Рамазон – меҳр-оқибат, хайру саховат ва шукроналик ойидир. Давлатимиз Раҳбарининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик, ва шукроналик ойи” деган эзгу шиор асосида жуда ҳам файзли ўтмоқда.
Айниқса, қутлуғ ой бошлангандан буён элнинг корига яраб юрган оқибатли инсонлар, меҳнат фахрийлари ва кекса нуронийларга алоҳида эҳтиром кўрсатиш, эҳтиёжмандларни йўқлаш, ёлғиз кексалар, беморлар ҳолидан хабар олиш ишлари ҳамюртларимизни чексиз қувонтирмоқда.
Раҳмат даҳаси кунларида Сурхондарё сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларидаги уламолар Термиз тумани “Муҳиддин Эштемиров” маҳалласида истиқомат қилувчи, диний-маърифий соҳада узоқ йиллар хизмат қилган меҳнат фахрийси, "Шуҳрат" медали соҳиби, дуогўй нуроний Жўра ота Турсунов хонадонида бўлдилар.
Самимий суҳбат чоғида халқ розилиги йўлидаги бундай ғамхўрликлар туфайли минглаб оилаларнинг мушкули осон бўлиб, миллионлаб диллар қувончга тўлаётгани, қанчадан-қанча беморлиги бор кишиларнинг даволаниш ва жарроҳлик амалиёти харажатлари қоплаб берилаётгани юртимизга файзу барака олиб келиши таъкидланди.
Жўра ота мана шундай эҳтиром ва эътибордан чексиз миннатдор бўлиб, ўтган давр билан бугунги доруломон кунларни қиёслаб, кўзида ёш ила Муҳтарам Президентимиз олиб бораётган савобли ишлар янада бардавом бўлиши, халқимиз ҳаёти бундан-да фаровон бўлишини тилаб дуолар қилдилар.
Таъкидлаш жоизки, бу йилги Рамазон ойи ҳар йилгидан кўра, кенг кўламли меҳр-оқибат ишлари орқали юртдошларимиз қалбига чексиз қувонч бахш этмоқда. Зеро, бу юртда инсон қадри — барча нарсадан устундир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати.