Ватан — муқаддас. Миллат — ардоқли. Дин — нурли. Уларни асраб-авайлаш ва фидокорлик билан хизмат қилиш ҳар биримиз учун энг олий бурчдир.
Ҳар бир инсоннинг энг асосий, энг муқаддас вазифаси — Ватанини севиш ва унга ҳаётининг сўнгги дақиқаларигача хизмат этишдир. Ватанга бўлган муҳаббат ва ҳурмат ҳеч бир нарса билан ўлчана олмайди. Ватан — бебаҳо ва беқиёс макон.
Бу муҳаббат тарбияси энг аввало оила бағридан бошланади. Кичик бола учун Ватан — она қучоғидир. Болалар оиласини сева-сева Ватанини севишни ўрганадилар. Чунки оила муҳити Ватан муҳитининг асосидир. Силаи раҳм фазилати камол топган оиладан Ватанга хиёнат қилувчи чиқмайди. Оиладаги меҳр-оқибат, бирдамлик ва фидокорлик туйғуси Ватанга садоқатнинг илдизидир.
Ҳазрати Али ибн Абу Толиб (р.а.) дедилар: “Ўзингизга душманлик қилган кишини авф этингиз, лекин Ватанингизга, миллатингизга, динингизга душманлик қилган кишини кечирмангиз.”
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) эса огоҳлантирдилар: “Бир миллатда ишончли кишилар озайса, динини сотиб, дунё йиғувчилар кўпайса, у миллат орасида фитна болалайди.”
Донишманддан: “Қайси миллат афзал?” деб сўралганда, у икки кафтига тупроқ олиб: “Икки ҳовучимдаги тупроқнинг фарқи йўқ. Миллатлар ҳам бир-биридан афзал эмас, барчаси биродарлардир,” — деган. Демак, ўз миллатини севиш — фазилат, аммо бошқа миллатни хорлаш — иллатдир.
Одамзод пайдо бўлганидан бери динсиз жамият яшамаган. Ватан, миллат ва дин бир-бирига боғлиқ ҳалқалардир. Бири хасталанса, иккинчиси ҳам соғ қолмайди. Дин — ҳақиқатни кўрсатувчи нур, инсонийликка йўлчироқ. Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Дин — гўзал хулқ.” Яна марҳамат қилдилар: “Кишиларга диндаги енгил ва осон амалларни буюринг, уларни хотиржам қилинг.”
Ҳазрати Абу Мусо (р.а.) ривоят қилган ҳадисда: “Мўминлар бир-бирига ёпишган иморат кабидир,” — дейилган. Яъни, инсонлар бир-бирини суяган, бир-бирига елкадош бўлгандагина жамият мустаҳкам бўлади. Кучлилар заифларни қўллаб-қувватлаши, барча бир нафасда, бир мақсадда яшаши лозим.
Бугунги кунда ҳам миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни сақлаш — Ватан тинчлиги ва халқ фаровонлигининг асосидир. Миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз ва дўстлик ришталари юртимизнинг мустаҳкам биносига айланмоғи шарт.
Нилуфар БЕРДИЕВА
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси