Сабр сўзи “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида: “Сабр-арабча сўз бўлиб, у чидам, бардош” –деб изоҳланади. Сабр асосан икки нарсага нисбатан бўлади. Бу икки нарсанинг бири мусибат бўлса, иккинчиси эса маъсиятдир. Мусибат бу айрилиқдир. Инсонинг бирор киши ёки нарсасини йўқотиши мусибатдир. Пайғамбар (с.а.в.): “Бир кишининг суюкли кишиси вафот этса, у бу мусибатга сабр қилса, унга бериладиган ажр жаннатдир” дедилар. (Бухорий ривояти). Инсон бирор нарса ёки кишисини йўқотганида: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” деб унга сабр қилади. Инсон бошига бало келганида сабр қилса, у гуноҳлардан пок бўлади. Бу ҳақда ҳадиси қудсийда: “Эй инсонлар, мен инсонлар орасида бирор кишини имтиҳон қилсам, у бу имтиҳон мендан эканлигини билиб, унга сабр қилса, ўша жойидан турмасиданоқ онасидан туғилган кунидагидек хато ва гуноҳлардан фориғ бўлади” дейилади.
Маъсият эса бу гуноҳ бўладиган ишлардир. Инсон ўз нафсини гуноҳ ишлардан тийишда сабр-қаноатли бўлиши лозим. Шундай қилса, у бу сабри учун катта ажру савоблар олади. Аллоҳ таоло:“Кимки, Парвардигорининг ( ҳузурида) туриши 9ва ҳисобот беришидан)дан қўрқса ва нафсини ҳаволанишдан қайтарса бас. Фақат жаннатгина (унга) макон бўлур” дейди. (Назиот сураси. 40-41-оятлар).
Ҳар бир нарсанинг калити бор. Масалан, жаннатнинг калити намоз, намознинг калити эса таҳоратдир. Хўш, хурсандчиликнинг калити нима?
Хурсандчиликнинг калити эса сабр-тоқатдир. Сабр-тоқат келгуси муваффақиятлар ва хурсандчиликлар калитидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз ( с.а.в.): “Сабр хурсандчилик калитидир” деб марҳамат қилдилар.
Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг сабр-тоқат бандаларидан қилиб, хурсандчилик неъмати билан барчамизни сийласин!
Руҳиддин Акбаров,
ЎМИ нинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими