1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

ШАЪБОН ОЙИ ФАЗИЛАТЛАРИ

21-01-2026, 15:36 515 Ўқиш режими + -
Маълумки, Аллоҳ таоло томонидан инсонларга ато этилган умр неъмати жуда қадрли ва қимматлидир. Унинг ҳар бир дақиқасининг қадрига етиш ва беҳуда зое бўлишининг олдини олиш ҳар бир онгли инсоннинг бурчидир. Ой ва кунлар ичида шундайлари борки, унда қилинган тоат-ибодат ва солиҳ амаллар бошқа кундагига қараганда савоби ортиқроқ бўлади. Ана шундай фазилатли ойлардан бири Шаъбон ойи бўлиб, унинг бошқа ойлар ичида ўзига хос ўрни бор. Бугунги мавъизамизда мана шу ой фазилатлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Ҳижрий-қамарий тақвимнинг саккизинчи ойи Шаъбондир. Бу ойга боғлиқ бир қанча маълумотлар бор. Улардан баъзиларини эътиборингизга тақдим этишга ҳаракат қиламиз.
Бу ойда кечган энг муҳим тарихий ҳодисалардан бири “Таҳвили қибла”, яъни Қибланинг ўзгартирилиш воқеасидир. Ҳижратнинг биринчи йили, Шаъбон ойининг 15-кунларида қибла Қудси шарифдан Хонаи Каъбага кўчирилган. Бу тўғрида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: яъни: “Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб ўгириб туришингизни кўраяпмиз. (Хотиржам бўлинг) Сизни ўзингиз рози бўладиган қиблага (Каъбага) юзингизни ўгиртирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром (Каъба) томонга буринг! (Эй, мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангиз, юзларингизни ўша тарафга бурингиз!..”.
Маълумки, Расули акрам (сав) Маккаи мукаррамада турганларида қибла Байтул Мақдис томонида эди. Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин қибла яна боболари Иброҳим (а.с)нинг қибласи – Каъба томонга ўзгаришини иштиёқ ила кутган эдилар.
Қибла ҳақида яна ушбу ояти карима ҳам нозил бўлган: яъни: “...Сиз юзланган олдинги қиблани Биз фақат орқага қайтиб кетаётганлар ичида ким пайғамбарга эргашар экан, деб қилдик (қайта тикладик). Албатта, бу (ўз қибласини ўзгартириш) Аллоҳ ҳидоят этган кишилардан ўзгалар учун оғир ишдир. Аллоҳ имонларингизни (Байтул-Мақдисга қараб ўқиган олдинги намозларингиз ажрини) зое кеткизмас. Албатта, Аллоҳ одамларга нисбатан меҳрибон ва раҳмлидир”. 
Шаъбон ойи энг улуғ ва фазилатли ойлардан бири эканлигига далиллар жуда кўп. Расулуллоҳ (сав) бу ойни юқори баҳолаб, шундай марҳамат қилганлар: яъни: “...Шаъбон ойи менинг ойимдир. Ҳар кимки Шаъбон ойини улуғлаб, таъзимини бажо келтирса, қиёмат куни ул кишига жаннатдан жойни ўзим тайёрлаб тураман”.
Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ (сав): “... Шаъбон ойининг бошқа ойларга нисбатан улуғлиги гўё менинг бошқа Пайғамбарлардан улуғлигим кабидир...”, - деб ҳам марҳамат қилган эканлар.
Расулуллоҳ (сав) бежизга Шаъбон ойини ҳурматламаганлар. Чунки инсон Рамазон ойи рўзасига ҳозирлик қилиш билан биргаликда ўзини ҳар томонлама ушбу ойга тайёрлайди. Рамазон ойидан олдинги ойда, яъни Шаъбонда рўза тутишни яхшилаб машқ қилиб Рамазонга кирилса, унинг рўзаси яна ҳам мукаммал ва бенуқсон бўлади. Бу худди фарз намозидан олдин суннат намоз ўқиб яхшилаб тайёргарлик кўриб олишга ўхшайди.
Али (рз.)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (сав): яъни: “Қачон Шаъбон ярми кечаси бўлса унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки, ўшанда, Аллоҳ қуёш ботиши пайтида дунё осмонига тушади ва: “Қани, истиғфор айтувчи борми? Мен унга ризқ берурман. Қани балога учраган борми? Мен унга офият берурман. Қани фалончи, қани фистончи?”, дейди. Токи тонг отгунча шундоқ бўлади”, - дедилар.
Ҳазрати Алидек улуғ саҳобий бунчалик аҳамиятли гапни ўзларидан айтмайдилар. Албатта, бу ҳақда Пайғамбаримиз (сав)дан бир нарса эшитганлар ва ўша эшитган маъноларини ўз иборалари билан ифода этганлар. 
Ушбу ривоятга биноан Шаъбон ойи қоқ ярмининг кечаси ҳам, кундузи ҳам улуғ ва баракали вақтлар эканлиги келиб чиқади. Шу сабабдан ҳам ҳазрати Али (рз.)нинг тавсияларига биноан кундузни рўза, кечасини бедорлик ибодати билан ўтказишга ҳаракат қилмоқ керак бўлади. Мазкур кечани “Бароат” кечаси дейилади.
Шаъбон ойининг 15-куни ва кечаси, яъни 14-куннинг қуёш ботган вақтидан то эртаси 15-куннинг қуёш ботган вақтигача ойнинг энг улуғ айёмларидан ҳисобланади. Бароат кечасининг улуғлиги ҳақида эса ривоятлар жуда кўп. Бароат кечасида бир йил ичида бўлажак ишлар ҳақида қазою-ҳукм қилиниши, ажал ва умрлар белгиланиши ва қилинган амалларнинг саҳифалари Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилиб намойиш қилиниши каби ҳодисалар бўлиб ўтиши китобларимизда баён қилинган. Шу куни Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфирати ер юзига муттасил ёғилиб тураркан. Агар унинг устига яна истиғфор ҳам айтилса, албатта, Аллоҳ таоло катта-кичик гуноҳларни мағфират этиб юбориши ҳақида ривоятлар кўп. Бу кечада Ҳақ таоло то субҳ вақтигача ушбу тарзда нидо қилар экан: “Истиғфор айтувчилар бормики, гуноҳларини кечсам, бирор бало ёки мусибатга мубтало бўлганлар бормики, нажот сўрасалар, офият бахш этсам, ризқу-рўзи сўраганлар бормики, ризқини зиёда қилсам”, каби нидолар билан тонг отар экан.
  Аллоҳ таоло банданинг ихлос ва эътиқод билан қилган барча солиҳ амалларини, чин дилдан, самимий қилган тавбасини ҳар доим ҳам қабул қилишини ваъда қилган. Бироқ, Шаъбон ойида солиҳ амалларни кўпроқ қилишга тарғиб этилишидан мақсад, бандаларни келаётган Рамазон ойига жисмонан ва руҳан тайёрланиб бормоқларини таъминлашдир. Маълумки, омма орасида бароат кечасида юзлаб ракъат намоз ўқиш керак, деган тушунча юради. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло малоллик билан қилинган ибодатни қабул қилмайди. Расулуллоҳ (сав)нинг ҳеч қачон тунги таҳажжуд намозини саккиз ракъатдан оширмаганликлари ривоят қилинган. Энг тўғри йўл албатта, Расулуллоҳ (сав)нинг суннатларига эгашишдадир. Шундай экан, Шаъбон ойида ўзимизни қийнамаган ҳолда, бақадри ҳол нафл рўза ва ибодатлар қилиб, асосий ибодат ойи бўлмиш Рамазони шариф ойини ҳам жисмонан ҳам руҳан қувват олган ҳолда кутиб олмоғимиз лозим. 
Аллоҳ таолонинг наздида инсоннинг қадри баланддир. Шунинг учун ҳам У инсонни азизу мукаррам қилиб яратиб, уни ибодатга буюрди. Ибодатларни адо этиб юрган киши кўпгина инсоний фазилатларга эга бўлади, инсонга номуносиб феъл-атворларни тарк этади. Демак, Ислом шариатида буюрилган барча амаллар инсонларни комилликка етаклаб, уларни ўзаро меҳр-оқибатда, иззат-ҳурматда ҳаёт кечиришларига чорлайди.
  Мана шундай муборак ойнинг муборак кунларида ва тунларда эзгулик ва хайрли ишларни кўпроқ қилишга ҳаракат қилайлик. Жумладан, маҳаллаларда қийналган, ночор инсонлар бўлса, уларга ёрдам кўрсатишлик, боқувчиси бўлмаган кексаларга мурувват қилиб, уларнинг дуоларини олишлик, ота-онасидан айрилиб қолган етим болаларга ғамхўрлик қилишлик, сийлаи раҳмга эътибор беришлик, касал ётган беморлар бўлса, уларнинг ҳам холидан хабар олишлик шулар жумласидандир.
Аллоҳ таоло барчаларимизга Ўзининг розилигига эриштирадиган солиҳ амалларни қиладиган бандаларидан бўлишимизни, Шаъбон ойи кечасини ғанимат билиб, уни рўза ва тоат-ибодат билан ўтказишини насибу рўзи этсин ва жаннатмакон диёримиз фаровонлиги ва жамиятимиз тараққиёти йўлида олиб бораётган хайрли амалларимизни баракотли қилсин 
 
Х.Хонимов,
Деҳқонобод тумани бош имом-хатиби                                     
Muslim.uz материаллари асосида