она сутидаги махсус ёғ кислоталари боланинг мияси ва кўриш қобилиятини ривожлантиради. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, она сути билан боқилган болаларда интеллект даражаси юқорироқ бўлади.
Боланинг эҳтиёжига мос келади. Аллоҳнинг яна бир мўъжизаси — она сути ҳар бир болага алоҳида таркибда ишлаб чиқарилади. Боланинг соғлиғи, ёши ва хатто касаллигига қараб сут таркиби ўзгариши мумкин.
Эмизиш фақат озиқлантириш эмас, балки она ва бола ўртасида кучли руҳий алоқа ва муҳаббатни шакллантиради.
Исломда она сутининг маънавий қиммати бор. Ислом фиқҳида “ризоат” деган тушунча бор — яъни бир аёл болани сут билан боқса, у болага сут онасига айланади ва муайян никоҳий тақиқлар пайдо бўлади. Бу Исломда она сутининг қанчалик муқаддас эканига далил.
Бундан ташқари, она сути ҳалол, пок ва маънавий жиҳатдан таъсир қилувчи озуқа сифатида қаралади. Сут билан инсонга нафақат моддий, балки руҳий тарбия ҳам берилади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Она сути — Аллоҳнинг инсонга берган энг табиий, тоза ва мукаммал неъматларидан биридир. У боланинг соғлиғи, мия фаолияти ва руҳий ҳолатига ижобий таъсир қилади. Бу мўъжиза орқали Аллоҳ таоло ўзининг бандаларига бўлган меҳру раҳматини намоён этган.
Ҳар бир она бу неъматнинг қадрига етиши ва имкони борича фарзандини она сути билан боқиши лозим. Бу ишнинг савоби катта, таъсири эса умрбод қолади.
Аллоҳ барча оналарга сабр, соғлик ва бу неъматнинг қадрига етишни ато этсин. Омин.
Ойгул Зикирова,
Қашқадарё вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси