1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ОИЛА- ИСЛОМДА МУҚАДДАС МАСКАН

23-12-2025, 16:22 96 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонни жуфт қилиб яратганини, оила эса ҳаётнинг асосий суннати эканини баён қилган. Оила- бу фақатгина яшаш жойи эмас, балки иймон, ахлоқ, тарбия ва маънавият шаклланадиган муқаддас даргоҳдир. Шу боис ислом таълимотида оила масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Оила -жамиятнинг энг кичик бўғини бўлса-да, унинг таъсири жамият тақдирига бевосита боғлиқдир. Агар оила соғлом бўлса, жамият ҳам соғлом бўлади. Агар оилада иймон заифлашса, ахлоқ бузилса, унинг асорати бутун жамиятга тарқалади. Шу маънода оилани ўрганувчи илм- оила илми нафақат ижтимоий, балки диний жиҳатдан ҳам жуда муҳимдир.
Оила илми оила қуришнинг шаръий ва маънавий асосларини, никоҳнинг аҳамиятини, эр-хотин ўртасидаги ҳуқуқ ва бурчларни, ота-онанинг фарзанд олдидаги масъулиятини ўрганади. 
Расулуллоҳ САВ: «Сизларнинг энг яхшиларингиз-аҳли оиласига энг яхши муомала қилганларингиздир»,-деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадис оилада меҳр, сабр, кечирим ва адолат қанчалик муҳим эканини кўрсатади.
Оилада фарзанд тарбияси энг улуғ ибодатлардан биридир. Фарзандга берилган тарбия-ота-она учун садақаи жориядир. Ота-она фарзандига фақат моддий таъминот эмас, балки иймон, одоб, ҳалол-ҳаромни фарқлаш, каттага ҳурмат, кичикка меҳр каби фазилатларни ўргатиши шарт. Бу вазифани етарли адо этмаслик эса қиёматда сўралгувчи омонатдир.
Ҳозирда жамиятимизда оилавий келишмовчиликлар, ажримларнинг кўплигини сабаби оила илмини билмаганликлари учун ота-она масъулиятининг камайиши кузатилмоқда. Бу илм бизга сабр-қаноатни, садоқатни, неъматларга шукр қилишни ўргатади. Жуда кўп илмларни ўрганишда назарияга эътибор қилинади. Оила илми эса амалиётдан бошланади, бу илмни ота-оналар фарзандларига амалда кўрсатади. Икки ёш турмуш қурганларидан кейин ота-оналардан олган ўгитлари асосида ибрат олиб амалиётда қўллай бошлайдилар. Бу жараёнда хатолар бўлишлиги табиий аммо ушбу хатоларни тузатиш орқли оила илми такомиллашиб борилади, раҳмли зот қилинган хатоларни кечиришлик билан ҳам ажрлар беради. Оила илмини қанчалик чуқур билсангиз унга ҳам меҳрингиз ошиб бораверади, бу неъматни нақадар улуғ эканлигини англай бошлайсиз. Бу илм занжир мисол авлоддан-авлодга ўтиб борган сари арзимаган сабаблар туфайли кўпаётган ажримлар барҳам топиб етимхоналарга ҳожат қолмайди. Тўланиб-тўланмай не-не низоларга қолаверса жиноятларга сабаб бўлаётган алиментларга ҳожат қолмайди. Оила илмини-илмнинг боши десак адашмаймиз. Чунки бу илм ўз ичига соф эътиқодни, иймонни, исломий одобни қамраб олган. Ушбу илм ичида ибратланиб ўсган аждодларимиз дунёни илм зиёси билан тўлдирадилар, ҳар соҳада пешқадам бўлдилар. Ўзбек халқининг оилавий қадриятлари ислом таълимоти билан уйғун ҳолда шаклланган. Каттага ҳурмат, кичикка иззат, қариндошлик ризқини улашиш, қўни-қўшнига яхшилик қилиш-буларнинг барчаси динимизда тарғиб этилган фазилатлардир. Оила илми ана шу миллий ва диний қадриятларни асраб, ёш авлод онгига сингдиришга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, оила-Аллоҳ таоло томонидан берилган улуғ неъмат ва омонатдир. Уни асраш, мустаҳкамлаш, иймон ва ахлоқ асосида барпо этиш ҳар бир мўминнинг бурчидир. Оила деб аталмиш бу муқаддас қадриятимиз, дунё матоларидан, ҳашаматларидан, ўткинчи ҳою-ҳавасларидан анчагина устун эканлигини англасагу, болаларимизга ҳам англата олсак, оилаларни асраш йўлида биринчи қадамларимизни ташлаган бўламиз. Бу йўлда Роббимни ўзи мададкор бўлсин. Аллоҳ таоло барча оилаларимизга тинчлик, меҳр-оқибат ва барака ато этсин. Омин.
 
Шаҳрисабз тумани Бобо Салим жоме масжиди 
имом-ҳатиби Жалолов Мухтор