1448 йил 08 Жумодус соний | 2026 йил 18 ноябрь, Чоршанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:05
Sunrise
07:22
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:21
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

Ота соғинчи

7-05-2026, 09:39 137 Ўқиш режими + -

(Кўчар бобожоним хотирасига бағишлайман)
1941 йилда Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Бу уруш Ватанимиз учун оғир синов ва машаққатли йилларни бошлаб берди. Осмонни қора булутлар қоплади, гўдаклар йиғиси, аёллар фарёди, фарзанд доғида қон йиғлаган ота-оналарнинг оҳу ноласи бутун дунёни ларзага солди.
Кўчар бобожоним хонадонида 1938 йил 3 май куни юзи нурли, қалби иймонли, қомати келишган, гўзал чеҳрали бир ўғил дунёга келди. Унга Элмурод деб исм қўйишди. Бу фарзанд Кўчар бобожоним ва Менгнар моможоним оиласига нур ва қувонч олиб келди. Кўп ўтмай ушбу хонадонда қизалоқ дунёга келди ва унга яхши ният билан Ойбуви деб исм қўйилди.
Бир ўғил ва бир қиз фарзандли бўлган бу оила жуда бахтиёр эди. Гўёки уларнинг бахтига бутун дунё ҳавас қиларди. Аммо афсуски, орадан кўп ўтмай, қора кунлар бошланди. Ўзбекистон аёлларининг кўз ёшлари тинмай оқди. Юқоридан буйруқ келиб, Кўчар бобожоним ҳам урушга жўнатилди.
Икки нафар ёш фарзанд билан Менгнар моможоним қаҳатчилик ва оғир замонда ёлғиз қолди. Кунларнинг бирида Кўчар бобожонимнинг Ватан учун бўлган жангларда мардларча шаҳид бўлганлиги ҳақида қора хат келди. Бу мусибатдан Менгнар моможонимнинг фарёди бутун атрофни титратди. Ёш гўдакларнинг беайб тўкилган кўз ёшлари, ҳаётнинг оғир синовлари ва мусибатлари муштипар онанинг бағрини пора қилди.
Қийинчиликлар тобора кучайиб, баъзан ўн тўрт кунлаб оч қолган, яшаш кундан-кун оғирлашган бир пайтда Менгнар моможоним фарзандлари ота меҳридан баҳраманд бўлишини ўйлаб, иккинчи турмуш қуришга рози бўлди.
Аммо отажоним Элмурод учун ўгай отага меҳр қўйиш осон кечмади. Аммажоним Ойбуви эса Оʻроз бободан ота меҳрини топди. Кейинчалик оиладаги келишмовчиликлар сабабли Менгнар моможоним ўғли Элмуродни илм олиши учун Қарши шаҳрида яшовчи зиёли инсонлар — Абдураҳмон бобо ва Ранохон момо хонадонига топширди.
Элмурод отам у ерда устозларига сидқидилдан хизмат қилиб, уларнинг меҳри ва ишончини қозонди. Унинг юзидаги нур, ўткир зеҳни, фасоҳати ва илмга бўлган чанқоқлигини кўрган устозлари уни Тожикистонга таҳсил олиш учун юбордилар.
У ерда араб, тожик ва рус тилларини ўрганди. Шу билан бирга Қуръон илмидан ҳам мукаммал таълим олди. Кейин Ватанга қайтиб, оқила ва солиҳа аёл билан оила қурди. Уларнинг 11 нафар фарзанди — 3 ўғил ва 8 қиз фарзанди дунёга келди.
Менгнар моможоним ҳам бу дунёни тарк этди. Унинг иккинчи турмушидан эса 4 нафар ўғил фарзанд дунёга келган эди.
Ойбуви аммажоним ҳам бахтли оила қуриб, 5 ўғил ва 3 қиз фарзанднинг онаси бўлди.
Ота меҳрига тўймаган, очарчилик ва қийинчилик йилларини бошидан кечирган отажоним Аллоҳнинг инояти билан баракали касб эгаси бўлиб, бир нечта қишлоқларда имомлик қилди. Кейинги ҳаёти мазмунли, хайрли ва баракали ўтди.
У 11 нафар фарзанднинг меҳрибон отаси, 40 нафардан зиёд набира ва 30 нафарга яқин чевараларнинг севимли бобоси бўлди. Эл-юрт меҳрини қозонган Элмурод бобо 2009 йил 18 февраль куни соат 2:00 да омонат жонини Аллоҳга топширди.
Биз фарзандларига Қуръони карим илмидан сабоқ бериб, устозлик қилдилар. Токи юрагим уриб турар экан, танамда жоним бор экан, тилимда зикр такрорланар экан, ибодат қилишга куч-қувватим етар экан, Кўчар бобожоним, Менгнар моможоним, падарим мулла Элмурод бобо, Ватан йўлида шаҳид бўлган аждодларимиз ҳамда оғир кунларда отажонимга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатган Қарши шаҳридаги устозлар ҳақига доимо дуодамиз.
Бугун биз тинч ва осойишта юртда яшаяпмиз. Бу тинчлик осонлик билан келмаган. Қанчадан-қанча инсонлар Ватан учун шаҳид бўлган, қанчадан-қанча аёллар бева, болалар етим, оналар фарзанд доғида қолган.
Юртбошимиз ташаббуси билан Хотира ва қадрлаш куни ҳар йили муносиб равишда нишонланмоқда. 9 май — биз учун оддий сана эмас. Бу кун тарихни ёдга оладиган, ўтмиш сабоқларини эслайдиган, шаҳидлар хотирасига эҳтиром кўрсатадиган муқаддас кундир.
Кўчар бобожоним ва отажоним Элмурод бобонинг ҳаёт йўли бугунги ёшлар учун ҳақиқий ибрат мактабидир. Биз, отинойилар, ўз фаолиятимиз давомида келажак авлодга Ватан тинчлиги йўлида жонини фидо қилган аждодларимизнинг жасоратини етказишга, улар хотирасини эъзозлашга ҳисса қўшишимиз лозим.
Отам Элмурод бобо умрининг сўнгги лаҳзасигача Ватан учун шаҳид бўлган отасининг меҳрини қалбида ҳис қилиб яшади. У эл-юртига, халқига, фарзандларига ва яқинларига ҳалоллиги, илмпарварлиги ва юксак ахлоқи билан ўрнак бўлиб ўтди.

Кўчарова Онагул Элмуродовна
Қамаши тумани Ёртепа МФЙ отинойиси