Маълумки, маромийлик, аввало, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликдан сақланишда намоён бўлади. Хусусан, бугунги кунда тўйларимизни маромига етказиб ўтказиш давр талаби бўлиб турибди. Тўйларни ортиқча харажатсиз, меъёрида, исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказиш тўйни маромига етказиб ўтказиш ҳисобланади.
Ҳақиқатни тан олиш керакки, айрим кишилар тўй қилиш орқали дабдабабозлик, риёкорликка йўл қўймоқдалар. Риёкорлик қилиш эса бизни оғир гуноҳлар қаҳрига, Шайтоннинг йўлига чорлаётган бўлади. Қуръони каримда: «Чунки улар молларини риёга сарфлашади ва Аллоҳга ҳам ,қиёмат кунига ҳам ишонишмайди. Кимнинг дўсти шайтон бўлса,у қандайин ёмон дўстдир.» (Нисо сураси, 38-оят). Қатода розияллоҳу анҳу айтади: «Банда қачон риё билан (хўжакўрсинга) амал қилса, Аллоҳ таоло айтади: «Бандам мени масхара қилаётганини кўринглар!» дейди. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам риё, кибр,манманлик каби иллатларни кичик ширкка ўхшатганлар. Эҳсонини, амалини бошқалар кўриши учун учун, риёкорлик билан қилувчилар ҳам шайтон йўлидан юрган ҳисобланишади.
Тўй қиламан деб исрофгарчилик қилишлик яхши эмас. Динимизда нафақат тўйда балки ҳамма соҳада исрофгарчилик қилиш қораланади. “Қуръони-Карим”да: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!” (Исро сураси, 26 оят) дейилади. Ҳадисда: “Эй инсонлар, енглар, ичинглар, садақа-эҳсон қилинглар, лекин уларга исроф ва такаббурлик аралашмасин”дейилади. Яна бир ҳадисда: "Сени икки хислат: фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер", дейилади. Дунёда ҳали ҳеч ким мол-мулкини исроф қилиб, бирор мартаба ёки бирор яхшиликни қўлга киритган эмас. Бу ҳақда Имоми Аъзам: “Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир” дейдилар.
Тўйда дабабозликка, риёкорликка, исрофга пул-маблағларимизни сарфлашдан тийилиб, уни иқтисодий жиҳатдан қийналган кишиларга, муҳтож кишиларга, кам таъминланган оилаларга ёрдам сифатида берсак, катта савобларни қўлга киритган бўламиз.
Демак, тўй қилар эканмиз, тўйларда маромийликни сақлайлик ва уларда дабдабабозликдан, исрофдан, риёкорликдан, кибр ва манманликдан сақланайлик!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИ нинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими