Исломда илмнинг ибодат сифатидаги мақоми ўта беқиёсдир.
Илм – энг улуғ ибодатлардан бири! Динимизда илм олиш фақат дунёвий манфаат учун эмас, балки Аллоҳнинг розилигини топиш учун қилинган амал сифатида қаралади. Қуръони Каримда шундай дейилади:
“Айтинг: Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладими?” (Зумар сураси, 9-оят).
Бу оятда илм эгаларига бўлган юксак мақом кўрсатилган.
Одам маймунсифат, ҳеч нарсани билмайдиган маданиятсиз ҳолда яратилмаган. Аллоҳ одамни илмли қилиб яратган. Аллоҳ таборак ва таоло Иброҳим алайҳиссаломга: “Эй Иброҳим, мен олимман ва олимларни яхши кўраман”, деб марҳамат қилган. Жоҳиллик Одам болаларида кейинчалик пайдо бўлган. Одам кўз, тил ва қалб билан ҳайвонлардан фарқланади. Айрим ҳайвонларнинг кўзлари пиёладек келади, боши ҳам шунга яраша катта бўлади. Аммо улар ўқиш ва илм олиш фазилатидан маҳрумлар. Азиз ва Жалил Аллоҳ махлуқотларидан инсонгагина илмни раво кўрди. Ҳеч қайси махлуққа бермаган маърифат кийимларини Одам болаларига насиб этди. Донишманд: “Хотинлар ипак кийимларини безанмоқ учун эмас, балки ўз гўзалликларини қўримоқ учун киядилар”, деган экан. Одам ўз инсоний қиёфасини асраши учун ҳикмат ва маърифат либосини кийиши шарт. Баъзилар қилиб қўйган номаъқул ишлари учун нолиб, “мени шайтон йўлдан урди”, дейдилар. Шайтон йўлдан оздиргани рост. Аммо билмоқ лозим: шайтон алайҳилаъна илмли одамни, айниқса, илмига тўла амал қилувчи одамни йўлдан оздира олмайди. Илмга интилган киши энг яхши инсондир. Илмдан юз ўгириш – инсонийликдан юз ўгириш демак. Чунки илм – инсонийлик тожи ҳисобланади. Инсон илм билан шараф топади. Мол-мулк эса жоҳилнинг ғурурланадиган матоҳидир. Илм одамни юксалтириб, ундан ёдгорлик қолдиради.
Яна бир ҳикмат бор: ҳазрати Одам –
Билим, ақлу идрок сабаб муҳтарам.
“Қутадғу билиг”даги бу байт бизнинг аждодимиз ким эканини эслатиб турмайдими? Тарихдан аёнки, Одам болалари ер юзида пайдо бўлган дастлабки пайтларданоқ илм сари, ўрганиш сари интилганлар. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу дейдиларки: “Жаннатга кириш ҳайратланарли муваффақият эмас, маърифат – дунёнинг ўзида жаннатга эришиш демакдир”. Ўқув-идрок қоронғи тундаги машъалага ўхшайди. Билим эса машъаладан таралаётган нурга қиёс. У кишини ёритади, унга рўшнолик беради. Ҳар қандай ҳурмат кишининг ўқув-идрокидан келади. Ўқув-идроксиз киши бир ҳовуч кепак билан тенг, дейдилар. Заковат – ўзаро онт ичишиб дўстлашган кишиларга ўхшаса, билим яқин қариндошларга ўхшайди. Буни дилга тугиб олмоқ фойдалидир. Дўст-оғайнилар, қариндош-уруғлар даврасидаги киши ўзини дадил сезади. Шундай экан, билимсизлар-чи? “Сўзни билимдон кишига сўзлаш керак, билимсизнинг тилини тушуниш қийин”, деб бекорга айтмаганлар.
Билим – мисоли бир жилов, у одамни барча ёмон, ярамас ишлардан тийиб туради. Илм эгаси ўз тилакларини топади, орзу мақсадларга эришади. Ақл-идрок эгаларининг нафи ҳар доим кўпчиликка тегиб туради. Билимлилар элда азиз бўладилар. Ҳурмат қозонадилар. Бутун ишлар ўқув-идрок билан амалга ошади. Барча мураккаб ишлар билим билан ҳал этилади. Билимсиз кишилар – доноларнинг душмани. Билимсиз доимо доноларга хорлик тилайди. Бу улар кўнглининг туб-тубига чўкиб ётган ҳасад аломати. Илмсиз одам сўқирга ўхшайдики, уни камситиб, четга суриб ташлаш инсофдан эмас. Балки кўр кўзни очиш учун билимдон илм хазинасидан унга нур бериши лозимдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳи алайҳи васаллам эса шундай марҳамат қилганлар:
Имом Ғаззолий ўз асарларида таъкидлайди: “Илмсиз қилинган ибодат – жонсиз танадир. Илм билан қилинган ибодат эса нурли ва самаралидир”. Яъни, илм инсонга ибодатни тўғри, ихлос билан ва маърифатли тарзда бажаришни ўргатади. Масалан, намозда қироат, дуоларни англаш, рўзада ният ва сабрни тушуниши – буларнинг барчаси илм орқали мукаммал бўлади.
Илм нафақат ақлни, балки қалбни ҳам тарбиялайди. У инсонни кибрдан, жаҳолатдан, бидъатдан сақлайди. Имом Шофеъий шундай деганлар: “Илм – қалбнинг ҳаёти, жаҳолат – унинг ўлими”. Илм орқали инсон ўзини англайди, ҳаётнинг мақсадини тушунади. Бу эса энг юксак ибодат – тафаккур ва маърифатга етаклайди. Илм эгалари Аллоҳнинг маҳбуб бандалари ҳисобланадилар. Қуръонда шундай оят бор: “Аллоҳдан фақат олим бандалар қўрқадилар” (Фотир сураси, 28-оят). Бу оятда илм эгаларига бўлган юксак мақом кўрсатилган. Чунки улар Аллоҳнинг азамати ва кудратини англайдилар, Унга ихлос билан ибодат қиладилар. Бу оят — Қуръони Каримнинг энг таъсирли ва маънавий жиҳатдан чуқур оятларидан бири. У инсонни илмга, тафаккурга ва қалбдаги ҳақиқий тақвога чорлайди. Аллоҳ таоло Ўзининг оятида ҳақиқий тақво эгалари кимлар эканини баён қилмоқда. У зот шундай дейди: Фақат илм эгалари — яъни Аллоҳнинг кудрати, яратиши, ҳикмати ва адолатини англаган инсонларгина Ундан ҳақиқий маънода қўрқадилар. Бу ердаги “қўрқиш” сўзи фақатгина хавф эмас, балки тақво, эҳтиром, ихлос ва Аллоҳнинг розилигини йўқотишдан чўчиш маъноларини қамраб олади.
Бир сўз билан ифодалаганда, илм – ибодатнинг қалби ҳисобланади. Илм – нур, ибодат – шу нурнинг амали. Иккаласи бирга бўлса, инсон комиллика етади.
Нилуфар БЕРДИЕВА
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муасассаси
Ўқув-услубий бўлим бошлиғи