Жонажон юртимиз буюк алломалар юртидир. Юртимизда етишиб чиққан буюк алломалар кўпчиликни ташкил қилади. Бу алломалар Бухоро, Самарқанд, Шош, Термиз, Насаф каби манзилларда таваллуд топганлар. Шундай буюк алломалар туғилган манзиллардан бири қадимий Пазда қўрғонидир.
Қарши шаҳридан 45 км ғарбда қадимда Пазда, (Базда) деб аталган тепаликда бор. Бу тепалик аслида қадимий қўрғон, қўрғон (қалъа)нинг йиллар ўтиши натижасида ҳосил бўлган тупроқ уюмидир. Тарихий манбаларда айтилишича, милоддан аввалги 1-аср ва милоднинг 13-асри бошларида Базда мустаҳкам қўрғон (қалъа) бўлган. Ас-Самъоний ( 1113-1167) “ Ал-Ансоб” ( Насабнома) асарида: “ Базда-Насафдан олти фарсах узоқликда Бухоро йўлида жойлашган катта қўрғон (қалъа)[1]” дейилади. Пазда савдо карвонлари ўтадиган Насафнинг чегара ҳудудидаги қалъа ва шу билан бирга аҳоли яшайдиган манзиллардан бири бўлган. Ҳозирги тепалик кўринишидаги Пазда қўрғони ҳақида Поён Равшанов ўзининг “ Қашқадарё тарихи” китобида шундай ёзади: “ Қадимий вайрона ( Пазда) эгаллаб ётган майдон жуда катта. Қадимий шаҳарнинг қолдиғи унинг тўғри бурчакли тарҳли бўлганлигини кўрсатади. Шаҳарнинг у буржидан бу буржи ўқ бўйлаб, кўндалангига эса 550 метрни ташкил этади. Шаҳарча пахса девор билан ўраб олинган, деворнинг баландлиги 4-5 метрдан иборат бўлган. Шаҳарчанинг жанубий қисми ўртасида баланд тепалик бор. У ҳам шаҳарчанинг ўзи сингари ўқ бўйлаб тўғри бурчак ташкил этади. Тепанинг баландлиги 20 метр, узунлиги 150 метр, кенглиги 100 метрдир. ... Базда куҳандизи 30 метрча келадиган сойлик билан ўралган, унинг атрофида чўкиб қолган баландлик, баландликка кейинги асрларда қурилган бинолар харобаси туташиб кетади. Ана шу айлана девор шаҳар монанд қадимий қишлоқнинг ибтидоий қисми, унинг шаҳристонидир. Шу хилдаги тарҳ, жумладан, Насаф харобаларида ҳам кузатилади. Шаҳарчанинг қолган қисми рабоддан ташкил топган бўлиб, бу шаҳар монад аҳоли манзилининг энг кейин қурилган бўлаги, у мўғуллар истилосига қадар ҳукм сурган. Базда, шу тариқа, эрадан аввалги 1-асрларда пайдо бўлиб, ўрта асрларда йирик шаҳар даражасига кўтарилади. У, “ нафақат йирик шаҳар ва савдо маркази эди, шу билан бирга, шубҳасиз, водий чегарасидаги қалъа вазифасини ҳам ўтаган[2]” дейди. Биз Пазда қўрғонини бориб кўрдик. Пазда манзилини кўздан кечирар эканмиз, уни қадимда катта қўрғон бўлганлигига амин бўлдик. Бизни бу кўҳна қўрғонга бошлаб келган Фазли қишлоғида яшовчи Усмонов Каромат ( 1954 йилда туғилган ): “ Бу Пазда қўрғонини кўҳна Фазли деб аталади. Қадимда Фазли қишлоғининг аҳолиси ана шу қўрғонда яшаган. Ана шу Базда қўрғони ёнида Фазли қишлоғининг “ Кўҳна Фазли” деган қабристони сақланиб турибди. Бу қабристонда ўз даврида Баздавий олимлар дафн қилинган деб эътироф этилади. Бу ерда аждодларимиз асосан чорвачилик билан шуғулланган. Ичимлик суви қудуқлардан олиниб, деҳқончилик учун сув бўлмаган.Сув танқислиги аҳоли учун ҳам чорва учун ҳам қийинчиликларни юзага келтиради. Шу сабабли аждодларимиз тахминан 14-15- асрларда Кўҳна Фазлидан ҳозирги Фазли қишлоғига кўчиб келишади. Ҳозирги Фазли қишлоғи эса Қашқадарёдан сув олиб келиш учун қулайроқ ҳисобланади. Шу имкониятдан фойдаланган аждодларимиз ҳозирги Фазли қишлоғига ариқ қазиб, сув олиб келишади. Бу ариқ қадимда Фазли ариғи аталган ” дейди.
Пазда қўрғони кўҳна Фазли эканлиги тарихчи олимлар томонидан тасдиқланган. Бу ҳақда Поён Равшанов юқорида зикр қилинган асарида: “ Қадимги Базда, кейинчалик Кўҳна Фазли деб аталиб кетган жойга тўғри келишини қадимшунос олим С.К. Кабанов томонидан айтилган. Лисоний жиҳатдан, Пазда ва Фазли ўртасида оҳангдошлик мавжуд эканлигини эътиборга олмай бўлмайди. С. К.Кабанов ҳам Кўҳна Фазли харобасини шаҳарча деб атайди[3] ” деб ёзади. Ҳозирги кунда Касби туманига қарашли бўлган Фазли қишлоғида 13 минг кўпроқ аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқнинг номи бўлган “ Фазли” атамаси аслида “ қалъа” маъносини англатади. Бу ҳақда жой номлари бўйича олим Тўра Нафасов шундай ёзади: “Фазли –Касби тумандаги шаҳарча. Қишлоқ ёнида қадимий харобалар ўрни Кўҳна Фазли, Кўшки Фузайл тарзида битилган. Тарихий манбаларда ҳозирги ном билан номнинг азалий шакли ўртасида кучли узилиш мавжуд. “ Агар сойдан ўқ отсалар шоядким, фасилға еткай”. “Абдулқуддус Кўҳбур каттабекнинг отаси фасил тубига чиқиб эди, фасилдин андоқ тош урдилар ...”. “ Андижонға борурлар, неча била хандаққа кириб фасилға шоту қўяр чоғда қўрғондағилар туярлар”. “Бобурнома” да муаллиф нутқидан қўлланган ушбу гапларда фасил сўзи девор, қалъа маъносида қўлланган. 10-19-асрлар тожик тилида фасил(а) сўзи қалъа ва ҳисор ( девор билан қуршалган қалъа) маъносида бўлган. Фазли номининг азалий шакли Фасил/Фазил тарзида бўлган, номга араб тилидан ўзбек ва тожик тилларидаги ўзлашган фасил сўзи асос бўлган[4]” деб изоҳлайди. Биз Паздавий олимлар яшаган қўрғонини кўздан кечириб, унинг ёнида жойлашган “ Кўҳна Фазли” қабристони томон бордик. Бу қабристонда қанча-қанча олиму фузалолар дафн қилинган. Ас-Самъонийнинг “ Ал-Ансоб” асарида Баздавий олимлар ҳақида шундай маълумот берилади: “Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Баздавий бу нисбат билан машҳурлардир. Фақиҳу Мовароуннаҳр» (Мовароуннаҳрнинг фақиҳи) ва "Устоз ал-аимма" (Имомларнинг устози) унвонларининг соҳиби. Тариқатда шайх бўлиб Абу Ҳанифа мазҳабида эдилар. Ўғиллари Абу Собит Ҳасан ибн Алидан Али ибн Абдулазиз ал-Бағавийнинг "Муснад" "китобларини ёзиб олганман. Ўғиллари ушбу китобни Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Бухорийдан ривоят қилганлар. Укалари Абул Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Баздавий "Қози ас-садр" (Қозиларнинг пешвоси) номи билан танилганлар. Бухорода имло ва фиқҳдан дарс берганлар. Ўғиллари Абул Маолий Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Баздавий Марвда қози эдилар. Абу Абдуллоҳ Убайдуллоҳ ибн Амр ал-Баздавий пешқадам муҳаддис олимлардан, Каъб ибн Саид ал- Қози, Аҳмад ибн Ҳафс ал-Ижлий ва Абу Ваҳб Муҳаммад ибн Музоҳимдан ҳадис ривоят қилганлар. Ўзларидан эса Абу Сулаймон Довуд ибн Нусайр ал-Бухорий ҳадис ривоят қилганлар. Абу-Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Наср ал-Баздавий, Убайдуллоҳ ибн Амр, Исо ал-Асқалоний ва Абу Исо ат-Термизийдан ҳадис илмидан таълим олганлар. Убайдуллоҳ ибн Амр ҳижрий 323 (милодий 936) йилда вафот этганлар. Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо ал-Баздавий - юқорида номлари зикр қилинган Абул Ҳасан ал-Баздавийийнинг боболари. Бу кишидан Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ал-Ғунжор ал -Ҳофиз ҳадис ривоят қилганлар[5]”. Маълумки, Паздавий олимлар халқимизнинг маънавияти соҳасида катта мерос қолдирган олимлардан ҳисобланишади. Айниқса, Абул-Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Баздавий ўзининг Имом Абу Ҳанифанинг “ Ал-Фиқҳ ал-акбар”, Имом ал-Бухорийнинг “ Шарҳ ал-Жамиъ ас-саҳиҳ” китобларига ёзган шарҳлари ва ҳанафия мазҳабининг турли масалаларига тааллуқли “ Ал-мабсут”, “ Ал-Амолий”, “ Заллат-ал-қорий”, “ Китоб ал-муяссар фил-калом”, “ Усул ал-Баздавий” каби асарлари билан машҳурдир.
Хулоса қилиб айтамизки, Ватанимизда ўз бағрида улуғ олим-у фузалоларни етиштириб чиқарган манзиллар кўп. Шундай манзиллардан бири Паздадир. У машҳур Паздавийларнинг юрти сифатида барчамиз учун қадрлидир.
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими
[1] Ас-Самъоний. А. Насабнома. ( Ал-Ансоб). Бухоро. “ Бухоро” нашриёти. 2003. 228-бет. [2] Равшанов. П. Қашқадарё тарихи. Т. Фан нашриёти. 1995. 95-бет. [3] Равшанов. П. Қашқадарё тарихи. Т. Фан нашриёти. 1995. 94-бет. [4] Нафасов . Т. Қашқадарё қишлоқномаси. Т.”Муҳаррир” нашриёти. 2009. 266-бет. [5] Ас-Самъоний. А. Насабнома. ( Ал-Ансоб). Бухоро. “ Бухоро” нашриёти. 2003. 228-бет.