Дунёда шундай бир неъмат борки, унинг ўрнини хеч қандай замонавий технология ёки сунъий махсулот боса олмайди. Бу она -сутидир.
Гўдак дунёга келган илк дақиқаларданоқ унга хам озуқа, хам ҳимоя, ҳам чексиз меҳр берувчи бу оқма олтин ҳаётнинг давомийлиги ва соғлом ҳаёт гаровидир.Она сутининг таркиби шунчалик мураккабки, олимлар уни ҳали ҳам сунъий равишда тиклай олишмаган.У шунчаки овқат эмас, балки “тирик суюқлик”дир.
Она сути таркибидаги иммуноглобинлар болани турли инфексиялардан ҳимоя қилади. Бу боланинг илк ваксинасидир.Ажабланарлиси шундаки, агар гўдак касал бўлса, она сутининг таркиби ўзгариб, айнан ўша касалликка қарши курашувчи антитаначалар ишлаб чиқара бошлайди.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, она сути билан озиқланган болаларнинг ақлий салоҳияти бошқаларга қараганда Юқорироқ бўлади. Сут таркибидаги махсус ёғ кислоталари боланинг мия тўқималари ва кўриш қобилияти шаклланишида асосий рол ўйнайди.
Сунъий аралашмалардан ўлароқ, она сути гўдакнинг ҳали нозик бўлган ичак тизимида жуда енгил ҳазм бўлади ва турли санчиқлар (коликолар)нинг олдини олади.
Эмизиш жараёни- бу шунчаки озиқлантириш эмас, балки она ва бола ўртасидаги энг кучли руҳий мулоқотдир.
Она бағрида, унинг юрак уришини эшитиб эмаётган гўдак ўзини дунёдаги энг хавфсиз жойда ҳис қилади. Эмизиш нафақат бола учун, балки она учун ҳам фойдалидир. У туғруқдан кейинги тикланишни тезлаштиради ва онада турли хавфли касалликлар (масалан, саратоннинг айрим турлари) хавфини камайтиради.
“Она сути – бу фақатгина оқсил ва витаминлар йиғиндиси эмас, бу онанинг боласига берган илк мухаббати ва ғамхўрлигининг моддийлашган шаклидир”.
Халқимизда “Сути поклик-ўзи поклик “ деган гап бежиз айтилмаган. Боланинг нафақат жисмонан бақувват, балки рухан соғлом ва оқибатли бўлиб улғайишида она сутининг ўрни беқиёсдир.Шундай экан, ҳар бир гўдак бу илоҳий неъматдан баҳраманд бўлишга ҳақлидир.
Соғлом она ва баҳтли бола – жамитимизнинг энг катта бойлигидир!
Насиба Ботирова,
Қашқадарё вилоят бош имом- хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари