Оқ сут — она меҳри ва поклик рамзи ҳисобланади. Бу ибора халқимиз орасида чуқур маънога эга. Она сути орқали инсон нафақат жисмонан, балки маънан ҳам озиқланади. Шунинг учун ҳам “оқ сут ҳақи” деган тушунча муқаддас саналади.
Она фарзандини дунёга келтиргач, уни ўз сути билан парвариш қилади. Бу сут орқали болага нафақат озуқа, балки меҳр, илиқлик ва ҳаётга бўлган илк муҳаббат ҳам улашилади. Шу боис, оқ сут поклик, софлик ва беғуборлик рамзи сифатида қабул қилинади.
Халқимизда “она сутидек оқ бўлсин” деган дуо бор. Бу дуо фарзанднинг ҳалол ва тўғри йўлда юриши, яхши инсон бўлиб етишишини англатади. Агар инсон нотўғри йўлга кирса, катталар “она сутига доғ туширма” деб огоҳлантирадилар. Бу эса она меҳри ва меҳнатини қадрлашга чақириқдир.
Ҳозирги кунда баъзи ёш оналар фарзандларини дунёга келтиргандан сўнг уни эмизишга етарлича эътибор бермайди. Улар фарзанд тарбиясида она сутининг аҳамиятини тўлиқ англаб етмасликлари мумкин. Ваҳоланки, фарзанднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишида она сути муҳим ўрин тутади.
Тадқиқотларга кўра, болани табиий равишда икки ёшгача эмизиш унинг соғлом ривожланишига ёрдам беради. Шунингдек, фарзандлар орасидаги ёш фарқининг меъёрда бўлиши ҳам оиланинг соғлом муҳити учун муҳимдир.
Хулоса қилиб айтганда, оқ сут — бу фақат озуқа эмас, балки она муҳаббати, тарбияси ва инсонийликнинг асосий манбаи ҳисобланади. Уни қадрлаш ва онага ҳурмат кўрсатиш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.
Хидоят Усмонова
Қарши туман бош имом хатибни - хотин қизлар масалалари бўйича ўринбосари