1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ота-онанинг бир лаҳза эътибори фарзандни ҳалокатдан сақлаши мумкин

28-01-2026, 11:03 97 Ўқиш режими + -
Бугун ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар онгида ўз юртига, жамиятига нисбатан салбий фикрларни уйғотишга уринаётган шахслар ва гуруҳлар мавжуд. Улар турли ёлғон маълумотлар, бўрттирилган камчиликлар ва асоссиз танқидлар орқали ишончсизлик, норозилик ва бефарқлик кайфиятини шакллантиришга ҳаракат қилмоқда. Айниқса, ҳаётий тажрибаси кам бўлган ёшлар бундай таъсирларга осон берилмоқда. Шу боис, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ҳар қандай хабар ва даъватга танқидий ёндашиш, унинг манбасини текшириш ҳамда ёшларни бундай ғаразли таъсирлардан огоҳ этиш ҳар биримиз учун муҳим вазифадир.
Биз одатда “фалончи фарзандим чет элда ишлаяпти, ўз йўлини топиб кетди”, “кичиклари ҳали мактабда дарси билан машғул” деган таскинли фикрлар билан ўзимизни хотиржам қилиб юрамиз. Аммо айнан шу хотиржамлик, шу бепарволик айрим ҳолларда кечириб бўлмас оқибатларга олиб келаётганини тан олишимиз керак. Чунки бугун фарзандларимиз фақат кўча ёки иш жойида эмас, балки интернет маконида, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам турли ёт ғоялар таъсирига тушмоқда.
Афсуски, баъзан ота-она боласининг қаерда юргани, унинг кимлар билан мулоқот қилаётгани, нима ўқиётгани, қайси ғояларга ишонаётгани билан қизиқилмайди. Ана шу бўшлиқдан фойдаланиб, маккор ва ёвуз кучлар ёшлар онгига секин-аста ўз ғаразли ғояларини сингдирмоқда. Улар аввал ёрдам, дўстлик, “ҳақиқат йўли” ниқоби остида яқинлашади, кейин эса нафрат, адоват ва зўравонлик уруғини сочади.
Энг ачинарлиси, кечагина ота-онасининг орзу-умидлари бағрида улғайган фарзанд, билмасдан, бошқалар қўлида жамиятга, Ватанга ва ҳатто ўз оиласига қарши қаратилган қуролга айланиб қолиши мумкин. Шундай оғир ҳолатда айбни фақат ташқи кучларга юклаб қўйиш қанчалик тўғри? Ахир, фарзанд тарбиясидаги илк ва асосий масъулият кимнинг зиммасида? Албатта, ота-онанинг.
Фарзандни дунёвий ташвишлар билан таъминлаш, уни ўқитиш ёки ишга жўнатишнинг ўзи етарли эмас. Агар унинг қалби бўш қолса, бу бўшлиқни бошқалар тўлдириши аниқ. Шу боис, ҳар бир ота-она фарзандининг нафақат жисмоний, балки маънавий ҳолатидан ҳам доимо огоҳ бўлиши, унинг фикрлаши, қарашлари ва руҳий кечинмалари билан қизиқиб бориши шарт.
Ўзимизга ростдан ҳам савол бериш вақти келди: агар фарзандимиз нотўғри йўлга кириб қолса, уни вақтида тўхтатмаган, унга етарлича эътибор бермаган ким? Бундай пайтда “билмадик”, “сезмадик” деган баҳоналар юракни енгил қилмайди. Чунки бу омонат — фарзанд — бизга ишониб топширилган энг муқаддас неъматдир.
Демак, бугун ҳар биримиз уйғоқ бўлишимиз, фарзандларимиз билан мулоқотни кучайтиришимиз, уларнинг ҳаётига бефарқ бўлмаслигимиз керак. Чунки ота-онанинг бир лаҳза эътибори фарзандни ҳалокатдан сақлаб қолиши мумкин. Бу борада масъулиятни бошқаларга эмас, аввало ўзимизга юклашимиз шарт.

 Азамат Усмонов