Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Рахматилло домла Усмонов муборак Рамазон ойи муносабати билан Бобоёровлар хонадонига ташриф буюрди. Ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад — муборак ойнинг фазилатлари, сабр-тоқат, меҳр-оқибат ва саховат каби юксак инсоний қадриятларни тарғиб қилиш, шунингдек, аҳоли билан яқиндан мулоқот ўрнатишдан иборат бўлди.
Ташриф давомида Рахматилло домла хонадон аҳли билан самимий суҳбат қуриб, уларнинг ҳол-аҳволи, турмуш шароити ва кундалик эҳтиёжлари билан қизиқди. Муборак Рамазон ойининг инсон қалбини поклаш, бағрикенглик ва ўзаро ёрдам туйғуларини мустаҳкамлашдаги аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритди. Айниқса, бу ойда эҳсон-инъом қилиш, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчи эканини таъкидлади.
Суҳбат давомида Қуръони карим тиловати қилиниб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва хонадон аҳлининг сиҳат-саломатлиги учун дуолар қилинди. Рустамовлар оиласи ҳам бундай эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканликларини билдириб, самимий миннатдорлик изҳор этдилар.
Мазкур ташриф муборак ойда аҳоли билан яқин мулоқот қилиш, уларни маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу ишлардан бири сифатида аҳамиятли бўлди.
Матбуот хизмати