1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

НЕЪМАТЛАРНИНГ ЭНГ БУЮГИ ТИНЧЛИКДИР

27-03-2026, 09:06 163 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таолонинг бандаларига берган неъматлари жуда ҳам кўп уларни санаб саноғига етиб бўлмайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай марҳамат қилади: “Агарда Аллоҳнинг неъматларини санасангиз уни ҳисоблаб чиқолмайсизлар” (Иброҳим сурасининг 34 – ояти). Ушбу оятдан маълум бўлдики, ҳеч бир киши неъматни шукрини тўлиқ адо қилолмайди. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон ва раҳмли бўлганлиги учун бандаларни кечирди. Кечиришлигини шундай тушунишлик керакки: уларга ўзини эҳсонини беришликни узиб қўймайди, улар шукрни кам қилганлигига азобламайди, озгина шукрга ҳам рози бўлади ва уларга кўп савобларни бериб мукофотлайди. 
Бу икки неъмат нима эканлигини билишлик учун биз ҳадисга мурожаат қилсак мақсадга мувофиқ иш бўларди. Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай марҳамат қилдилар: “Икки неъмат борки инсонларни кўпи уни қадрига етишликдан маҳрумдир: Соғлик ва тинчлик. Ушбу икки неъматни қадрига етиб ҳаракат қилинса ва ундан оқилона ва одилона фойдаланса инсонлар нафақат дунёсидан балки охиратидан ҳам фойдаланадилар. Чунки дунё иши учун ҳам охират иши учун ҳам тинчлик жуда ҳам зарур неъмат ҳисобланади”. 
Тараққиётга эришиш учун эса кўпдан кўп қатъият ва қадриятларга қатъий амал қилиш зарур. Бағрикенглик, инсонпарварлик хислатларини шакллантириш, миллатлараро тотувлик, динлараро ҳамжиҳатликни, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барча фуқароларга, миллати ва диний эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликлар бериш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш аввалбошдан Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келяпти. Тинчлик ва инсон сўзи ҳаво билан сувдек эгизак тушунчалардир. Чунки инсон ҳамиша тинчликка ташна бўлиб, ҳар куни тинчликни соғиниб яшайди, мудом тинчлик осмонидан нафас олишга интилади.
Тоғнинг ўлкан чўққисида турган бургутга ҳам, полапонларига тумшўғида сув олиб учаётган қалдирғочга ҳам тинчлик керак. Тинчлик нафақат инсониятга, ҳайвонотга балки набодотга ҳам зарур неъмат ҳисобланади. Масалан, ям- яшил майсалар, ниҳоллар, дарахтлар ҳам тинчлик бағрида ўсади. Шундай экан тинчликни асраш энг олий бурч ҳисобланади. Тинчликнинг бунёдкори ҳам, бузғунчиси ҳам одамдир!
Қуръони Каримдаги “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида, 2), оятида ҳам юқоридаги мулоҳазанинг ўринли  эканлигини курсатади.  
Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида иймон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.
Тинчлик - фаровонликнинг муҳим омили. Осойишта юртда юксалиш бўлади, фаровон элдан хотиржамлик кетмайди. Истиқлол шарофати, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати самарасида саодатли, файзли кунларга мушарраф бўлмоқдамиз. Халқимиз буюк давлат барпо этиш йўлида улуғ бунёдкорлик ишлари билан банд. Миллатимиз табиатига хос меҳр-оқибат, аҳиллик, ўзаро ҳурмат синган хислатларнинг жамиятимиздаги ўрнини янада чароғон бўлишлиги, эзгу мақсадларимиз ижобатининг муҳим мезонидир. Шу боис эл-у юртимизнинг энг буюк бойлиги бўлган тинчликни мустаҳкамлаш, уни доимо асраш ҳар биримизнинг фуқаролик, фарзандлик бурчимиздир. Аллоҳ бу борада хизмат қилишда ҳаммамизга Ўзи мадад ва тавфиқ бериб қиёмат кунига қадар юртимизни тинчлик неъмати билан сийласин. 

 
А. БОЗОРОВ
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси
тафсир фани ўқитувчиси