Эътиқод софлиги ҳар бир мусулмон учун ўта муҳимдир.
Соғлом эътиқод кишини доимо Роббисига ибодат қилишга чорлаб туради. Чунки эътиқодий ҳукмлар ва амалий ҳукмлар пойдевор ва унинг устига қурилган бинодек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун ҳам эътиқодий ҳукмларга қалб боғланмасдан туриб амалий ҳукмларни ҳаётга тўғри татбиқ этиб бўлмайди.
Динда ғулувга кетиш ҳам эътиқод борасидаги етарли билимга эга бўлмаганлик натижасидир. Диндаги ғулувнинг энг ёмони – етарли шаръий илми бўлмаган ҳолда Қуръони карим ва ҳадисдан ўзича ҳукм олиш, суннатга ўзича амал қилиш, аҳли суннатда мавжуд тўрт мазҳабдан бирортасини ҳам эътироф этмасликдир. Буларнинг бари кишининг залолатига сабаб бўлади.
Эътиқодни нотўғри танлашнинг салбий оқибатларидан яна бири динни жуда ҳам енгил олиб, шаръий аҳкомларни тўғри бажаришни ортга суришдир. Бунинг ҳар иккиси ҳам нотўғридир.
Демак дунёда бахтли ҳаёт кечириб охиратда жаннатга киришни хоҳлаган инсон албатта соғлом эътиқодни ўрганиши ва унинг тақозосига кўра яшаши лозимдир.
Арслон Бозоров,
Қарши тумани “ Бурҳониддин” масжиди имоми