Мазҳабсизлик — исломда мазҳабларга эргашмаслик ёки уларни рад этиш ғояси бўлиб, уни илгари сураётганлар асосан Қуръон ва Суннатнинг ягона ва етарли манба эканлиги, ҳар бир мусулмоннинг мустақил ижтиҳод қилиши ҳақида даъволар қиладилар. Аммо уламолар таъкидлашича, Қуръон ва Суннатдан тўғри ва дуруст ҳукм чиқариш катта илм ва тажриба талаб қилади. Шу сабабдан оддий мусулмонлар учун мазҳабларга эргашиш — адашишдан асралувчи ва исломий амалиётни мукаммал тарзда бажариш учун муҳим воситадир.
Мазҳаблар — исломда илм ва фиқҳий ҳукмларни шакллантиришда муҳим илмий ва тарихий воситадир. Уларга қарши бўлган даъволар тарихий ва илмий нуқтаи назардан асосланмаган, кўпинча диний билим ва тажрибадан маҳрум ёки нотўғри тушунчалардан келиб чиққан.
Қуйида уларнинг 5 та асоссиз даъволарига 5 та асосли раддиялар келтирамиз.
1-даъвоси: Мусулмонлар учун Қуръон ва суннат — ягона ва етарли манбадир. Уламоларнинг фатвоси, мазҳабларнинг қоидалари, ижмо ва қиёс — булар инсонлар томонидан қўшилган. Динда шундай нарсалар бўлмаслиги керак.
Раддия: Тўғри, Қуръон ва Суннат — ислом қонун ва аҳкомларининг асоси. Улардан ташқари ҳеч қандай қонун ёки қараш ҳақиқий бўлиши мумкин эмас. Лекин ҳамма Қуръон ва ҳадисни тушуниши мумкин эмас. Шунинг учун уламолар ижтиҳоди керак. Қуръон ва Суннатда кўпинча умумий қоидалар ва қўлланмалар берилади, лекин ҳар бир мураккаб масала ёки янги вазиятда аниқ ҳукмни аниқлаш осон эмас. Шунинг учун, ислом уламолари ушбу асосий манбалардан хулоса чиқариш учун махсус услуб ва усуллар яратганлар (усулул-фиқҳ). Бу жараён натижасида тўрт асосий мазҳаб (Ҳанафий, Моликий, Шофеъий, Ҳанбалий) ва бошқа мазҳаблар шаклланган. Оддий мусулмон учун Қуръон ва Суннатдан мустақил равишда хулоса чиқариш хавфли ва номаълум натижаларга олиб келиши мумкин. Уламолар араб тили, фиқҳ усуллари, тафсир ва ҳадис илмларини йиллар давомида ўрганадилар. Улар мана шу билимлар асосида Қуръон ва Суннатдан дуруст далилларни олиб, ижтиҳод қиладилар. Шунинг учун, оддий мусулмонлар мазҳабларга ёки машҳур уламоларнинг қарашларига эргашишлари тавсия этилади.
2-даъвоси: Мазҳабсизлар "тақлид"ни – яъни бир мазҳаб олими орқали динда амал қилишни – кўп ҳолларда ақлни ишлатмаслик, мустақил фикрлашдан воз кечиш ва кўр-кўрона эргашиш деб таърифлайдилар. Уларнинг назарида, мусулмон фақат Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиши, ҳеч бир инсон фикрига боғланмаслиги керак. Шу сабабли улар мазҳаб уламоларига эргашишни “инсонлар гапига суяниб динини қуриш” деб ҳисоблайди ва уни бидъат, ҳатто баъзан ширк деб ҳам аташади.
Раддия: Тақлид-ақлсизлик эмас, билимлига таянишдир.
Ҳаётнинг ҳар соҳасида-тиббиёт, муҳандислик, ҳуқуқ, ҳатто оддий ишларда ҳам мутахассисларга ишонамиз. Шунингдек, динда ҳам ҳар ким ўз билганича эмас, балки илм эгалари орқали амал қилиши тўғри йўл ҳисобланади. Тақлид - оддий одамлар учун зарурат, чунки улар ижтиҳод даражасида эмас. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилган: “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (“Наҳл” сураси 43-оят). Аллоҳ таолонинг бу қавли умумий қоида бўлиб қолган. Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг “зикр аҳли”дан ўрганиши лозим бўлади.
Мазҳаблар пайдо бўлгунга қадар ҳам оддий одамлар уламолардан сўраб, уларга эргашишган — бу табиий тақлид ҳисобланади. Ҳар бир инсон араб тилини, Қуръон, ҳадис, насх-мансух, ижмоъ, қиёс, усулул-фиқҳ илмларини мукаммал билиши мумкин эмас. Шу сабаб, мазҳаблар оддий инсонлар учун ўрганиш ва амал қилишда етарли ва ишончли йўл ҳисобланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга юбориш чоғида «Сенга бирор масала дуч келса, нима асосда ҳукм чиқарасан», деб савол бердилар. Муоз: «Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм чиқараман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳнинг Китобидан топмасангчи», дедилар. Муоз: «Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ила ҳукм чиқараман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Аллоҳнинг Китобида ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатида ҳам топмасангчи», дедилар. Муоз: «Ўз раъйим асосида ижтиҳод қиламан, бўш келмайман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муознинг кўкрагига уриб қўйиб, «Расулуллоҳнинг расулини Аллоҳни ва Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дедилар (Термизий, Абу Довуд).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар орасидан олимларидан бирини Яман аҳлига бошлиқ, қози, ўринбосар, раҳбар ва мужтаҳид қилиб жўнатдилар ҳамда одамларга унга эргашишларини буюрдилар. Бундан аниқ бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Яман аҳлига муайян кишига тақлид қилишларига кўрсатма бердилар.
3-даъвоси: Мазҳабларнинг баъзи масалаларда турлича ҳукм чиқарган, бир мазҳабда бир нарса ҳалол, бошқасида ҳаром — "ақли бор инсон" буни қабул қила олмайди, деб баҳс қилишади. Улар буни исломдаги “ихтилоф” деб эмас, "адашиш" деб баҳолайдилар.
Раддия: Бу ихтилофлар раҳмат. Ҳеч бири қатъий хатоли эмас, ҳаммаси ижтиҳодга асосланган. Ижтиҳодларнинг турлича бўлиши мусулмонларга турли шароит ва вазиятларда мос келадиган ҳукмларни танлаш имконини беради. Мисол учун бир жойда сув етишмаслиги туфайли қонун бошқача, бошқа жойда сув кўп бўлса — бошқача фатво. Бу жамиятнинг шароитлари ва инсон эҳтиёжларини инобатга олишдир. Ихтилофлар орқали одамлар учун енгил йўл яратилади. Масалан, бир мазҳабда ҳаром бўлган бир амал бошқасида рўзғор учун зарурат деб ҳалол деб топилиши мумкин. Ихтилофларнинг бўлиши уламоларни илмга қизиқтиришга, янги масалаларда ижтиҳод қилишга ундайди. Бу ислом илмининг ривожи ва тараққиётига сабаб бўлади. Саҳобалар даврида ҳам турли масалаларда фарқли фикрлар бўлган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларнинг фикрларини инкор этмаган, балки ижтиҳоднинг табиий бўлишини тан олган. Биз фиқҳий ихтилофлар деб айтаётган масалалар давр, жамият, ҳаёт тарзи ўзгариши билан ўзгариб турадиган баъзи шаклиёт нарсаларда, холос. Ва бу нарсаларда турли туманлик бўлишининг ўзи табиийдир. Бу борадаги ихтилоф зарардан кўра фойда келтиради. Уламолар пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: «Умматимнинг ихтилофи - раҳматдир», деган ҳадисларини худди шу фиқҳий ихтилофларга тегишли, дейдилар. Ихтилофларнинг ҳам чекланган доираси бор. Асосийси ақийда ва эъқтидоий масалаларда ихтилоф бўлмаслиги керак. Бидъат ва янглиш йўлларга эгалик қилиш ёки уларни ҳақ дейиш — бу ихтилоф эмас, балки хатоликдир.
4-даъвоси: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, тобеинлар даврида мазҳаб деган тузилма бўлмаган. Мазҳаблар кейинги асрларда пайдо бўлган, демак бу бидъат ёки кераксиз, дейишади.
Раддия: Бу фикр тарихий жиҳатдан нотўғри. Чунки: Фиқҳ (ҳаром-ҳалол, ибодат, муомалалар ва ҳ.к. ҳақидаги билим) Исломнинг бошидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давридан бошланган. Саҳобалар Расулуллоҳдан фиқҳий масалалар сўраган, баъзида ўз ижтиҳодлари билан ҳам иш кўришган. Демак, фиқҳий ихтилоф ва ижтиҳод Расулуллоҳ замонидаёқ бошланган эди. Мазҳаблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида «номи билан» йўқ эди, лекин асослари бор эди. Мазҳаблар умматни бирлаштирган, бўлиб ташламаган. Мазҳаблар орқали ихтилофлар назоратли, илмий ва одобли бўлган. Ҳар бир мазҳаб: “Фақат биз ҳақмиз, қолган ҳаммаси ботил” демайди. Балки: “Биз ҳаққа яқинмиз, лекин хатолик эҳтимоли бор. Бошқалар хато бўлиши мумкин, лекин тўғри ҳам бўлиши мумкин” — деган одобли ёндашувда бўлишган. Улар Қуръон ва Суннат асосида шаклланган, ижтиҳодга асосланган илмий мактаблардир. Мазҳабларни инкор этиш – илмий анъанани йўқ қилиш, оммани адашишга етаклаш бўлиши мумкин. Шунинг учун уламолар “Мазҳаблардан чиқиш — мазҳабларга эмас, умматга зарар” деганлар.
5-даъвоси: Улар ҳар бир мусулмон ўз илм даражасига қараб Қуръон ва ҳадисни ўзи ўрганиб, хулоса чиқариши керак, дейишади. Уламоларнинг фикрини эшитиш мумкин, лекин уларга эргашиш шарт эмас, деб таъкидлашади.
Раддия: Бир қарашда бу фикр «илмга чақираётгандек» туюлади, лекин унинг ортида ижтиҳод ва шариат усулини бузиш, мусулмонларни ўзича ҳукм чиқаришга ундаш ва ақлни далилдан устун қўйиш каби жиддий хатарлар ётади. Қуръон ва ҳадис — оддий китоблар эмас: у Аллоҳнинг каломи ва Пайғамбарнинг алайҳиссаломнинг сўзлари — муқаддас манбалар. Уларни нозил бўлиш сабабини, умум, хос, насх ва мансухини, луғавий ва шаръий маъноларини, саҳиҳ, заиф, мутавотир, оҳод, даражаси, ривоятчи иснодларини мукаммал услуб билан тушуниш фақатгина етук уламоларнинг иши. Масалан: Бир киши ҳадис ўқиб «таровеҳ 8 ракаат» деб чиқади. Бошқаси «20 ракаат» дейди. Учинчи киши «умуман шарт эмас» деб чиқса, бу илм асосидаги ихтилоф эмас, балки нафс ва ақлга эргашган тартибсиз, ҳар ким ўзи билганича иш тутаётган бўлади. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Агар одамлар ҳар нарсада ўз фикрига амал қилса, дин бузилади. Илмлига эргашиш – динни сақлашнинг йўлидир."
Мазҳабсизларнинг “Уламонинг фикрини эшитамиз, лекин эргашмаймиз” - деган гаплари шариатга, ақлга ва мантиқий тизимга зиддир. Қуръон, суннат ва саҳобалар амали кўрсатадики, илмли инсонга эргашиш (тақлид) – динни тўғри тушуниш ва уни амалда адо этишнинг энг хавфсиз йўлидир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Мазҳаблар - Қуръон ва Суннатни тушуниш ва қўллашдаги илмий йўл-усуллар бўлиб, уларни рад этиш мусулмон жамиятида ихтилоф ва адашишларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун, мусулмонларга Қуръон ва Суннат асосида шаклланган мазҳабларга эргашиш фойдали ва зарурдир, бу йўл исломни тўғри ўрганиш ва амал қилишда асосий йўл ҳисобланади.
Мазҳабсизларга эргашмаслик керак, чунки улар исломнинг илмий асосларини инкор этиб, ҳар кимни Қуръон ва ҳадисдан ўзича ҳукм чиқаришга ундайдилар. Бу эса ихтилоф, бидъат ва динда парокандаликка олиб келади. Мусулмон учун энг хавфсиз йўл — илмли уламолар ва эътимодли мазҳаблар орқали динни ўрганиш ва амал қилишдир.
Азамат Усмонов
Касби туманидаги “Фазли” жоме масжиди имом-хатиби