Бугунги кунда интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Давлат ва нодавлат идоралари, таълим муассасалари, банк тизими, тадбиркорлик субъектлари ва ҳатто оддий фуқаролар ҳам кундалик фаолиятида ахборот технологияларига таянади. Аммо имкониятлар билан бирга хавф-хатарлар ҳам ортмоқда. Шулардан энг долзарбларидан бири-ҳакерларнинг интернет орқали амалга ошираётган ҳужумларидир.
Ҳакерлик ҳужумлари нима?
Ҳакерлик ҳужуми-бу ахборот тизимларига рухсатсиз кириш, маълумотларни ўғирлаш, ўзгартириш ёки йўқ қилиш, шунингдек, тизим фаолиятини издан чиқаришга қаратилган ҳаракатлар мажмуасидир. Бундай ҳужумлар турли мақсадларда амалга оширилади: молиявий манфаат, сиёсий босим, шантаж, рақобатчиларга зарар етказиш ёки шунчаки “кўникмани синаш” учун.
Ҳозирги вақтда қуйидаги ҳаккерлик ҳужумлари кенг тарқалган:
Фишинг-сохта сайтлар ёки хабарлар орқали фойдаланувчининг логин, пароль ва банк маълумотларини қўлга киритиш.
Зарарли дастурлар (вирус, троян, ransomware)-қурилмага яширинча ўрнатилиб, маълумотларни ўғирлайди ёки тизимни блоклаб қўяди.
DDoS ҳужумлари-серверга жуда кўп сўров юбориш орқали уни ишдан чиқариш, маълумотлар базасига ҳужум-ташкилотларга тегишли махфий маълумотларни ошкор қилиш ёки сотиш.
Қисқача айтганда, “пароль оддийгина 123456” бўлса, ҳакерга алоҳида меҳнат қилиш ҳам шарт эмас.
Ҳакерлик ҳужумлари жуда жиддий оқибатларга яъни молиявий йўқотишлар, шахсий маълумотларнинг ошкор бўлиши, давлат ахборот хавфсизлигига таҳдид ва бошқа оқибатларга олиб келиши мумкин.
Айрим ҳолларда бундай ҳужумлар бутун тизимнинг тўхтаб қолишига сабаб бўлади.
Ҳакерлик таҳдидларига қарши курашиш учун мураккаб ва уникал пароллардан фойдаланиш, икки босқичли аутентификацияни жорий этиш, лицензияланган ва янгиланиб турувчи дастурлардан фойдаланиш, шубҳали ҳаволалар ва файлларни очмаслик, ходимлар ва фойдаланувчиларнинг киберсаводхонлигини ошириш зарур.
Ахборот хавфсизлиги-бу фақат дастур эмас, балки маданиятдир. Ҳакерларнинг интернет орқали ҳужумлари замонавий жамият учун жиддий ва доимий таҳдид бўлиб қолмоқда. Бу муаммога бепарво қараш мумкин эмас. Ҳар бир фойдаланувчи, ташкилот ва давлат ўз ахборот хавфсизлиги учун масъул эканини англаши лозим. Технологиялар ривожланаётган бир пайтда, улардан хавфсиз фойдаланиш - келажак тараққиётининг муҳим шартидир.
Наргиза Садатова Ўзбекистон мусулмонлари идорасинингҚашқадарё вилоятидаги вакиллиги ҳуқуқшуноси