Мақолани ўқишдан аввал биз аслида “фазилат” нима эканлигини билиб олсак, шунда бу сўзни қидиришга ва уни амалга оширишга ҳаракат қиламиз. “Фазилат” араб тилидаги сўз бўлиб, ўзбек тилига таржима қилсак “олий сифат, қадр – қиммат, юксак баҳо” каби маъноларни билдиради. Демак, биз амалга оширган ишларни қай бирида фазилат бўлса, Аллоҳ таоло уни юксак даражада мукофатлайди яъни, оз ибодатга кўп ажр ва савоб деганидир. Аллоҳга шукурлар ва ҳамдлар бўлсинки, давлатимиз раҳбарининг одилона ва оқилона олиб бораётган саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон фуқаролари учун энг буюк неъматлардан саналмиш Қуръон тиловати неъмати амалда жорий бўлди. Юртимиз ҳар жабҳада ривожланиб кундан-кунга янги натижаларга эришмоқда. Шу жумладан нафақат фуқароларнинг дунёвий ҳожатлари балки, ухровий ҳожатлари ҳам назардан четда қолмасдан амалда ўз натижасини кўрсатмоқда. Бу ишларни ҳаммаси инсон учун хизмат қилади ва инсонларни Ўзбекистонда қандай миллат бўлишлигидан қатъий назар бемалол қонун доирасида ибодатни амалга ошириш ҳуқуқига эга эканлигини намоён қилади. Ҳозида ҳар бир хонадонга кирсангиз Аллоҳнинг каломи борлигини гувоҳи бўламиз. Бу ҳам аслида бир фазилат ва неъмат аслида... Савол туғилади ҳар кимни хонадонидаги Қуръон осмондан тушдими ёки ердан чиқдими? Бу Қуръон ҳам Президентимизнинг ташаббуслари билан “Умра” зиёратини йўлга қўйиб йил бўйи борса ҳам имконият яратиб берганлигидан Аллоҳнинг каломи Ўзбекистон фуқароларининг хонадонларига кириб келди. Ота-боболаримиз орзу қилиб ҳатто тушларида ҳам кўрмаган бу неъмат бизларга насиб қилди. Аллоҳ бу неъматни даври қиёматгача насиб айласин. Бу ишларни бошида турган давлатимиз раҳбарини ва у кишини атрофида турган мутасадди раҳбарларни ҳам Аллоҳимнинг Ўзи асрасин ва икки дунё саодатига мушарраф айласин. Демак, фуқароларимиз ибодатда қоим бўлиб, шукронавий неъматда бўлиб турмоғи лозим. Шундай ибодатлар туркумига кирувчи Қуръон тиловатини ўзига хос фазилатларини зикр қилиб ўтамиз.
Қуръон Карим одамзотни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга, куфрдан иймонга, торликдан кенгликка, маҳзунликдан хурсандчиликка, безовталикдан хотиржамликка олиб чиқадиган Аллоҳнинг каломидир. Унинг фазли билан бошқа сўзларнинг фазли Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтганларидек: “Аллоҳнинг сўзи билан банданинг сўзи орасидаги фазлнинг фарқичаликдир”деганлар. Нисо сурасининг 174-оятида Қуръон ҳақида шундай дейилган: "Сизларга равшан нур (Қуръон)ни нозил этдик".
Ушбу оятда айтилганидек, Қуръон нурдир. Ким унга эргашса, Қуръон унинг йўлини ёритиб боради. Ибн Ҳиббон раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Қуръон бу дунёда мўминга нур ва қиёмат кунида савобга муҳтож бўладиган пайтда заҳира бўлиши айтилган: Буюк саҳобийлардан бўлган Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Бир куни мен: "Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг", дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳга тақво қил, чунки у барча ишларингнинг бошидир", дедилар. Мен: "Ё Расулуллоҳ, яна зиёда қилинг", дедим. Шунда у зот: "Сен Қуръон тиловатини ўзингга лозим тут. Зеро, у сен учун ерда нур ва осмонда заҳира бўлади", дедилар." (Ибн Ҳиббон ривояти). Бундан ташқари Қуръон муборак китобдир. Ким уни тиловат қилса, ундаги буйруқ ва наҳийларга амал қилса, ҳаёти барокатли бўлади ва охиратда эса Аллоҳ уни гуноҳларини кечириб аҳли жаннат бўлишлигини ҳам ваъдасини ҳам берган. Бу ҳақда Анъом сурасининг 155-оятида шундай дейилган:
"Биз нозил қилган бу Китоб муборакдир. Бас, унга эргашинглар. Ва тақво қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангизлар". Эргашинглар дегани ундаги буюруқларни бажаринглар ва қайтарилган нарсалардан қайтинглар деганидир. Аллоҳ барчамизни ўзининг ибодатини адо қилиб, берган неъматларини шукрини ва зикрини қилиб юрадиган бандаларидан бўлишликни насиб айласин. Ҳажга ёки Умрага борганда ёки Қуръон тиловат қилганда, “бу неъматлар юртимизда қиёмат қоим бўлгунига қадар бардавом бўлишлигини насиб айлагин” деб, дуода бўлишлигимиз вожиб бўлади.
Бозоров Абдуғани Каримович
Хожа Бухорий ислом таълим муассасининг
тафсир фани ўқитувчиси