Мана Ражаб ойи кириб келганлигига ҳам анча кун бўлди Ҳижрий-қамарий йил ҳисобининг еттинчи ойи бўлмиш Ражаб ойи ҳақида гапиришдан олдин “ражаб” сўзининг маъносига эътиборимизни қаратсак.
Хўш, “ражаб” сўзи нима маънони англатади?
“Ражаб” сўзи арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилида “қўрқмоқ”, “улуғламоқ” каби сўзларнинг маъноларини англатади.
Маълумки, ражаб сўзи учта ундош ҳарфдан иборат. Уламоларимизнинг айтишларича, “ражаб” сўзидаги биринчи ундош “р” ҳарфи “раҳм” сўзидан, иккинчи ундош “ж” ҳарфи “журм”, яъни айб-нуқсон, гуноҳ сўзидан, охирги ундош “б” ҳарфи эса барий, яъни поклик сўзлари олинган. Бу ҳарфлар Аллоҳ таолонинг меҳрибонлик, айб-нуқсонларни кечиргувчи ва пок эканлик сифатларини ифодалаган сўзлар бош ҳарфларини ифодалайди.
Ражаб ойи шаҳрул-ҳарам яъни Аллоҳ таоло инсонлар орасида уруш-низо, жанжалларни ҳаром қилган ойдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг», деган (Моида сураси, 2-оят).
Ушбу оятнинг тафсирида“Уруш ҳаром қилинган ҳурматли ойлар ражаб, зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ойларидир” дейилади. Дарҳақиқат, оятдаги «ҳаром ой»дан мурод Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррам ойларидир. Мазкур ойларда уруш-жанжал қилиш катта гуноҳдир.
Меърож кечасида пайғамбаримиз ( с.а.в.)га жаннат кўрсатилади. Жаннат ўртасидан катта бир ариқ оқиб ўтар экан. Ўша ариқнинг номи Ражаб. Жаннатдаги Ражаб ариғининг суви қордан оқ, асалдан шириндир. Ражаб ойида ихтилоф ва уруш-жанжаллардан тийилиб, эзгу амаллар қилган инсонлар охиратда бу ариқдан сув ичишади.
Қадимда Ражаб ойи келса, бу ойнинг ҳурматидан инсонлар ўзаро ихтилофларини, уруш-жанжалларини тўхтатганлар. Бу эса Ражаб ойи инсонларга хотиржамлик-тинчлик бахш этадиган ой эканлигига далолат қилади. Шу сабабли хотиржамлик-тинчлик ойи бўлган Ражаб ойи инсоният учун манфаатли ойдир. Бу ой ва ундаги кунларда қилинган эзгу дуолар қабул бўлади. Ва уларда қилинган хайрли ишларга катта ажрлар берилади.
Муҳаммади Қораев,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакили ўринбосари