1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Дўст қадри

29-10-2025, 16:26 89 Ўқиш режими + -
Инсон учун берилган энг яхши неъматларнинг бири муносиб дўстдир.  Аллоҳ таоло ўзи учун дўстлашган кишиларни қиёмат куни   аршининг соясида соялантиради. Дўст дўстнинг айбларини гапиришдан, у билан талашиб тортишишдан ва дўст сирини бировга фош қилишдан тийилиши лозим. Ҳадисда: “Кимки дўстини хожатини раво қилса, унинг ҳожатини Аллоҳ таоло раво қилади. Кимки бир дўстини ғамини кетказса, уни ғамини Аллоҳ таоло кетказади. Кимки бир дўстини айбини беркитса, уни айбини Аллоҳ таоло беркитади” дейилади.
 Дўст ўз дўстининг ҳолидан хабар олиши,  дўсти касал бўлса бориб кўриши лозим. Ҳадисда: “Кимки бир касал дўстини бориб кўрса, ёки Аллоҳ учун дўстини зиёрат қилса, Нидо қилувчи унга: Сен ўзинг ва юришингни яхши қилдинг ва жаннатда ўзинг учун ўрин тайёрладинг, дейди” дейилади. 
Инсон ўз дўсти билан уч кундан ортиқ хафалашиши, гина-кудурат қилиши яхши ҳисобланмайди. Инсон ўз дўсти айбини кечириб яшаши лозимдир. Пайғамбар (с.а.в.): “Бир киши ўз дўсти билан уч кундан ортиқ гина сақлаши ҳалол эмас”дедилар. Дўстнинг ғам-ғуссасидан суюниш душманлик аломати бўлиб, у ичи қора кишиларнинг ишидир.  Пайғамбар (с.а.в.): “Дўстингни бахтсизлигига суюнма, Аллоҳ таоло унга ўз марҳаматини, кейин эса сенга эса ўз офату балосини юборади” дедилар. Ҳазрат Али айтадилар: “Дўстларнинг ёмони  дўстини тангликка солади. Муросага муҳтож қилади ва узр айитишга мажбур қилади” дедилар. 
Жалолиддин   Румий: “Ким дўстлар билан ўтириб-турса, жаҳаннам бўлса ҳам, гулзордадир. Аммо душман билан ош-қатиқ бўлган кимса гулзорда бўлса ҳам дўзахдадир. “Биз, мен” деб дўстни ранжитмаки, ҳеч ким душманинг бўлмасин! Аллоҳ йўлида халққа хайр қил ва доимо кўзингга дўст кўринсин, адоват туфайли кўнглингга  ёмон гап келмасин! Бирор кишига душман бўлдингми, ундан узоқроқ юр. Сени қадрловчи дўст билан кўриш, у билан маслаҳатлаш!” дейди.   
Дўстнинг аҳволидан хабар олиб, уни яхшилик томон чорлаб туриш ҳақиқий дўстларнинг ишидир. Инсон дўстларини душманга айланиб қолишидан эҳтиёт бўлиши лозим. Инсон учун душман битта бўлса ҳам оғирлик қилади. Бу ҳақда Али ибни Толиб: “Тўрт нарсанинг ози кўпдир. Улар: 1. Оғриқ; 2. Камбағаллик; 3. Олов; 4. Душманчилик” дейдилар. 
Дўстликнинг синови дўстнинг баъзан ўзгариб қолганлигига сабр қилиш, уни яна қайта ўз ҳолига келишига умидвор бўлишдир. Бу ҳақда: “Дўстнинг ўзгариб, аввалгидан бошқачароқ бўлиб қолса,  уни шу сабабдан тарк қилма. Чунки дўстнинг бир эгри, бир тўғри бўлиши бор” дейилади.   Дўстнинг хато қилганидан хафа бўлиб, ундан алоқани узмаслик лозим. Дўст хато қилса ҳам, уни кечириб, уни яна тўғри бўлишига умидвор бўлиш лозим.
Дўстдан айб қидирган одамнинг дўстлари бўлиши қийин, чунки беайб парвардигордир. Инсон бошқа инсонлар билан бўлган дўстлигини мустаҳкамлаб бориши лозим. Дўстлар билан очиқ юз билан қўл ушлашиб кўришиш, уларга совға саломлар бериш, инсонлар орасидаги меҳр-муҳаббатни, дўстликни мустаҳкамлайди.  Ҳадисда: “Ўзаро қўл ушлашиб кўришинглар нафрат кетади. Ўзаро ҳадя улашинглар бир-бирларингизга меҳр –муҳуббат уйғонади”дейилади.
Инсонлар бир-бирлари билан дўстлашганларида ўзаро меҳр-муҳаббатни кучайтирадилар. Инсонларнинг дўстлиги эса жамият кишилари орасида хотиржамлик, ўзаро иноқликни таъминлайди. 
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими