1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МАЪНАВИЙ ЗАРАРДАН ОГОҲЛИК

28-01-2026, 12:00 139 Ўқиш режими + -
Аёллар бир жойга йиғилишса, ҳамма ўз дардини, кечинмаларини айтиб қолади, ҳасратлашади, ғийбатлашади.Чунки табиатан кўнгли юмшоқ, яхшиликдан  гул бўлиб очиладиган, ёмонликдан тезда тушкунликка тушадиган аёл зоти бироз мўртроқ яралган.Шундай давралардан бирида мен ҳам бор эдим. Аёлларнинг бири олиб, бири қўйиб, катталарга қараганда руҳан ва жисмонан кучсиз бўлган гўдакларни четдан олаётган ахборотлар бўҳронидан асралмаса, тарбияда катта муаммолар юзага келиши ҳақида баҳс- мунозарага киришиб кетишди.
Чиндан ҳам мутахассислар фикрича, виртуал олам асирига айланган болаларда руҳий зўриқиш- стресс кузатилади.Виртуал мулоқотнинг салбий томони шунчалар хавфлики, бола ҳеч нарсани кўрмайди, эшитмайди, ҳамма нарсани унутади, атрофида нималар содир бўлаётганига лоқайд бўлиб қолади.Интернетга боғланиб қолган болалар, асосан, маълумотларни виртуал оламдан олади.  
Ёши улуғ, нуроний аёл афсус- надоматлар билан набирасининг қарийб балолар комига тушиб қолаёзганини сўзлаб берди.Унинг айтишича, юраги орзуларга лиммо-лим, яхши ўқийдиган бола тенгқур йигитчалар билан компьютер ўйинларига берилиб қолгани, ҳеч кимнинг гапига кирмай, интернетдаги " дўсти"нинг маслаҳатларига сўзсиз итоат қила бошлаганини гапириб берди. Натижада боланинг саводхонлик даражаси  пасайиб, дунёқараши ўйинлар, ижтимоий тармоқлар ва виртуал мулоқотлар билангина чекланиб қолади. Мактабнинг олд ўқувчиларидан бўлган бола  фикрлашни тўхтатади, насиҳатлардан энсаси қотади, яқинларидан совиб бораверади. Атрофидаги одамлар билан мулоқот эҳтиёжи йўқолади. Уйдагилар ўйинлар учун пулдан қисиб қўйгач, қарзлари кўпайиб кетиб, қимматбаҳо телефон гаровга олиб қўйилади.
Бувиси, онасига эркаликлар қилиб, пул ундиролмагач, секин- аста чўнтакка тушади ва қилмиши аён бўлиб, отасидан калтак ейди. Барча ахлоқий қадриятлар у учун маъносини йўқотиб, жиззакилик, жазодан чўчимаслик, масъулиятсизлик ҳисси ортгандан ортаверди.
- Болам, бўйинг билан бўйи тенглашиб қолган болангдан ажралиб қолишдан қўрқмайсанми? Ахир кўрмаяпсанми, тўғри йўлдан тойган болалар катталардан ўч оламан, деб бадтар бахтсизликлар гирдобига тушиб қолаяптику! Бургага аччиқ қилиб, кўрпани ёқишдан аввал каллани ишлат. Руҳшуносга мурожаат қилсанг, болангга фойдаси тегади. Кўчада психолог, уйда биз- катталар ҳамжиҳатлик билан ишласак, ижобий ечимга эришамиз.
Аввало, телефондан ажралиб, тушкун кайфиятда юрган болага психолог мутахассис ёрдамга келди.Хато йўлга кириб, тарбиясиз болалардан ёмонлик юқтириб олган, жиноят кўчасида адашган шу ёшдаги тенгқурлари бошига тушган кўнгилсизликларни тушунтириш ишлари, чўнтакка етказилган зарар оқибатлари далиллар асосида онггига сингдирилди.Интернетдаги таҳдидлар нақадар аянчли кулфатлар келтириши видео роликлар орқали намойиш этилди. Ҳаракатлар бесамар кетмади. Синф раҳбари, ота-она, бобо- бувиларнинг меҳри, атрофимизда изғиб юрган бузғунчи сайтларга билмай кириб, товонини совурилган бахтиёр болалик ва умр билан тўлаётган ёшлар ҳақидаги воқеий ҳикоялар таъсирини кўрсатмай қолмади.
Ҳа, мусулмон одам ўзига берилган умрдан самарали фойдаланиши, вақт неъматининг қадри, ҳар лаҳзасидан сўроқ борлигини бир зум унутмаслиги керак .Биз катталар буни жон томиримиз бўлган фарзандларга англатмоғимиз зарур.
Аллоҳ таоло айтади:" Уларнинг кўп шивирлашиб гаплашишдарида яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир.Кимда-ким. Аллоҳ ризоси учун бу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз".( Нисо сураси, 114- оят).
М.Мамаюсупова, 
Косон туман бош имом- хатининг хотин- қизлар масалалари бўйича ўринбосари.