1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Маромий тўй: оила ва келажак учун ақлли танлов

3-02-2026, 07:13 78 Ўқиш режими + -
Тўй ва турли тадбирлар халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари ва маънавий дунёси намоён бўладиган муҳим ижтимоий воқеалар ҳисобланади. Бундай маросимларда маромийликка яъни, ҳамма нарсани ўз ўрни, вақти ва меъёрида қилиш жамиятда соғлом муҳитни сақлашнинг муҳим шартидир.
Маромийликка амал қилинмаган тўйлардаги энг катта исрофлардан бири -  ортиқча харажатдир. Қиммат ресторанлар, ҳаддан ташқари кўп меҳмон чақириш, бир неча кун давом этадиган маросимлар катта маблағ талаб қилади. Яна бир исроф — ортиқча таомлар тайёрлашдир. Меҳмонлар сонига нисбатан анча ортиқ овқат тайёрланиб, унинг катта қисми истеъмол қилинмасдан қолиб кетади. Бу ҳолат нафақат иқтисодий, балки ахлоқий жиҳатдан ҳам ноўрин ҳисобланади. Исроф ва дабдаба нафсни қониқтириб, оилавий ва маънавий барқарорликка хатар солади. Шундай экан, неъматларни меъёрда ва фойдали мақсадларга ишлатиш — ҳақиқий оқиллик ва тақво белгисидир.
Маромийлик сақланмаган тўйларда дабдабали либослар ва безаклар ҳам исрофга сабаб бўлади. Қиммат келин либослари, фақат бир кун кийиладиган кийимлар ва ортиқча саҳна безаклари тўйлардаги энг кўп учрайдиган исроф турларидан ҳисобланади. Келин учун жуда қиммат либос харид қилиниб, у фақат тўй кунигина кийилиши кўп ҳолларда катта маблағнинг бекорга сарфланишига олиб келади. Шунингдек, махсус буюртма қилинган безак буюмлари ҳам тўйдан кейин деярли фойдаланилмайди. Бу каби дабдабали тайёргарликлар тўй мазмунига эмас, ташқи кўринишга ортиқча эътибор қаратилганини кўрсатади. Натижада эса оила учун қўшимча харажат, қарздорлик ва иқтисодий босим юзага келади. Айрим ҳолларда оилавий муаммоларга, ҳатто ажримгача олиб келаётгани ҳам кузатилмоқда. Чунки тўй учун қилинган катта харажатлар кўпинча қарз ёки кредит ҳисобидан қопланади. Бу эса ёш оиланинг ҳаётини қарздорлик ва моддий босим билан бошлашига сабаб бўлади. Молиявий қийинчиликлар эса эр-хотин ўртасида келишмовчиликларни кучайтиради. “Ким айбдор?”, “Нима учун бунча харажат қилинди?” каби саволлар ўзаро ишонч ва муҳаббатга путур етказади. Айрим ҳолларда эса тўйдаги ортиқча дабдаба икки томон ота-оналари ўртасида ҳам низоларга сабаб бўлади. Натижада, ҳали оилавий ҳаётга мослашиб улгурмаган ёшлар доимий молиявий муаммолар ва руҳий босим остида қолади. Бу ҳолат сабр-тоқатнинг етишмаслиги, ўзаро тушунишнинг камайиши билан қўшилиб, афсуски, баъзи оилаларда ажримга олиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев кўп марта ушбу иллатлар ҳақида тўхталиб ўтиб, жумладан шундай деганлар: “Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади”. 
Маромийлик асосида ўтказилган тўйда исрофгарчиликка йўл қўйилмайди, ортиқча харажатлар камайиб, оила иқтисодий қийналмайди. Бу эса ёш оиланинг қарзсиз, тинч ва барқарор ҳаёт бошлашига замин яратади. Бундай тўйларда меҳмонлар учун қулай муҳит яратилади, тадбир ўз вақтида бошланиб, тартибли тарзда ўтади. 
Маромий тўйлар миллий қадриятлар ва одоб-ахлоқ меъёрларини сақлашга хизмат қилади, оиланинг жамиятдаги ҳурматини оширади. Ортиқча шовқин ва ташвишлар бўлмагани учун ҳам тўй эгалари, ҳам меҳмонлар руҳий хотиржамликка эришади. Энг муҳими, бундай тўйлар ёшларга ибрат бўлиб, жамиятда соғлом маънавий муҳит шаклланишига ҳисса қўшади.
Маромий ўтказилган тўй ва тадбирлар ортиқча маблағни фарзандларнинг келажаги учун сарфлаш имконини беради. Масалан, уларнинг таълимига, соғлиғига ва шахсий ривожига сарфланадиган маблағ оила учун узоқ муддатли инвестиция саналади. Шу билан бирга, бу фарзандларда ҳам тежамкорлик ва мақсадли ҳаракат қилиш одобини шакллантиришга ёрдам беради.
Дарҳақиқат, Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Агар бир тўйга кетадиган маблағнинг бир қисмини ёшларнинг ҳақиқий эҳтиёжига, оила юмушларини енгиллаштиришга, эртага туғиладиган гўдакларни соғлом қилиб ўстириш, болаларимизга чуқур билим бериш, бир сўз билан айтганда, замонавий ҳаёт ва турмуш тарзига жавоб берадиган мақсадларга сарф қилсак, бу энг оқилона ва савоб иш бўлур эди”.
Хулоса қилиб айтганда, маромийлик — бу ҳаётда мувозанатни сақлаш, оила бахти ва фарзандлар келажагини таъминлашнинг энг самарали йўлидир.
 
Азамат УСМОНОВ