Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан диний соҳа вакиллари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш мақсадида спорт мусобақалари изчил равишда ташкил этилмоқда.
Шу муносабат билан волейбол, стол тенниси, шахмат ва шашка спорт турлари бўйича мусобақаларнинг финал босқичи ўтказилиб, унда шаҳар ва туманлардан ғолиб бўлган диний соҳа вакиллари фаол иштирок этдилар.







Мусобақалар қизғин ва муросасиз баҳслар остида ўтиб, иштирокчилар ўзларининг жисмоний ва ақлий салоҳиятларини намоён этдилар. Натижада ҳар бир спорт тури бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Тадбир якунида ғолиб бўлган иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, улар кейинги босқич мусобақаларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.
Таъкидлаш жоизки, мусобақаларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов ва Қашқадарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Фарҳод ака Кушаковлар иштирок этиб, тадбир иштирокчиларига ўзларининг эзгу тилакларини билдириб, Республика босқичидаги иштирокларига омад тиладилар.
Мазкур спорт мусобақаларини юқори даражада ташкил этиш, зарур шарт-шароитлар яратиш ва унинг мазмунли ўтишида яқиндан кўмаклашган Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят спорт бошқармаси раҳбарияти ва ходимларига чуқур миннатдорчилик изҳор этамиз.
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати.