1448 йил 07 Жумодус соний | 2026 йил 17 ноябрь, Сешанба.
ЎЗ UZ RU EN AR

Намоз вақти: Қарши

Fajr
06:04
Sunrise
07:21
Dhuhr
12:22
Asr
15:42
Maghrib
17:22
Isha
18:39


Намозни тўлиқ адо этинг. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир (Нисо сураси 103-оят)

МУСТАҚИЛ ЎЗБЕКИСТОНИМ — ТИНЧЛИГИНГ АБАДИЙ БӮЛСИН!

26-08-2026, 11:54 159 Ўқиш режими + -
Аллоҳ таолога Унинг улуғлиги ва буюклиги қадар ҳамду санолар бўлсинки, жонажон Ватанимиз — мустақил Ўзбекистонда тинчлик, осойишталик ва фаровонлик ҳукм сурмоқда. Маҳаллаларимиз обод, хонадонларимиз файзу баракага тўла, халқимиз эртанги кунга ишонч ва умид билан яшамоқда. Мана, юртимиз ўз мустақил тараққиёт йўлидан дадил одимлаб, улуғ ва шарафли сана — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигини қарши олмоқда. Ўттиз беш йил — тарих учун бир лаҳза, аммо халқимиз ҳаётида улкан ўзгаришлар, бунёдкорлик ва тараққиёт йиллари бўлди. Бу йиллар давомида миллий қадриятларимиз тикланди, маънавий меросимизга бўлган эътибор юксалди, халқимизнинг ўзлигини англаши ва Ватанга бўлган меҳри янада мустаҳкамланди. Мустақиллик — бизга берилган буюк неъмат. Унинг шукуҳли нафаси, барқарорликнинг мустаҳкам пойдевори, меҳр-оқибат ва бағрикенгликнинг илиқ руҳи юртимизнинг ҳар бир гўшасида намоён бўлиб турибди. Бугун инсонлар эртанги кунга ишонч билан қарайди. Фарзандларимиз қувонч билан илм олади, орзу қилади, ўз келажагини Ватан тараққиёти билан боғлайди. Мустақил юрт фарзанди бўлиш, эркин фикрлаш, озод ва фаровон ҳаёт кечириш, илм олиш ҳамда ўз орзу-истакларини рўёбга чиқариш — катта бахт ва улкан масъулиятдир. Деҳқонларимиз ерга меҳр билан уруғ сочиб, ўз меҳнатининг баракасини кўрмоқда.
Ҳунармандларимиз миллий санъатимизни дунёга намоён этмоқда. Ёшларимиз илм-фан, спорт ва касб-ҳунарда ўз иқтидорини намоён этмоқда. Дуогўй нуронийларимиз, саховатли ва меҳрибон инсонларимиз эса эзгулик ва мурувват билан жамиятимиз маънавий ҳаётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Мустақиллигимизнинг барқарор бўлиши, халқ дарди ва манфаатларининг устуворлиги, юртимиз тараққиёти ва инсон қадрининг юксалиши йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўрни беқиёсдир. Чегараларимиз дахлсизлиги, миллий хавфсизлик ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш, янги иш ўринларини яратиш, халқ турмуш фаровонлигини ошириш, ёшларнинг илм олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун яратилаётган имкониятлар — барчаси юртимиз келажагига бўлган юксак эътиборнинг ёрқин ифодасидир.Тарихий меросимиз, урф-одатларимиз ва миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, уларни авлоддан-авлодга етказиш, миллатлараро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш — барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.Аллоҳ таолонинг инсонларга ато этган буюк неъматлари ичида тинчлик ва саломатликнинг ўрни беқиёс. Зеро, тинчлик бор жойда тараққиёт, хотиржамлик бор хонадонда файзу барака, аҳиллик бор юртда эса буюк келажак бўлади.
 Шунинг учун ҳам Ватан тинчлигини асраш, унинг қадрига етиш ҳар бир юрт фарзандининг муқаддас вазифасидир.Киндик қони тўкилган она тупроқнинг қадрини эса ҳеч бир бойлик билан ўлчаб бўлмайди. Инсон дунёнинг қайси бурчига бориб яшамасин, унинг қалбида Ватанга бўлган меҳр ҳамиша яшайди:
Киндик қонинг тўкилган тупроқ,
              Ҳар ерда топилмас, зарга сотилмас.
              Ўзга юрт тупроғи кўринса юмшоқ,
              Ёт эллар сен учун Ватан бўлолмас.
              Эй, дўстим, Ватаннинг қадрини билгин,
              Юртингни дунё деб тикма савдога.
Ҳар нарсани бозорда сотишинг мумкин, Лекин Ватан йўқдир Ватангадога.
Бир сиқим тупроғинг алишмам, Ватан, Дубайга, Америка, Европага. Ёт элда руҳимни тарк этмасин тан, Танам тупроғингга қўйсанг майлига. 
Дарҳақиқат, Ватан — инсоннинг туғилган маскани, болалиги, хотиралари, аждодлари изи қолган муқаддас тупроқдир. Ватанни севиш — унинг ҳар бир қарич ерини, тинч осмонини, халқини ва миллий қадриятларини қадрлаш демакдир. Жонажон Ўзбекистонимизнинг таърифини қанча мадҳ этсак ҳам кам. Шоирларимиз қалами, ёзувчиларимиз сўзи Ватанимизнинг барча гўзалликларини тўлиқ ифода этишга ожизлик қилгудек. Буюк шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг Ватанга бўлган чексиз муҳаббатини ифода этган машҳур мисралари ҳам қалбимизда алоҳида туйғулар уйғотади: "Фақат ожиз қаламим маним,Ўзбекистон Ватаним маним". Бу сатрларда бутун бир халқнинг Ватанга муҳаббати, фахри ва садоқати мужассам.
Азиз Ватанимизнинг бугунги тараққиёти, ободлиги ва тинчлиги — барчамиз учун улкан бахт. Бу бахтни асраш, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш, фарзандларимиз қалбига Ватан муҳаббатини сингдириш эса ҳар биримизнинг эзгу вазифамиздир.
Бугун барчамизга байрам муборак! Азиз ва муқаддас Ўзбекистоним! Мустақиллигингнинг 35 йиллиги муборак бўлсин! Илоҳим, юртимизнинг тинчлиги ва осойишталиги абадий бўлсин! Ҳар бир хонадонга файзу барака, ҳар бир оилага бахт-саодат, ҳар бир қалбга хотиржамлик насиб этсин. Халқимизнинг бирдамлиги, меҳр-оқибати ва ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлсин.Юртимиз осмони доимо мусаффо, халқимиз аҳил ва бахтли, келажагимиз порлоқ бўлсин!


Г. Мавлянова, Шаҳрисабз шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари