1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

БИР КИТОБ – ЮЗ ҲАЁТ ТАЖРИБАСИДИР...

3-11-2025, 09:22 153 Ўқиш режими + -
(Бу сўзлар шунчаки шиор эмас, балки ҳаёт ҳақиқатидир)
 
Бир китоб ўқиш – бир ҳаётни яшаш, юз китоб ўқиш – юз ҳаётни ҳис қилиш демакдир.
 
Ҳар бир китоб – бу бир ҳаёт. Унда бир инсоннинг тажрибаси, фикрлари, ҳиссиётлари ва изланишлари мужассам. Китоб ўқиш – бу фақат маълумот олиш эмас, балки қалбни тарбиялаш, руҳни озиқлантириш, ҳаётга янги нигоҳ билан қараш демакдир.  
“Китоб – инсоннинг энг яқин дўсти, энг содиқ маслаҳатгўйи ва энг буюк устозидир”. 
Бу сўзлар ҳар бир китобхон қалбида алоҳида жой эгаллайди. Китоб – бу фақат қоғоздаги ҳарфлар эмас, балки у ҳаётнинг ўзи, тажрибанинг жамланмаси, ақл ва қалбнинг уйғунлигидир. Бир китобни ўқиш – юзлаб инсонларнинг ҳаётини яшаш, уларнинг хато ва муваффақиятларидан сабоқ олиш демакдир. 
Китоб ўқиш – илм талаб қилишнинг энг самарали ва бардавом йўлидир. Ҳар бир китоб – бу бир ҳаёт мактаби. У инсонни нафақат билимли, балки маънавиятли, сабрли ва ҳушёр қилади. 
Ҳар бир муваффақиятли инсоннинг ортида китоблар бор. Илм-фан, технология санъат, сиёсат – барчасининг илдизи китобда. Китоб инсонни танқидий фикрлашга, муаммоларни ечишга, ўзини англашга ўргатади. Бугунги замонда ахборот оқими шиддат билан ўсиб бормоқда. Интернет, ижтимоий тармоқлар, медиа – буларнинг барчаси маълумот манбаи. Аммо ҳақиқий билим, чуқур фикр ва ҳаёт тажрибаси фақат китобда мужассам.
“Китоблар – ўтмиш билан келажакни боғловчи кўприкдир” – Карл Саган.
Китоб ўқиш орқали биз бошқаларнинг ҳаётини яшаймиз, уларнинг хато ва муваффақиятларидан сабоқ оламиз. Бу эса ўз ҳаётимизда тўғри қарорлар қабул қилишга ёрдам беради. Китоб инсонни фикрлашга, таҳлил қилишга, ўзини англашга ўргатади. У инсонни бошқаларнинг ҳаётига шўнғишга, уларнинг ҳиссиётларини ҳис қилишга ундайди. Бу эса инсонийликни, ҳамдардлик ва маънавий бойликни шакллантиради.
Динимизда илм ва китобга бўлган эътибор беқиёсдир. Қуръони Карим – инсониятга нозил қилинган энг улуғ китоб. Қуръони каримнинг илк ояти ҳам айнан илмга боғлиқлигини кўришимиз мумкин. Унинг илк оятида Аллоҳ шундай дейди:
“Иқро!” – “Ўқи! Яратган Роббинг номидан ўқи!” (Алақ сураси, 1-оят).
Бу буюк амр инсонни ўқишга, ўрганишга, фикрлашга, тафаккур ва тадаббур қилишга ундайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳам илмга бўлган муҳаббат билан тўла бўлган. У зотнинг ҳадисларида шундай дейилади: “Олимнинг қалами шаҳиднинг қонидан афзалдир”. Бу сўзлар илм ва китобнинг исломда қандай юксак ўринда эканини кўрсатади. Китоб ўқиш – бу ибодат, бу маърифат, бу қалбни нур билан тўлдиришдир. 
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай деганлар: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарздир” (Ибн Можа ривояти).
Китоб – қалбнинг тарбияси ва руҳий озуқаси ҳисобланади. Ҳар бир инсон хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин ҳаётида руҳий тушкунлик, саволлар, иккиланишлар бўлади. Ана шундай пайтларда китоб инсонга тасалли, йўл-йўриқ ва умид беради. Хусусан, тасаввуф, ҳикмат ва маърифатга оид китоблар қалбни поклайди, руҳни озиқлантиради. 
“Китоб ўқимаган инсон – ёпиқ гулдек, у ҳеч қачон тўлиқ очилмайди” – Румий. 
Китоблар орқали биз ўзимизни англаймиз, ҳаётнинг моҳиятини тушунамиз, сабр, шукр, муҳаббат, кечиримлилик каби инсоний фазилатларни ўзлаштирамиз. Чунки ҳар бир – китоб бир нур, ҳар бир китоб – бу бир шамчироқдир. У зулматда йўл кўрсатади, адашмасликка ёрдам беради. Китоб ўқиш – бу ўз устида ишлаш, ўзини тарбиялаш, ҳаётни яхшироқ англаш демакдир.
Ҳаётда шундай пайтлар бўладики, инсон ўзини йўқотади, саволлар кўпайиб кетади. Ана шундай пайтда китоб инсонга тасалли беради. Хусусан, тасаввуф ва ҳикматга оид асарлар қалбни поклайди, руҳни тинчлантиради. Бир сўз билан Имом Ғаззолий ҳазратлари айтганларидек, “Китоб – бу қалбнинг дориси, ақлнинг чароғидир” .
Румий, Аттор, Навоий, Баҳовиддин Нақшбанд каби зотларнинг асарлари инсонни нафақат илмга, балки муҳаббатга, сабрга, шукрга чорлайди.
Роберт Грин айтганидек, “Китоб ўқимаган инсон – бир кун яшайди. Китоб ўқиган инсон – юз ҳаётни яшайди.”
Китоб – энг буюк самоя ҳамдир. Чунки у моддий эмас, маънавий сармоядир. У инсоннинг ақлини, қалбини ва руҳини бой қилади. Унинг таъсири йиллар ўтиб ҳам йўқолмайди. Шунинг учун ҳам китоб ўқишни одатга айлантириш ўзимизга ва келажагимизга қиладиган энг яхши саромоядир.
Ҳар бир китоб – бу юзлаб ҳаётларнинг жамланмаси. Унда инсоннинг изтироби, орзуси, изланиши ва топган ҳақиқати мужассам. Китоб ўқиш – бу ўзингни қайта кашф этиш, ўз ҳаётингни маъноли қилиш демакдир. Бир китоб ўқиш – бир ҳаётни яшаш, юз китоб ўқиш – юз ҳаётни ҳис қилиш демакдир. 
Бир сўз билан ифодалаганда, китоб – энг буюк сафар! Унда йўлбошчи ҳам, йўл ҳам, манзил ҳам бор. У инсонни танишга, англашга, камолотга етаклайди. Шунинг учун ҳам сўз аввалида, “Бир китоб – юз ҳаёт тажрибаси!” номи билан бошлаш, бу шунчаки шиор эмас эди балки, ҳаётнинг асли ҳақиқатидир. Бу сўзлар сизнинг ҳаётингизда ҳам ҳақиқатга айлансин.
 
Нилуфар БЕРДИЕВА
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муасассаси
Ўқув-услубий бўлим бошлиғи