1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Бу дунё – синов майдони

3-03-2026, 14:47 157 Ўқиш режими + -
Инсон — Яратганнинг ер юзидаги энг улуғ ва мукаррам махлуқидир. Аллоҳ таоло уни гўзал суратда, ақл-идрок, қалб ва виждон неъматлари билан мукаммал қилиб яратди. Шу билан бирга, инсон ҳаёти бефойда ва мақсадсиз яратилмаган. Унинг бу дунёдаги вазифаси — фақат еб-ичиш, мол-дунё орттириш ёки ўткинчи лаззатлар ортидан қувиш эмас. Балки у эзгулик қилиш, адолатли бўлиш, атрофидагиларга наф келтириш, Яратганнинг розилигини топиш учун яшайди. Инсоннинг ҳақиқий қадри мол-дунёси ёки мансаби билан эмас, балки унинг ахлоқи, одоби, қилган савоб ишлари билан ўлчанади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
 “Кимга яхшилик қилиш эшиги очилса, фойдаланиб қолсин, зеро унинг қачон ёпилишини билмайди”, – деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадиси шарифда қанчалар чуқур маъно мужассам! Яхшилик қилиш имконияти – Аллоҳнинг бандага берган катта неъмати. Чунки ҳар бир эзгу амал инсоннинг нафақат бу дунёси, балки охиратини ҳам обод қилади.
Яхши хулқ-атвор, одамларга меҳр-шафқат кўрсатиш, беғараз ёрдам бериш – бу оддий амал эмас, балки юксак инсонийлик нишонасидир. Буюк мутафаккирларимиз ҳам асрлар оша инсонларни эзгуликка, покликка, олижанобликка чорлаб келганлар.
Алишер Навоий ҳазратлари:
“Бу гулшан ичра йўқдур бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур яхшилик била қолса от”,
деб, инсон умри ўткинчи эканини, аммо яхшилик билан қолган ном абадий яшашини таъкидлайдилар.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам:
“Бори элга яхшилик қилгилки, мундин яхши йўқ,
Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ”,
деб, яхшиликни инсон учун энг улуғ мерос сифатида кўрсатадилар.
Шундай экан, ўз ҳаётимизга бир назар ташлайлик. Бу ўткинчи дунёда қандай амаллар билан машғулмиз? Ота-оналаримиз розилигини олиш, уларнинг хизматида бўлиш, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар ҳаққини адо этишда қанчалик масъулмиз? Ёки ўз айбимиз қолиб, бошқаларнинг нуқсонини излаш билан овора бўлиб қолмаяпмизми?
Инсоф, диёнат, уят, ор-номус, иффат, садоқат, вафо, ҳаё каби юксак фазилатлар ҳаётимиздан узоқлашиб, ўрнига ғийбат, туҳмат, риё, ҳасад каби иллатлар кириб келмаяптимикин? Силаи раҳм қилиш, қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш ўрнига, мерос ва мол-дунё талашиб, кўнгиллар орасида “кўринмас девор” қуриб қўймаяпмизми?
Баъзан эр-хотин ёки қайнона-келин ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли болалар маънавий етимга айланиб қолмоқда. Айрим фарзандлар эса бойлик ва имкониятга эга бўла туриб, кексайган, заифлашган ота-оналарини эъзозлаш ўрнига уларни қаровсиз қолдиришмоқда. Бу – нафақат инсонийликка, балки динимиз ва миллий қадриятларимизга ҳам мутлақо зид ҳолатдир.
Яна бир дард – вақтнинг қадрига етмаслик. Китоб ўқиш, илм ўрганиш, ҳунар эгаллаш ўрнига, ижтимоий тармоқларда бегона инсонлар билан беҳуда баҳс ва “гап сотиш”га соатлаб вақт сарфлаётганлар қанча? Ёшларимизнинг онгига интернет ва айрим оммавий ахборот воситалари орқали маънавиятимизга зид ғоялар сингдирилаётганига бепарво эмасмизми?
Тўй ва маросимларда ҳам меъёрни унутиб, исрофга йўл қўйиш ҳолатлари учраб турибди. Савоб қилаяпман деб, ортиқча сарф-харажатга берилмоқ – бу ҳам тўғри йўл эмас. Ислом дини ҳамиша меъёр ва тежамкорликка чақиради.
Азизлар, бу дунё – синов майдони. Мол-дунё, мансаб, шон-шуҳрат ўткинчидир. Шунинг учун Яратган берган неъматларга шукр қилиб, фарзандларимизга одоб-ахлоқ, илм ва ҳунар ўргатайлик. Оилаларимизни меҳр-муҳаббат, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик асосида қурайлик.
 
Азамат Усмонов