Исрофнинг асл моҳияти ҳақида бир мулоҳаза қилиб олсак фойдадан ҳоли бўлмайди. Исроф сўзи асли арабча бўлиб, ҳисобсиз тарзда ишлатиш, ҳаддидан ошиш каби маъноларни англатади. Исрофга йўл қўйган киши неъматларни ўрнига сарфламаган ва ҳожатдан ташқари ишлатган бўлади. Бизнинг ўзбек тилимизда увол қилиш, неъматни қадрламаслик деган маъноларга ўгириб ишлатсак тўғрироқ бўлади.
Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратиб, уларни ер юзини макон тутиб, ундаги неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришга буюрди. Яна бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйдики, буларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Қуръони каримнинг (Иброҳим сурасини 34-ояти)да шундай марҳамат қилади: “Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир”. Аллоҳ бандаларига улар сўраган мол – дунё, фарзанд, сиҳат – саломатлик, роҳат- фароғат каби кўплаб неъматлардан ҳам беради. Аллоҳ таолонинг инсонларга ато этган неъматларини замон ҳам, макон ҳам, саноқ ҳам қамраб ола билмайди. Хўш қандай қилиб уларни маълум замонда, маълум маконда яшайдиган, маълум илмга эга одамлар санай олади? Шундай бўлгач, барча инсонлар бу беҳисоб неъматлар учун ҳар доим ҳисобсиз шукрлар айтишлари керак эди.
Аммо инсонларга шунча неъматларини ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради. Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бир неча ояти карималар бор. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримнинг (Аъроф сурасини 31-оят)да шундай марҳамат қилади: “...Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмас”. Ушбу оятдан маълум бўлиб турибдики исрофгарни Аллоҳ севмас дегани эртанги кунда ҳисоб сўралади деганидир. Агарда ҳисоб бера олмаса азобланади деганидир, демак неъмат ўзиники экан ҳисоб сўрашга мутлақо ҳаққи бор.
Ота-боболаримиз қадимдан исрофга мисол қилиб, кўзимизга илмаган ушоқни ҳам йиғилса, бутун нон бўлади деб огоҳлантирган. Нафақат нон мисол бўлади, балки кийим-кечак, минадиган нарсалар ёки яшайдиган нарсалар ҳам мисол бўла олади. Бу нарсаларда ҳам исроф бўлмаслиги керак. Ота-боболаримиз ҳар бир нарсани хусусан, нонни эъзозлашга, уни исроф қилмасликка чақириб келганлар, бир дона увоқни ҳам териб ейиш керак дея тарбия берганлар. Ноннинг увоғи ёки бир бурда нон ҳам аслида бутун ноннинг кичкина бўлак қисми ҳисобланади. Исрофгарчилик нафақат гуноҳ, балки унинг нақд зарарларидан бири инсонга қашшоқликни ҳам олиб келади. Қашшоқлик нафақат моддий, балки маънавий қашшоқликни ҳам олиб келади. Масалан, сиз таниган одамингиз исрофгар бўлишига қарамасдан бой бўлса, унинг оиласида ҳал қилиб бўлмайдиган муаммолар мавжуд бўлиб унинг иложи йўқлигини ўзи ҳам билади. Ушбу сўзларимизни далили сифатида Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар, ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқлик кўрмайди”, деган ҳадисларини мисол қилиб келтирамиз. Лекин таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият ҳолларда исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Хонадонларимизда ортиб қолган таом ёки бошқа озуқавий маҳсулотлар ташлаб юборилмоқда. Бугунлик кунда ахлат уюмлари орасида нон ҳам пайдо бўлгани айниқса, ачинарли ҳолдир. Тўйлар, байрамлар, тантаналар ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетади. Борган сари тўй ҳашамларимиз дабдабали тус олиб боряпти, кундан-кунга янги-янги турдаги тантана ва маросимлар, янги-янги турдаги исрофли, дабдабали одатлар пайдо бўлмоқда. Бир умр топган-тутганларимизни соғлигимизни тиклашга эмас, моддий таъминотимизни яхшилашга эмас балки, дабдабали тўй ва бошқа маросимларни ўтказишга сарфлайдиган бўлиб қолдик. Ундан кўра ўша маросимларимизни бироз қисқартирсак, бироз ихчамлаштирсак ўзимизга яхши эмасми? Баҳонада қанча-қанча маблағ тежалар эди. Озгина соғлигимизни тиклашга, фарзандларимизни эса илм-одоб олиш йўлига тузукроқ эътибор қаратишга қўлимизда имконият пайдо бўларди. Энг ачинарлиси эҳсон қиламиз деб қарзга ботиб, қарз узиш илинжида ҳаёлимиз паришон бўлиб юрмасди. Ҳар биримиз шуни унутмайликки, бундай исрофгарчиликлардан албатта қиёмат кунида ҳар биримиз сўраламиз. Ундан кўра ўша пулларни бир қисмини қийналаётган, кам таъминланган хонадонларга бўлиб берса, қариндош-уруғлар орасидаги ҳожатмандларнинг ҳожатини чиқарса бўлади. Бизнинг бугунги кунда қилаётган дабдабали маросимларимизни саховат ҳам деб бўлмайди. Саховат деб дарҳақиқат эҳсонга муҳтож бўлган одамга қилинадиган яхшиликка айтилади. Чунки ҳадисларда: “Таомларнинг ёмони қорни очлар қолиб, қорни тўқлар чақирилган зиёфатдир” дейилган. Берилган неъматларни исроф қилиш, уларни қадрига етмаслик гуноҳдир. Бизга берилган молу дунёни исроф қилмасдан, бахиллик ҳам қилмасдан, меъёрида ишлатсак, саховатни ўрнига сарфласак, бировга муҳтож ҳам бўлмаймиз, қарзга ҳам ботмаслигимиз аниқ. Муҳтож кишиларга садақа ва эҳсонлар қилиш динимиз талаби ва бунинг учун бандага улуғ савоблар ваъда қилинган. Аммо бу соҳада ҳам меъёрдан ошилса, исрофгарчиликка йўл қўйилган бўлади. Саховат яхши фазилат. Саховат хасислик ва исроф ўртасидаги меъёрий бир босқичдир. Садақа ва эҳсонларда исрофгарчилик қилиш кўпинча кимўзарга тўйлар қилиш, ўзини кўз-кўз қилиш ва шу каби кўринишда намоён бўлади. Унутмайликки, риёкорлик қилиш банданинг охиратдаги аҳволини ёмонлаштиради. Инсонга берилган барча неъматлар, улар озиқ-овқат маҳсулотлари бўладими, ичиладиган сув бўладими, кийиладиган кийим бўладими, яшаладиган уй бўладими, миниладиган машина бўладими барча- барчасини қадрига етиш керак. Бизга газ ва шу каби неъматлар, одатда тежаб ишлатилади. Сабаби эртага унинг пулини тўлаб қўйишни ўйлаймиз. Сув ва шу каби арзон ёки текин неъматлар хоҳлаганча тасарруф қилинаверади. Сабаби пулимиз кетмайди-да. Йўқ, биз неъматларни катта-кичикка ажратмасдан, барини қадрлашимиз керак. Ким билади, биз ҳозир қадрига етмаётган нарса вақти келиб, энг қимматбаҳо нарсага айланар. Неъматлар бардавом бўлсин, заволга учрамасин, десак вақтида уларни қадрига етайлик. Ҳар бир ақиллик инсон исрофдан сақланмоғи, берилган неъматларни катта-кичик демасдан қадрига етмоғи даркор. Шунда Аллоҳ таоло неъматларини янада зиёда қилиб беради. Аллоҳ барчамизни ушбу оят ва ҳадисларга амал қилиб исрофдан йироқ йўрадиган бандалари қаторидан бўлиб ўзининг солиҳ бандаларидан бўлишни насиби рўзи айласин.
АБДУҒАНИ БОЗОРОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассаси
тафсир фани ўқитувчиси