Инсон обрўси — унинг жамиятдаги ҳурмати ва ишончидир. Уни асраш ҳар бир инсон учун муҳим ҳисобланади. Бировнинг обрўсига путур етказиш эса шахсга ҳам, жамиятга ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Обрўга тажовуз қилиш турли кўринишларда намоён бўлади: асоссиз гап-сўзлар, ҳақорат, ғийбат, бўҳтон, шахсий ҳаётга аралашиш ёки текширилмаган ахборотни тарқатиш. Бундай хатти-ҳаракатлар инсонни руҳий жиҳатдан эзади, одамлар ўртасида ишончни сусайтиради.
Ахборот тез тарқаладиган замонда ҳар бир сўз ва ҳаракат учун масъулият бор. Айтилган гап ёки ёзилган сатр кимнингдир ҳаётига жиддий таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун мулоҳазали бўлиш, ҳурматни сақлаш ва ҳаққонийликка амал қилиш муҳимдир.
Обрўни асраш — ўзаро ишонч, маданият ва соғлом жамият асосидир. Ҳар бир инсон ўз сўзи ва муносабати билан жамиятдаги муҳитга таъсир қилаётганини унутмаслиги керак.
Ражабхон ҚИЯМОВ,
Нишон тумани бош имом-хатиби