1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Радикал ғояларга қарши маърифат йўли

22-01-2026, 13:48 139 Ўқиш режими + -


Ҳозирги глобаллашув даврида ахборот тез тарқалади, ғоялар эса чегара билмайди. Бу ҳолатнинг ижобий жиҳатлари билан бирга хавфли томонлари ҳам мавжуд. Айниқса, ёшлар орасида диний билимни нотўғри манбалардан олиш натижасида радикал фикрлар пайдо бўлиши катта хавф ҳисобланади. Шу боис бугунги кунда энг самарали ечим – радикализмга қарши маърифат ва тўғри билим йўлидир.

Исломнинг ўзи зўравонлик ва тажовузни қаттиқ қоралайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

مَنْ قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا

“Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир”. (Моида сураси, 32-оят).

Бу оят инсон ҳаётининг муқаддаслигини ва ҳар қандай зўравонликнинг исломга зид эканини очиқ кўрсатади.

عن عبد الله بن عمرو ـ رضي الله عنهما ـ عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: "المسلم من سلم المسلمون من لسانه ويده..."  رواه البخاري ومسلم 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Мусулмон одамлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир”, дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).

Демак, ҳақиқий мусулмон бошқаларга зарар етказмайди.

Кўп ҳолларда радикал ғоялар илмсизлик ва нотўғри тушунчалардан пайдо бўлади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ

“Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!”
 
(Зумар сураси, 9-оят)

Тўғри диний билим инсонни адашишдан сақлайди. Шунинг учун радикализмга қарши энг кучли қурол – илм ва маърифатдир.

Радикал ғояларга берилганлар кўпинча динни ўзбошимчалик билан талқин қиладилар. Ислом эса Қуръон, суннат ва уламолар изоҳи асосида ўрганилиши шарт. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

“Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан сўрангиз!”. (Наҳл сураси, 43-оят)

Демак, ҳар қандай диний масалада ишончли уламоларга таяниш зарур.

Ёшларда танқидий фикрлаш, китоб мутолааси ва ҳақиқий диний билим шаклланса, улар ёт ғояларга берилмайди. 

عن مُعَاوِيَةَ بن أبي سفيان رضي الله عنهما قال: سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَنْ يُرِدِ اللَّهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ. رواه البخاري ومسلم

Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, унга динни тўғри тушунишни насиб этади”, дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).

Динни тўғри тушунган инсон радикал чақириқларга алданмайди.

Радикализмга қарши кураш фақат хавфсизлик чоралари билан эмас, балки таълим ва тарбия орқали амалга ошади. Оилада соғлом муҳит, мактабда маърифий тарбия, жамиятда тўғри ахборот сиёсати муҳим ўрин тутади.

Хулоса қилиб айтганда, радикал фикрларга қарши энг самарали йўл – маърифат йўлидир. Илмли, тўғри эътиқодли ва мустақил фикрлайдиган авлодни тарбиялаш жамият хавфсизлиги ва барқарорлиги кафолатидир. Зўравонлик эмас, илм; нафрат эмас, ҳикмат; бузғунчилик эмас, маърифат – ҳақиқий ислом йўлидир.

 

Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси

Ўқитувчиси Қодиров Омон