Ҳамжиҳат бўлайлик!
Башарият шу кунгача жуда кўп синовларни бошдан ўтказди. Жумладан, халқимиз ҳам. Даҳшатли қатағон даври, мустақилликнинг илк йилларидаги воқеалар – барчасини мардонавор, оқиллик билан енгиб ўтдик. Бугун дунё аҳлини бесаранжом қилиб қўйган коронавирус инфекцияси ҳам ана шундай синовлардан бири. Айни шу синовли кунларда биздан сўралаётгани қўйилаётган талаб ва қоидаларга тўлиғича бўйсуниб, санитария-гигиена талабларига қатъий тарзда риоя қилиш натижасида ўзимиз ва оила аъзоларимизни инфекция юқишидан ҳимоя қилиш. Бу – синов, синов пайтида эса инсоннинг асл қиёфаси қандайлиги кўринади. Ақл ва хотиржамлик билан иш тутайлик. Ана шунда ҳар қандай балони даф бўлишида Яратганнинг ўзи бизга мададкор бўлади.
Айни пайтда дунёдаги кўплаб давлатлар қаторида бизнинг ҳам бошимизга келган бу синов ва имтиҳон пайтида давлатимиз томонидан сиз-у бизнинг ғамимизни еб, хавфсизлик чоралари сифатида айтилаётган тавсияларига биз, шу юрт фуқаролари сўзсиз бўйсунишимиз шарт.
Бугун Ўзбекистон мусулмонлар идораси Уламолар Кенгашининг карантин талабларига қатъий риоя этиш бўйича мурожаати эълон қилинди. Мурожаатда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 23 мартдан жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга «огоҳлантириш» берилиши, 25 март кунидан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари (223 минг сўм) миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари (669 минг сўм) миқдорида жарима қўлланилиши айтилди.
Бугун барчамиз ишларда кўпчилик томонидан сайланган раҳбарларга, ҳукуматга бўйсунишимизнинг лозимлиги Ислом манбаларида баён қилинган. Қуръони каримда бундай баён қилинади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) ишбошиларга итоат этингиз!” (Нисо сураси, 59-оят).
Маълум бўладики, мусулмон киши, аввало, Аллоҳ таоло ва Унинг расулига тўла таслим бўлиб, дин ва дунё ишларидаги ишбошиларга, агар улар гуноҳга буюрмасалар, итоат этиши вожиб бўлади.
Ислом уламолари “Мусулмон, моҳир, тақводор табибнинг хабари ила қилинадиган муолажа фарз айн даражасигача кўтарилади”, дейдилар. Демак, Ислом динида итоат қилиш ибодат даражасига кўтарилган ва мўмин-мусулмонлар айни ҳозирги ҳолатда табиблар кўрсатмаларига қатъий риоя этишлари жуда ҳам зарур.
Инсон карантин ва чекловни бузиши ёки касаллик ўчоғига борганлик, беморлар билан мулоқотда бўлганликни яшириши нафақат ўзи, балки жамият учун ҳам катта хавфдир. Масалан, жорий йилнинг 15 мартидан 23 март кунига қадар юртимизда ушбу касаллик 46 нафар шахсларда аниқланган бўлса, касалларнинг 16 нафари 1 бемор билан мулоқотда бўлганлар. Демак, бундай вазиятда энг асосийси, ўзаро мулоқотни камайтириш, касаллик юқишининг олдини олиш борасидаги тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилишдир.
Таҳлилчилар таъкидлашича, Италия давлатида коронавирус кенг тарқалишининг асосий сабаблари – карантин чораларини татбиқ этмаслик, жамоат транспортлари ва жойлардаги ҳаракатларни чекламаслик ҳамда соҳа мутахассислари фикрларига қулоқ солмасликдир.
Бугун карантин қоидаларига зид ҳаракатларни содир этаётган фуқаролар республика махсус комиссияси томонидан белгиланган чораларни қўпол равишда бузишлари баробарида, аввало ўзлари ва яқинларини хатарга қўяётганликлари, юртдошларимиз орасида вирус тарқалишига сабабчи бўлиб қолишлари мумкинлигини теран англаб етишлари ҳамда бу каби ишларга қўл урмасликлари зарур.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касал туялари бор киши уларни соғлом туялари бор кишининг туялари олдига келтирмасин”, деб таъкидлаганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Соғлиқни сақлаш мутахассислари фикрига кўра, ижтимоий масофаланиш – коронавирус тарқалишининг олдини олишда энг муҳим чора экан. Жамоат жойларида аҳолининг ўзаро яқин масофада бўлишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда.
Муҳаққиқ уламолар бир овоздан тасдиқлайдиларки, “воқеъ бўлиши яқин ҳодиса воқеъ бўлгандек эътибор қилинади” ва “бадан соғлиги Ислом шариатининг энг катта мақсад ва кўзлаган муддаоларидан бири”дир.
Ҳар бир иш Аллоҳнинг изни билан содир бўлади. Касаллик ва бошқа хатарларнинг келиши ҳам шулар жумласидан. Инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган. Бундай вазиятда ҳиссиётга берилиш билан иш битмайди, соҳа мутахассисларининг сўзларига қулоқ солиш керак. Чунки вазиятни улар бошқалардан кўра яхшироқ билади, хатарни олдиндан кўриб, ҳис қилади.
Италиялик бир шифокор: "12-13 соат ишдан кейин уйимга келганимда, кўчада кўп одамлар сайр қилаётганини кўриб жуда хафа бўламан. Ёши улуғ отахонлар тўхтаб гаплашиб туришади, иккита учта маҳсулот учун дўконга ҳар куни боришади. Ўша 2 ҳафта олдин Милан шаҳридаги Навилья районида одам гавжум бўлгани учун, ўша қуёшли ажойиб кун учун одамларнинг ўлими билан ҳақ тўлаяпмиз. Бундай сайрлар тугамагунча, яна ўлимлар бўлаверади. Уйда қолинг, илтимос. Ўзингиз учун, яқинларингиз учун, биз учун уйда қолинг", дея мурожаат қилгани ҳам барчамизни бугунги синовли кунларда янада ҳушёрликка чорлаб туриши керак.
Уламолар Кенгаши барчага соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари берган кўрсатмаларга риоя қилиш ва жамият соғлигини сақлаш йўлида ўзаро ҳамкорлик қилишни тавсия этади. Аллоҳ Таъоло: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилманг!” (Моида сураси, 2-оят), деган. Ушбу карантин чораларига амал қилиш яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишдир. Шунингдек, бунда шариат буюрганидек аввал Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолога таваккал қилиб, кейин сабабларни ушлаш ҳам бор. Касалликка қарши туриш, ундан ҳимояланиш, эҳтиёт чораларини кўриш шаръан талаб қилинган ишлардандир. Аксинча, сабабларни тарк қилиб, ўзини ҳалокатга қўйиш, ноўрин таваккалчилик қилиш шаръан тақиқланган ишлардандир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Ўзларингизни ҳалокатга дучор қилманглар!” – (Бақара сураси, 195-оят) деб марҳамат қилган
Албатта, ҳамманинг нияти яхши. Барчанинг мақсади бир. Тезроқ ушбу касалликни бартараф этиш. Бу яхши албатта. Азизлар! Бугун республика махсус комиссияси томонидан халққа чет элга чиқмасликни, уйдан ташқарига чиқмасликни, жамоат жойларга бормаслик қаттиқ тавсия қилиняпти. Бундайин қарорлар аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига, катта-катта саҳобаларнинг раъйларига, халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шом диёрларида вабо тарқалганида қилган ишига мувофиқ қарордир! Ўзимизни ҳам, яқинларимизни ҳам соғлигини хавф остида қолдирмайлик, бор имкониятимиз билан Уламолар Кенгаши мурожаатида таъкидланган карантин қоидаларига амал қилайлик!
М. Қораев
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги
вакиллиги етакчи мутахассиси