1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Камтарлик-яхши фазилат

4-12-2025, 12:23 92 Ўқиш режими + -
 Камтарлик яхши фазилатдир. Инсонга ҳамиша ҳар жойда ўзини камтарликка олиш ярашади. Бир донишманддан: “ Камтарликнинг боши нимада?”   деб сўрашибди. Шунда у: “ Камтарликнинг боши-учраган кишига ўзини паст олиб биринчи салом беришга ҳаракат қилиш, бирор киши бирор жойга борса, у ерда унга пастроқдан жой кўрсатилса, ўша жойга рози бўлиб ўтириш ва атрофдаги одамлар уни мақтаб эслашларини ёмон кўришдир” деб жавоб берган экан.    
            
Камтарликли хислати инсоннинг қадрини оширади, бошқа инсонлар билан муомиласини яхшилайди, инсон  муаммоларини осонлик билан ечилишига сабаб бўлади. Бу фазилатли хислатни фарзандларимизга уларнинг ёшлик пайтидаёқ сингдириб боришимиз лозим бўлади. 
Камтарликнинг акси кибрланиш, манманликдир. Ислом дини инсонларни кибр, манманлик каби нохуш одатлардан    қайтариб келади.  Бу ҳақда “ Қуръони Карим” да: “  Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен ( оёқларинг билан)   зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан” дейилади. ( Исро сураси, 37-оят). Инсоннинг бошига тушадиган кўпчилик балолар унинг манманлигиндан, кибрланишидан келади. Дунёнинг бошида Шайтон ҳам манманлик қилиб, Аллоҳ таолонинг даргоҳидан ҳайдалди. Бу ҳақда  “ Қуръони Карим”да: “ Эсланг, Биз фаришталарга: “ Одамга сажда қилингиз!” деб буюришимиз билан улар сажда қилдилар. Фақат Иблис бош тортиб,   такаббурлик қилди ва кофир бўлди” дейилади. ( Бақара сураси, 34-оят). 
               Аллоҳ таоло  биринчи одамни тупроқдан яратди. Чунки тупроқ бошқа махлуқотлардан  камтар эди. Шу жиҳатдан инсоннинг асли тупроқдан яратилишининг ҳикматларидан бири тупроқда вазминлик,камтарлик каби хусусиятлари мавжудлигидир.  
Донишмандлар камтарлик одам қуйидаги хислатларни ўзида жамлаши лозимлигини айтишади: 
1. Инсон одамлар орасида эришган мансаби, даражасига қараб  кибрланишдан ўзини тийиб, одамлар олдида ўзини камтарликка олади; 
2. Инсон ўзидаги бойлиги туфайли кўтарилишдан тийилиб, ўзини хокисор тутади
3. Инсон кучининг кўплиги билан кибрланишдан тийилиб, ўзини одобли тутади; 
4. Инсон  ўз илми билан кибрланишдан тийилиб, ўзини одоб юзасидан хокисор тутади;. 
5. Инсон ўздаги ҳусн-чирой билан фахрлананишдан тийилиб, ўзини камтар тутади.     
Дарҳақиқат, инсон учун камтарликли  бўлишида катта манфаат ётади.  Инсондаги камтарликлик хислати жамиятдаги кишилар  ўртасида меҳр-оқибатни ортишига, инсонларнинг бир-бирларини яхши кўришлари ва улар ўртасидаги инсоний алоқаларни  мустаҳкамланишига сабаб бўлади. Инсон камтарлиги туфайли икки дунё саодатига эришади.          
                                                                                                                   
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллик ходими