Инсон вафот этса, унинг хонадони мусибатдор хонадон ҳисобланади. Мусибатдор хонадонга одатда таъзия билдириш учун борилади. « Таъзия» сўзи сабрга чақириш, юпатиш, каби маъноларни англатади. Таъзия бу-вафот этган кишининг аҳли оиласига яқинларига тасалли гапларни айтиш уларнинг қайғусига шериклик ҳамдардлик билдиришдир.
Марҳумнинг яқинига таъзия билдиришда: “ Нима бўлса, худонинг хоҳиши билан бўлади. Аллоҳ таоло ўтганларни раҳмат қилсин. Сизга сабр ва ажр берсин” каби тасалли сўзлар айтилади. Тазия марҳумнинг ҳамма яқинларига, каттаю -кичикларига билдирилади. Таъзия билдириш мусибатдор хонадонга ҳамдардлик бўлиши билан бирга катта савоб олинадиган амалдир. Ҳадисда: “Кимки мусибат етган кишига таъзия билдирса, унга ҳам мусибат аҳлига берилган савоб миқдорича савоб берилади» дейилади. Таъзия инсон дафн қилинган кундан бошлаб уч кундир. Ҳадисда:“ Ҳар бир киши вафот этган кишига уч кундан ортиқ мотам қилмасин.Фақат эри ўлган аёл тўрт ойу ўн кун мотам тутади”-дейилади. . Марҳумнинг жанозасига келолмай қолган кишилар шу уч кун ичида келиб таъзия билдириб кетадилар. Таъзия кунларида таъзия бир марта берилади, қайта-қайта таъзия билдириш ( макруҳ) маъқул эмас.Таъзия кунлари мусибат етган хонадонга қариндошлари, ҳамсоялари овқат қилиб ўтишлари фазилатдир.Ҳадисда: “Жаъфар оиласига таом қилиб киритинглар, чунки уларга кўнгилларига овқат қилишлик сиғмайдиган мусибат тушди”-дейилади. Таъзия кунлари кўчада йўловчиларнинг ҳаракатланишига ҳалақит бериб, у ерда ўриндиқлар қўйиб ўтирмасдан, марҳум хонадонида ўтириб таъзия олиш фазилатли ҳисобланади.
Таъзия билдиришда қуйидаги мақсадлар бор:
- Мусибатдорнинг мусибатини енгиллаштириш;
- Мусибатга бериладиган улкан савобни эслатиш;
- Мусибатдор кишига Аллоҳ таолонинг қазосига рози бўлишни эслатиш;
- Марҳум ҳақига дуо қилиш;
- Мусибатдорларни оғир пайтда қўллаб-қуватлаш;
- Мусибат пайтида ёддан кўтарилиши мумкин бўлган нарсаларни эсга солиш.
Таъзия билдиручи кишининг қуйидаги одоблари бор:
- Мусибат етган хонадонга ғамгин қиёфада бориш;
- Мусибат етган хонадонга оддийроқ, таъзия билдириш ҳолатига мос кийим кийиб бориш;
- Мусибат етган хонадонда хонадон мусибатига шерик бўлиб туриш;
- Мусибат етган хонадон аҳлига: “ Худо сизга сабр берсин, марҳумни мағфират қилсин” деган каби тасалли гапларни айтиб таъзия билдириш.
Таъзияга борувчи киши қуйидаги ҳолатлардан тийилмоғи лозим:
- Мусибат етган хонадонга жуда безаниб, очиқ-сочиқ бориш:
- Мусибат етган хонадонга хурсанд қиёфада ёки кулган ҳолда бориш;
- Мусибат етган хонадон аҳлига ҳазил қилиш;
- Мусибат етган хонадон аҳлига ноўрин ( масалан, эсиз, ёмон ўлди-да, беажал кетибди, уйи куйди, деган) гапларни айтиш;
- Мусибат етган хонадон аҳлини қойғусини зиёда қиладиган, сабрини тугатадиган гапларни гапириш;
- Мусибат етган хонадонда аҳлини тамашо қилгандек узоқ вақт уларнинг ҳатта-ҳаракатини кузатиш;
- Мусибат етган хонадонда узоқ вақт қолиш.
Мусибат етган хонадонга таъзия кунлари тугагандан сўнг “душанбалик, пайшанбалик, жума оқшоми ” деб одамларнинг тўпланиб бориши бидъат ишлардандир. Бу ишлар мусибатдаги хонадонни ортиқча ташвишга қўяди
Руҳиддин Акбаров,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятдаги вакиллиги ходими