Барчамизга маълумки, оила жамият пойдевори. У умргузаронлик қилишнинг энг муҳим воситасидир. У сабабли эркак ва аёллар бахтиёр бўладилар ва унда кўзларнинг қувончи бўлган инсон зурриёти дунё келади. Аллоҳ таоло “Қуръони карим”да шундай марҳамат қилади: “Эй роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақвадорларга йўлбошчи қил...”.
Аллоҳ таоло берган солиҳа жуфти-ҳалол ва фарзандлари бор оила бахтиёрдир. Ана шу бахтиёр оиланинг янада мустаҳкам бўлиши учун керак бўладиган бир қанча омиллар бор.
Оила мустаҳкам бўлишининг бир омили оила аъзоларининг бир-бирлари билан меҳру-муҳаббатлик, ўзаро иноқ бўлишларидир. “Қуръон карим”да шундай дейилади: “Ва Унинг оят-белгиларидан бири сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратилганлиги ва ораларингизда меҳру-муҳаббат ва марҳаматни солиб қўйганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир” (Рум сураси, 21-оят). Ушбу оятнинг тафсирида: “Дарҳақиқат, оила қуришнинг асл сабабларидан бири эр-хотин бир-бирларидан сокинлик, ором топишларидир. Эр кундузлари рўзғорига нафақа топиш мақсадида ишлайди, кечқурун уйига чарчаб келади. Шунда унга аёлидек сокинлик бераоладиган ҳеч бир кимса бўлмайди. Мана шундай таскин сабабли у яна тетиклашади ва эртанги кунги касби учун янги ғайрат, янгишижоат олади. Шунингдек, оиланинг оғир-енгилликларини бирга кўтариш учун Аллоҳ таоло уларнинг ўртасига муҳаббатни ҳам солиб қўйди. Эр уйдан ташқарида оиланинг зарурий таъминоти учун машғул бўлса, аёл уйнинг тадбири ва фарзанд тарбияси билан машғул бўлади. Бу нарсалар уларнинг ўртасида ўзаро меҳри-муҳаббатни ҳосил қилади” дейилади.
Оилаларнинг мустаҳкам бўлишидаги яна бир омил оила аъзоларининг маънавияти-ахлоқли бўлишидир.
Маълумки, маънавият инсоннинг барча қарашларининг мезонидир. Инсоннинг барча қарашлари унинг ақли ва ундаги илмлар асосида юзага келади. Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган энг катта неъматлардан бири ақлдир. Ҳадисда шундай дейилади:“ Аллоҳ таоло яратган илк нарса ақлдир. Аллоҳ таоло унга, кел, деди. Келди. Сўнг, кет, деди. Кетди( яъни, итоат этди). Аллоҳ таоло:“Иззатим ва жалолимга қасамки, ўзим учун сен(ақл)дан ҳурматлироқ хилқат яратмадим. Сен (ақл)сабабли оламан, сен сабабли бераман. Сен туфайли мукофотлайман ва сен туфайли жазолайман”,-деди”. ( Табороний ривояти) Ақл инсонни ёмон ишлардан тўхтатиб туради, яхши ишларга боғлайди. Шу сабабли “ақл” сўзининг луғавий маъноси-боғич бўлиб, у инсонни нопок ҳаракатлар қилишдан, оилада ноўрин гап-сўз айтишдан тутиб туради.
Оила аъзоларининг маънавиятли, одоб-ахлоқлик бўлишида эса уларнинг илмли бўлишлари диққатга сазавордир. Илм инсон маънавиятидаги жоҳилликни, ёмон хулқларни тарк қилишга бошлайди. Бу ҳақда шоир шундай деган экан:
Жаҳолат иззат ва шараф уйин қулатар, Илм устунсиз уйнинг қаддин кўтарар.
Оила аъзоларининг маънавияти, ахлоқи ўша оиланинг турмуш тарзини белгилайди. Шу сабабли оилада маънавият ва ахлоққа катта эътиборни қаратмоқ лозим.