Она — инсон ҳаётидаги энг улуғ неъмат. Унинг меҳрини ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб, дуосининг қийматини ҳеч қандай дунёвий манфаат билан тенглаштириб бўлмайди. Она фарзанди учун тунларни бедор ўтказади, оғриғини ичга ютиб, фарзандининг кулгисидан бахт топади. Шу боис халқимиз азалдан онани муқаддас билиб, уни эъзозлаб келган. Ислом динида ҳам онага бўлган ҳурмат ва яхшилик алоҳида юксак мақомга қўйилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Яхшилик қилишимга энг ҳақли инсон ким?» деб сўралганда, уч марта «онанг», деб, кейин «отанг», деганлар. Бу ҳадис онага бўлган эҳтиромнинг нақадар буюк эканини кўрсатади.«Жаннат оналар оёғи остидадир», деган машҳур ибора ҳам халқимиз қалбида онанинг мақоми нақадар юксак эканини ифодалайди. Бу сўзлар бизга онага яхшилик қилиш, унинг розилигини олиш, кўнглини оғритмаслик нақадар муҳим эканини эслатиб туради.Она розилиги — хонадонга барака, фарзанд қалбига хотиржамлик олиб келади. Онасининг дуосини олган инсон ҳаётда ўзини бахтли ҳис қилади. Чунки она дуосида самимият, меҳр ва фарзанди учун эзгу ният мужассам.
Афсуски, баъзан инсон кундалик ташвишлар билан онасининг ҳолидан хабар олишни, унинг ёнига ўтириб суҳбатлашишни, ширин сўз айтишни унутиб қўяди. Ваҳоланки, онага катта совғалардан кўра, унинг қўлини ушлаб, «Онажон, сиз борсиз — мен бахтлиман», деб айтиш ҳам қалбига олам-олам қувонч беради.Она кексайган сари унинг фарзандига эҳтиёжи ортади. Болалигимизда бизга қандай меҳр билан қараган бўлса, унинг кексалик даврида биз ҳам шундай меҳр, сабр ва эътибор билан ғамхўрлик қилишимиз лозим. Она биз учун қанча тунларни бедор ўтказган бўлса, биз ҳам унинг бирор эҳтиёжини оғриниб бажармаслигимиз керак.Айниқса, оилада фарзанд тарбиясида онанинг ўрни беқиёс. Она ўзининг одоби, ибодати, ширин муомаласи ва гўзал хулқи билан фарзандига намуна бўлади. Меҳрибон ва оқила она тарбиялаган фарзанд нафақат оиласига, балки жамиятга ҳам наф келтиради.
Бугунги ёш авлодга онани қадрлаш, ота-онанинг дуосини олиш, уларга хизмат қилиш каби улуғ қадриятларни сингдириш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Зеро, ота-онага қилинган яхшилик — фарзанднинг ўз келажагига қилинган яхшиликдир. Азиз оналар! Сизларнинг меҳрингиз билан хонадонларимиз файзли, дуоларингиз билан йўлларимиз нурли. Сиз бор экансиз, фарзанд учун уйнинг эшиги ҳам, қалбнинг эшиги ҳам доимо очиқ.
Азиз фарзандлар! Она тириклигида унинг қадрига етайлик. Кўнглини оғритмайлик, дуосини олайлик, хизматини шараф деб билайлик. Чунки дунёда кўп нарсани қайта топиш мумкин, аммо она меҳри ва унинг бағри каби бебаҳо неъматни ҳеч қаердан топиб бўлмайди.
Она — меҳр тимсоли. Она — хонадон файзи.Она — жаннат сари етакловчи буюк неъмат.
Шундай экан, оналаримизни доимо эъзозлайлик. Уларнинг оёқлари остидаги жаннатни ўз қўлимиз билан бой бериб қўймайлик.
Ш Абдуллаева, Шаҳрисабз туман бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари буйича ӯринбосари