Ислом дини битта бутун дин. Унда фирқаланиш йўқ. Айрим мутаассиб бўлган кишилар интернет тармоқларида мўъмин-мусулмонларни фирқаланишга тортмоқчи бўладилар.
Аллоҳ таоло барчамизни бирдамликка, ҳамжиҳатликка чақиради, ўзаро низо, адоватдан ва тарафкашликдан қайтаради. Бу ҳақда “Қуръони Карим”да Аллоҳ таоло:
“Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонни) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда”. (Оли Имрон, 103).
Пайғамбаримиз (с.а.в.): "Бани Исроил етмиш икки фирқага бўлиниб кетган. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади. Улардан фақат биттасигина тўғри йўлда бўлиб, ана ўшалар жаннатийдирлар. Қолганлари эса дўзахга тушади" дедилар. Шунда саҳобалар: "Жаннатий фирқа қайси?" – деб сўрашди. "Менинг ва саҳобаларимнинг йўлини тутган – аҳли сунна вал-жамоат фирқасидир", – деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга ҳидоят қилсин!
Руҳиддин Акбаров,
Қарши туман “Акбар халифа эшон ибн Мухтор” масжиди имоми