Мана Рамазон ойи тугаб, Шаввал яъни Ҳайит ойи ҳам бошланди. Рамазон ойида Аллоҳ таолонинг биз бандаларга фарз қилган рўзасини тутдик. Аллоҳ таоло тутган рўзаларимизни Ўз даргоҳида мақбул айласин!
Ҳайит байрами ўтгандан сўнг Шаввал ойида олти кун нафл рўзасини тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади.
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом” сураси, 160-оят).
Шаввал ойида олти кун рўза тутса, худди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Шаввал ойидаги олти кунлик нафл рўзасини ой бошидан ёки ой давомида тутса ҳам бўлади. Уламолар: "Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз", деганлар.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир”.
Шаввал ойида тутаётган олти кунлик нафл рўзасини Аллоҳ таоло Ўз даргоҳи мақбул айласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИнинг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги ходими