Жаннат ифори келадиган оғизчасини очиб, дунёда ҳеч нарсага менгзаб бўлмайдиган гўдак табассуми билан онасига талпинаётган болажонни бир зумгина кўз олдингизга келтиринг. Ҳали чўлпон юлдуз пар тўшакка ўзини отмасдан, уйқусиз кўзларини боласидан узолмаётган сулувгина келинчак шу битта табассумга жону жаҳонини бағишлайди. Гўдаги хархаша қилиб, тунда ором бермаган эса- да, оймомо билан сирлашиб, ширин аллаларини шабодага тутган она ана шундай сабр- тоқатли бўла олади. Бу ёқимли онларни кўксидан гўдагига шарбат тоттирадиган, кичкина оғизча лабларидан чак-чак сут томчилаб турадиган онагина қалбан ҳис қилади.
Эмизиш- ота-онанинг бурчи, боланинг ҳаққи. Туғилган гўдак аввало эмизишга муштоқ. Бу эса онасининг вазифаси. Онани нафақа билан таъминлаш эса отасининг зиммасига тушадиган масъулиятдир. Шаръий узр сабабли она эмиза олмаса, сут она топиш ҳам отанинг зиммасига тушади.
Гўдакнинг ҳақларидан бири ва оналарнинг энг мўътабар вазифаси фарзандни икки йил эмизишдир. Яъни туғилган гўдакнинг жисми ва руҳий ўсиб улғайишига онасининг сутидан афзал озуқа йўқ . Боланинг суяги она сути билан шаклланади, шунингдек, унинг бошқа тарафлари руҳий ривожланишига ҳам она сути зарур озуқа ҳисобланади. Аммо баъзи оналар ҳам бор. улар сути камлиги, қомати бузилиши, иши кўплигини рўкач қилиб, боласини эмизиш ўрнига сунъий сут ва бўтқалардан фойдаланишни афзал кўришади. зеро, табиатдаги ҳеч нарса она сути ўрнини босолмайди, буни замонавий тиббиёт ҳам исботлади.
Ҳадиси шарифда: "бола учун она сутидан яхшироқ озуқа йўқ", дейилган. Халқимизда ўзига хос бир гўзал фазилат вахусусият бор, ҳеч бир она боласини сабабсиз, узрсиз эмизишдан бош тортмайди. Дарҳақиқат, зарурат бўлмаган тақдирда она сутидан бошқа сут ёки маҳсулотга муддатидан олдин ўтиш- боланинг соғлом, баркамол ўсишига салбий таъсир этишидан замонавий тиббиёт гувоҳлик беради. Аввало она соғлом, серсут, хулқи ва одоби намунали, ўзи ақлли бўлишига эътибор қаратилиши керак. Чунки ёш гўдакни эмизадиган аёлнинг феъл-атворидаги иллат ва фзилатлар болага кўчиши ҳам аниқланган.
Уламолар ўртасида "Она ўз фарзандини эмизишга мажбурми ёки мажбур эмасми?" деган савол, масала ҳам бор. Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ): агар бола ўз онасидан бошқани эммаса,ёки онасидан бошқа эмизадиган аёл бўлмаса ёхуд ота бошқа эмизадиган сут онага бериш учун ижара саблағига эга бўлмаса она болани эмизишга мажбур қилинади", деганлар. Чунки эмиш боланинг нафақаси ҳисобланиб, унга кетадиган барча нафақа отасининг бурчидир. Бу масалага ҳам аёлнинг эрки, озодлиги, шахсий ҳуқуқи эътиборга олингани ва туққан онаси" мен боламни эмизмайман" деса, уни айблаш ноўрин экани билинади. Имом Молик (раҳматуллоҳи алайҳ) эса: "туққан она боласини эмизишга мажбурдирлар" дедилар.
Ислом шариатида ҳар бир мусулмон, хусусан, ота-оналар билиши, амал қилиши лозим бўлган ишлардан бири эмикдошлик масаласидир. Бу масала "разоъ" деб номланади. Яъни бола онасидан ўзга аёлни эмиши билан собит бўладиган шаръий ҳукмлар масаласидир. Ислом шариати бўйича икки ёшга тўлмаган ёш гўдак бир аёлнинг сутини эмса ўша аёлга эмизикли бола ҳисобланади. Аёл эса унга эмизиш орқали она, эри ота, болалари ака-ука, опа-сингилга айланадилар. Шунинг учун бир аёлни эмган бошқа- бошқа аёллардан туғилган болалар орасида ҳам қардошлик пайдо бўлади. Чунки икки ёшдан кичик боланинг озуқаси сут бўлади. У эмган сут суягига ўтиб, вужудининг шаклланишига ва бошқа ўсиш жараёнларига омил бўлади. Бир хил сут билан озиқланган болаларнинг шаклланган масалалари бир бўлгани учун улар шаръий ҳукм бўйича эмикдош ака- ука, опа- сингил, она- қиз бўладилар.
Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам) шундай эмикдошлар орасидаги никоҳ масаласини баён қилган ҳадисларида: "насаб бўйича ҳаром бўлган нарса, разоъ-эмиш бўйича ҳам ҳаром бўлади", деганлар. Қуръони каримда "...эмизган оналарингиз, эмишган опа- сингилларингизнинг никоҳи ҳаром қилинди" (Нисо, 23- оят). Бу жумлада эмиш орқали никоҳи ҳаром бўлган аёллар зикр қилинмоқда. Буни мусулмонлардан бошқалар ҳам энди- энди тушундилар.
М.Мамаюсупова,Косон тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари