1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ижтимоий тармоқларда ахлоқий меъёрлар бузилишининг оқибатлари

5-01-2026, 15:31 126 Ўқиш режими + -
Муомала маданияти инсонлар ўртасидаги мулоқот жараёнининг асосий тамойилларидан бири бўлиб, жамиятнинг ижтимоий ва маданий ривожланишига катта таъсир кўрсатади. Муомала маданиятида ҳусни хулқлик бўлиш оят ва ҳадисларда кўплаб зикр қилинган. Айниқса, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ахлоқий меъёрларнинг бузилиши ушбу муомала маданиятининг издан чиқиб, поймол бўлишига олиб келмоқда.
Ахлоқий меъёрлар жамиятда инсонлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб, маънавий барқарорликни таъминлайди. Ростгўйлик, холислик, адолат, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш каби тамойиллар ҳар қандай журналистик фаолиятнинг асоси бўлиши лозим.
Бироқ сўнгги йилларда айрим оммавий ахборот воситаларида ахлоқий меъёрларнинг бузилиши ҳолатлари тобора кўпайиб бораётгани кузатилмоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган текширилмаган, бўртирилган, зўравонлик ва ахлоқсизликни тарғиб этувчи материаллар жамият маънавиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Масалан одамлар саёҳатларга, ҳатто ҳаж ва умраларга бориб, ўзларининг ҳар-хил кўринишдаги суратларини расмга, ведиога олиб интернет тармоқларига жойлаштиряпти. Бирови бошқасини ҳақорат қилиб, айбини фош қилиб ведиоларга олиб тарқатяпти. Яна кимлардир саводсизларча ўзи туғилиб, ўсган ватанга хиёнат қилган ҳолда, хориждан  туриб юртимиз мусулмонларини бир-бирига, раҳбарларга қарши чиқишга ундашда тўхтамаяпти.  Бундай ҳолатлар аҳоли, айниқса ёшлар онгида нотўғри тасаввурларни шакллантириб, ижтимоий муносабатларнинг издан чиқишига олиб келмоқда.
Натижада жамият маънавий инқироз, ишончсизлик, тажовокорлик ва беқарорлик, каби салбий ҳолатларни келтириб, миллий қадриятлар, оилавий тарбия ва жамоатчилик фикрига нисбатан бепарволик кайфияти кучайишига олиб келяпти. Бу эса жамиятнинг барқарор ривожланишига жиддий таҳдид солади. 
Хуллас, бу ахлоқий меъёрларнинг бузилишини санаймиз десак  санаб адоғига етиб бўлмайди. Интернетни чеклаб қўйишни ҳам иложиси йўқ. Қачонки ахлоқий меъёрларга ҳусни хулқ билан амал қилсакгина бу муаммоларнинг ечимини топа оламиз. Шу билан биргаликда, биз масъул бўлган кишиларнинг телефон, ноутбук, фланшет ва компьютерларини ҳар куни текшириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Агар ҳусни хулққа амал қилсак бу дунёда ҳам, охиратда ҳам хавфдан  омонда бўламиз. Қиёматда чиройли хулқ савоб тарозусида оғир келади. Хулқ – одам билан токи умрининг охиригача ҳамроҳ бўладиган сифатдир. Агар мусулмон киши хулқини чиройли қилса, бу унинг учун катта ютуқ бўлади.
Ижтимоий тармоқларда ёлғон ахборот тарқатиш нафақат касбий этика, балки диний жиҳатдан ҳам оғир гуноҳдир. Ижтимоий тармоқларда фаолият олиб борувчилар учун тавсиялар;
1. Ҳақсўз ва ҳаққоний бўлиш:
"Эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва ростгўйлар билан бирга бўлинглар!" (Тавба сураси, 119-оят)
Бу оят ижтимоий тармоқларда ишловчилар учун ҳам йўл-йўриқ бўлиб, ҳар қандай ахборотда ҳақиқатни айтиш мажбуриятини билдиради.
2. Текширилмаган ахборотни тарқатмаслик:
"Эй иймон келтирганлар! Агар бирор фосиқ сизга бирор хабар келтирса, уни текширинг. Акс ҳолда билмаслигингиз билан бир қавмга ёмонлик қилганингиз (ва кейинчалик) ўз қилмишингизга пушаймон бўлганингиз (мумкин)." (Ҳужурот сураси, 6-оят)
Бу оят факе неwс (сохта янгиликлар) муаммосига қарши 14 аср олдин келтирилган Илоҳий огоҳлантириш бўлиб, ҳар қандай ахборотни текширмасдан тарқатмаслик кераклигини таъкидлайди.
3. Бўҳтон ва туҳмат қилмаслик:
"Ҳақиқатан, очиқ-ойдин иш-бузғунчилик қилувчилар ва яширин равишда бўҳтон қилувчиларни Аллоҳ ёқтирмайди." (Нисо сураси, 148-оят)
Ижтимоий тармоқларда одамлар ҳақида асоссиз айбловлар, шахсий ҳаётга тажовуз қилиш ва бўҳтон тарқатиш қатъий ман этилган.
4. Яхши сўз айтиш:
"Яхши сўз худди яхши дарахт кабидир — унинг илдизи мустаҳкам, шохлари осмонга қараб ўсади." (Иброҳим сураси, 24-оят)
Бу оят ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиладиган ахборот ва контентнинг ижобий, фойдали ва қурувчанлик бўлишини таъкидлайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гапирсин ёки сукут қилсин." (Бухорий ва Муслим ривоятлари) Бу ҳадис ахборот тарқатишда эҳтиёткорликни, зарарли ва фойдасиз гаплардан тийилишни талаб қилади.
 Исломда банданинг ҳаққига зарар етказадиган гуноҳлар қаттиқ қораланади. Ёлғиз Яратганнинг ҳаққи бўлса, ўша маълум бир гуноҳни Аллоҳнинг Ўзи кечириб юбориши мумкин. Бироқ бандаларга, жамиятга зарар етказилса, ўша зарар кўрган банда ва жамият кечирмагунча Аллоҳ ҳам кечирмайди. Ёлғон эса кўпчиликка зарар етказадиган мана шундай гуноҳлар қаторига киради.
Демак, бир кишининг ёлғончилиги туфайли неча миллионлаб бегуноҳ кишилар жафо чекар экан.
Демак, ёлғончининг шахсига, жамиятда эгаллаб турган ўрнига қараб, жамиятга келтирадиган зарарининг даражаси, миқдори, кўлами ҳам ўзгариб борар экан.
Шу сабабли ҳар бир журналист, блоггер ва ахборот тарқатувчи шахс ўз фаолиятида ахлоқий масъулиятни ҳис қилиши, диний ва миллий қадриятларни ҳурмат қилиши зарур. Фақат шундагина ижтимоий тармоқлар жамият ривожида ижобий рол ўйнаши, келажак авлоднинг соғлом тарбиясига ҳисса қўшиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, оммавий ахборот воситаларида ахлоқий меъёрларни сақлаш — бу нафақат давлат ёки  ижтимоий тармоқлар масъулларининг, балки ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Жамоатчилик назорати, ота-оналар эътибори, ёшларнинг танқидий фикрлаши биргаликда соғлом ахборот муҳитини яратишга хизмат қилади.
Аллоҳ таоло барча ватандошларни ҳақ йўлда юришга, яхши амал қилишга ва ёмонликдан қайтаришга тавфиқ берсин. Омийн!

Сирожиддин Жаҳонов
Хўжа Илм Кони масжиди имом-хатиби