Бугунги глобаллашув даврида инсон онги ва қалби учун кураш тобора кучаймоқда. Турли ахборот воситалари орқали инсонларга ҳар хил ғоя ва қарашлар сингдирилмоқда. Айниқса, ёшлар онгига таъсир ўтказишга қаратилган ёт ғоялар хавфи ортиб бормоқда. Шу боис огоҳлик бугунги куннинг энг муҳим талабларидан бири ҳисобланади.
Ёт ғоялар — жамият тараққиётига, миллий ва диний қадриятларга зид бўлган, инсонларни тўғри йўлдан оғдиришга қаратилган фикрлардир. Бундай ғоялар инсон онгини заҳарлаб, уни ўз илдизларидан узишга ҳаракат қилади. Ислом таълимотида ҳам бундай хавфлардан огоҳ бўлишга катта аҳамият берилган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Ҳалол ҳам аниқ, ҳаром ҳам аниқ. Улар орасида шубҳали нарсалар борки, кўпчилик уларни билмайди. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, у ўз динини ва обрўсини асрабди…” (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадис инсонни ҳар қандай шубҳали, номаълум ва зарарли таъсирлардан узоқ туришга, яъни огоҳ бўлишга чорлайди. Ёт ғоялар ҳам кўпинча ана шундай “шубҳали” кўринишда намоён бўлади.
Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Киши ўз дўстининг динидадир. Шунинг учун ҳар бирингиз ким билан дўстлашётганига эътибор берсин” (Абу Довуд ривояти).
Бу ҳадис орқали инсоннинг атроф-муҳити, ахборот манбалари ва мулоқот доираси унинг фикри ва эътиқодига катта таъсир кўрсатиши таъкидланади. Бугунги кунда буни интернет, ижтимоий тармоқлар ва турли гуруҳлар мисолида яққол кўриш мумкин.
Огоҳлик — бу нафақат ахборотни қабул қилиш, балки уни таҳлил қилиш, тўғри ва нотўғрисини ажрата билишдир. Илм олиш ҳам огоҳликнинг муҳим қисми ҳисобланади. Чунки ҳадисда: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир” дейилган. Илмли инсон ёт ғояларга осонликча алданмайди.
Ёшлар тарбиясида бу масала айниқса долзарб. Уларнинг онгида мустаҳкам эътиқод, соғлом фикр ва миллий қадриятларга ҳурматни шакллантириш — жамиятнинг муҳим вазифасидир. Ота-она, устоз ва жамият биргаликда ҳаракат қилсагина, ёшлар турли зарарли таъсирлардан ҳимояланади.
Хулоса қилиб айтганда, огоҳлик — инсонни ёт ғоялардан асрайдиган маънавий қалқондир. Ҳадислар ҳам бизга ҳар доим ҳушёр, эҳтиёткор ва илмли бўлишни уқтиради. Ана шундагина жамиятимиз тинч, барқарор ва равнақ топган ҳолда ривожланади.
Азамат Усмонов